adolat bilimdoni

Адолат билимдони аниқланди

27 Декабрь, 11:08 • Тошкент вилояти, Янгиликлар • 311 марта кўрилди • Комментариев к записи Адолат билимдони аниқланди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан партиянинг “Куч адолатда!” лойиҳаси доирасида “Адолат билимдони” кўрик танловининг Тошкент вилояти босқичи Ўрта Чирчиқ тумани Ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўтказилди.

Танловни ўтказишдан асосий мақсад ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилишга эътибор қаратилди.

Тадбирни “Ёш адолатчилар” вилоят Кенгаши раиси Умид Шоумаров кириш сўзи билан очиб берди ва иштирокчиларга омад тилади.

Унда Бекобод шаҳар Саноат касб-ҳунар коллежи, Оҳангарон тумани Саноат касб-ҳунар коллежи, Ангрен шаҳар академик лицейи ва Ўрта Чирчиқ тумани Ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг ўқувчи ёшларидан иборат жамоалар иштирок этди. Жамоалар танлов Низомига кўра, “Таништирув”, “Сиёсий соҳадаги беллашув”, “Адолат тантана қилди!” мавзусидаги саҳна кўриниши ҳамда “Ташаббускор бўл” шартлари асосида беллашишди.

Жамоаларнинг шартлар бўйича чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатлилик тамойилига асосида баҳоланди.

Беллашувда барча гуруҳлар ўзларининг сиёсий-ҳуқуқий билим ва маҳоратларини кўрсатишга ҳаракат қилишди.

Мазкур танловнинг ўтказилиши жамиятда қонун устуворлиги ва барқарорлигига эришиш, мамлакатимизда эркин демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга кўмаклашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни янада такомиллаштириш, давлат ва жамият бошқаруви моҳияти ҳақида ёш авлодга тушунчалар бериш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда ёшларнинг иштирокини таъминлаш, ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий фаоллигини янада оширишда катта аҳамиятга эгадир.

Беллашувда Ўрта Чирчиқ туманининг “Парламент” жамоаси 1-ўринни, Ангрен шаҳар «Ёш адолатчилар» жамоаси 2-ўринни, Оҳангарон туманининг “Адолат посбони” жамоаси 3-ўринни эгаллашди.

— Бугунги танловда бизнинг жамоамиз ғолиб бўлганидан жудаям хурсандмиз. Албатта, мана шундай танловларнинг ўтказилиши биз ёшларнинг нафақат сиёсий-ҳуқуқий билимларимизни оширишга балки, кўплаб дўстлар орттиришга имкон берди, — дейди “Парламент” жамоаси сардори Адолат Алиева.

Танлов якунида ғолиб жамоалар Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Адолат билимдони аниқланди was last modified: Декабрь 29th, 2016 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »