Инновациялар ва инновацион фаолиятни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари

11 Ноябрь, 17:32 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 1012 марта кўрилди • Комментариев к записи Инновациялар ва инновацион фаолиятни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари нет

11 ноябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг олимлар, тегишли муассасалар ва ОАВлари вакиллари иштирокида “Инновациялар ва инновацион фаолиятни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаров олиб борди.

fraksiya1Йиғилишда инновация ва инновацион фаолият масалалари бўйича ҳуқуқий базани инвентаризация қилиш натижаларини кўриб чиқиш, “Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштириш, миллий инновация тизимининг шаклланиш жараёнини таҳлил қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ истиқболли вазифаларни белгилаш, инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш йўлида мавжуд бўлган муаммоларни ва уларнинг ечимларини аниқлаш, инновацион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича мавжуд механизмлар самарадорлигини баҳолаш масалалари кўриб чиқилди.

— Йиғилиш иштирокчилари томонидан Ўзбекистон миллий инновация тизимини янада ривожлантириш, хусусан, инновацион илмий-техника фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, жаҳон иқтисодиётининг тобора глобаллашуви шароитида Ўзбекистон Республикаси иқтисодий ривожланишининг инновацион стратегияни шакллантириш ва интеллектуал салоҳиятини ошириб бориш, инновацияларнинг ишлаб чиқаришдаги самарадорлигини янада ошириш; қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни кенг жорий қилиш; Ўзбекистон миллий инновация тизимиининг салоҳияти ва самарадорлигини баҳолаш; олий таълимда фан, таълим ва ишлаб чиқариш инновацион ҳамкорлигини мустаҳкамлаш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди, дейди Адолат СДП фракцияси аъзоси Қ. Жўраев.

fraksiya2Таъкидланганидек, мамлакатимизда инновацион лойиҳалар ва технологияларни амалга тадбиқ этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мазкур жараёнларга айниқса ёшларнинг жалб этилиши ва уларнинг ўз лойиҳалари ва ишланмалари билан фаол қатнашиши эътиборга молик.

Йиғилиш иштирокчилари ўз маърузаларида Ўзбекистон олимларининг юқори технологияларга асосланган илмий тадқиқотлари натижасида эришилган ютуқлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, мамлакатимиз олимлари томонидан иссиқлик техникаси, қуёш физикаси, микроэлектроника, пахта селекция, уруғчилик каби кўплаб соҳаларда салмоқли натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди.

fraksiya3Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП келажакда инновацияга асосланган миллий иқтисодиётни ривожлантиришни муҳим вазифа деб ҳисоблайди. Мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳияти иқтисодиётнинг мазкур йўналишда ривожланиши учун имкон яратади. Партия иқтисодиётни таркибий қайта қуриш, модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратади. Иқтисодиёт энг замонавий илм-фан ва техника ютуқларига, иқтисодий жараёнларни самарали бошқариш, илғор инновацион фикрлашни тарбиялайдиган таълим тизимига таяниши даркор.

“Адолат” СДП сайлов олди Дастурида белгиланганидек, Ўзбекистоннинг келажаги – инновацион иқтисодиёт ва инновацион ривожланишда деб ҳисоблайди. Модернизацияга асосланган янги иқтисодиёт ва янги технологиялар инсонга ва ижтимоий соҳага инвестициялар киритиш вазифасини қўяди. Буларнинг барчаси бизга фуқаролар учун янги иш ўринларини яратиш, янги касб-ҳунарларни ўрганиш, янги корхоналарни очиш ва кенгайтириш имконини беради. Инновацион лойиҳаларнинг амалга тадбиқ этилиши пировардида иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланиши ҳамда аҳоли фаровонлигининг ўсиши кафолатланади.

fraksiya4Йиғилиш давомида амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикр ва мулоҳазаларини ўрганган ҳолда Ўзбекистонда инновацион фаолиятни янада такомиллаштириш, илғор илм-фан ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига янада кенгроқ жорий қилиш ҳамда инновациялар ва инновацион фаолият соҳасидаги миллий қонунчликни такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Инновациялар ва инновацион фаолиятни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари was last modified: Ноябрь 11th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »