Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув

8 Ноябрь, 16:59 • Пресс-релизлар • 237 марта кўрилди • Комментариев к записи Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув нет

Матбуот хабари

Мамлакатимизда 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Шу кунларда сайловолди ташвиқоти доирасида ҳудудларда ўтказилаётган учрашувларда сайловчилар сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар ва уларнинг сайловолди дастури билан яқиндан ташиш, очиқ ва жонли мулоқот асосида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўлишмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг 8 ноябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашуви ҳам бошқа ҳудудларда бўлгани каби юқори савияда, сайловчиларнинг фаоллиги остида бўлиб ўтди.

Нурота тумани ҳокимияти мажлислар залида онлайн видеоконференция тарзида ўтказилган учрашувда туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан жами 2500 нафарга яқин сайловчи —давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, ёшлар, партия аъзолари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Р.Хайитов олиб борди. Наримон Умаровнинг ишончли вакили Алишер Навоий номидаги нашриёт давлат корхонаси директори С.Мансурова учрашувлар иштирокчиларини Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Н.Умаров даставвал Навоий вилоятининг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида сўз юритиб, бу замин аҳли қадимдан Қизилқумдек саҳро бағрида ўзининг захматли меҳнати, фидокорлиги ҳамда бунёдкорлик салоҳияти билан мана шундай обод ва гўзал диёрни ярата олган халқ эканлигини эътироф этди.

Президентликка номзод сайловчиларга “Адолат” социал-демократик партияси мақсад ва вазифалари асосида ишлаб чиқилган Сайловолди дастурининг асосий йўналишларини баён қилди. Дастурда илгари сурилган ғоялар халқчиллиги, ҳудудлардаги аниқ ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳамда уларнинг ечими юзасидан механизмлар белгилангани билан сайловчиларга манзур бўлди.

Жумладан, Н.Умаров мамлакатимиз келажаги – инновацион иқтисодиётда эканлиги, бутун дунёда фан ва технологиялар жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда фақат янги технологияларга асосланган иқтисодиётгина давлат қудратини ошириб, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Бу борадаги мақсадларни амалга ошириш учун номзод махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилишга доир режаларини маълум қилди. Мазкур ҳужжатда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, Инновация жамғармасини тузиш каби устувор вазифаларни белгилашни мақсад қилинган.

Шунингдек, Президентликка номзод сайловчилар эътиборини Навоий шаҳри республикамиздаги саноатлашган ҳудуд эканлигига қаратар экан, йирик саноат корхоналарининг шаҳар экологияси ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.

Жумладан, Н.Умаров экология соҳасини комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ этишини маълум қилди. Дастурда хусусан, табиатни саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дарахтлар сонини ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил зоналар барпо этиш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар белгиланишини қайд этди. Бу борадаги вазифалар айнан Навоий шаҳри ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш ҳамда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда долзарб аҳамият касб этиши хусусидаги фикрлар учрашув иштирокчилари томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Наримон Умаров иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтариб, мазкур учрашувлар аҳолининг реал эҳтиёжларини аниқлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг самарали ҳамда манзилли чора-тадбирларини ишлаб чиқишда айни муддао эканлигини таъкидлади.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзосиГ.Саттарова, Навоий кончилик касб-ҳунар коллежи директори Ш.Норов, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиали директори, Ю.Маликов, “Spark-advokatus” адвокатлик фирмаси юристи Ш.Фозилова ва бошқалар номзоднинг Сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайловчиларни Наримон Умаровга овоз беришга чақирди.

“Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимиз сайловчиларини “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровга овоз беришга чақиради!

 

Адолат СДП матбуот хизмати

Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув was last modified: Ноябрь 8th, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »