Депутатлик гуруҳи эзгу ишлар ила банд

1 Декабрь, 17:36 • Навоий вилояти, Янгиликлар • 455 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутатлик гуруҳи эзгу ишлар ила банд нет

Халқ депутатлари Қизилтепа туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоларини туманда кўпчилик яхши танийди ва уларга ишонади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, “Адолат”чи депутатлар ўз ваколати доирасида жойлардаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш йўлида сидқидилдан фаолият кўрсатишяпти.

-Партия аъзолари, хайрихоҳлари сафининг кенгайиши биринчи навбатда депутатлар фаоллигига боғлиқ, -дейди мазкур депутатлик гуруҳи раҳбари, тумандаги 27-сонли умумтаълим мактаби директори Акмал Ансаров.- Шунинг учун ҳам гуруҳимиз аъзолари партиямиз ғоя ва дастурий мақсадлари доирасидаги тарғибот тадбирларини амалий ишлар билан мустаҳкамлашга, эл-юрт ишончини қозонишга ҳаракат қилишяпти. Бу борада сайловчилар мурожатлари юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, уларда кўтарилган муаммолар ижобий ҳал этилаётганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Муаммонинг эса катта-кичиги бўлмайди.

Жумладан, март ойида “Хўжа Ҳасан” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қалъаи Азизон” қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар хонадонларига электр энергияси етказиб бериш қониқарсиз аҳволда эканлигини баён этган ҳолда, муаммони ижобий ҳал этишда ёрдам беришимизни сўраб мурожат қилганди. Масалани атрофлича ўрганиб чиқдик. Маълум бўлшича, кейинги йилларда оилалар сони кўпайганлиги сабабли  бу ерда мавжуд трансфoрматор қуввати босимга дош беролмаётган экан.

Биз туман электр таъминоти идораси раҳбарига шу масалани ҳал этиш юзасидан депутатлик сўрови юбордик ва мурожаат ижобий ҳал этилди. Қишлоқ аҳолиси хонадонлари қўшни “Ўрта Қўрғон” қишлоғидаги  янги, юқори қувватли электр трансфарматорига улаб берилди.

Ҳа, туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи сайловчиларнинг ҳеч бир мурожатини эътибордан  четга қолдирмаяпти, уларда кўтарилган муаммоларнинг ҳал этилишига етарли даражада масъулият билан ёндашилмоқда.

Бундан тўрт ой муқаддам партия депутатлик гуруҳига  “Сарой” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ ота-оналар 6-сонли мактабгача таълим  муассасасини қайта реконструкция қилиш ва замонавий талаблар  даражасида жиҳозланишда  амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат этганди. Бу мурожаат ҳам атрофлича ўрганилди. Эски бинода жойлашган МТМ биноси ва ундаги шароит бугунги талабларга жавоб бермаётганлиги маълум бўлди. Туман хокимлиги,  халқ таълими ва молия бўлимларига депутатлик сўрови юборилди. Мактабгача таълим муассасини мукаммал қайта қуриш ва замонавий талаблар даражасида таъминлаш 2017 йил дастурига киритилди.

Партия депутатлик гуруҳи фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу эса ҳақиқатдан ҳам Акмал Ансаров, Нодира Атамуродова, Авера Раҳматова, Маъмур Каримов, Саид Жўраев ва Манзура Насруллаевалардан иборат гуруҳ аъзоларининг ҳар бири ўз  вазифасига катта масъулият билан  ёндашаётганлигидан далолатдир.

-Айни пайтда гуруҳимиз томонидан депутатлар туман Кенгашининг сессиясига тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар жумладан, савдо,  умумий овқатланиш сингари хизмат кўрсатиш объектларида электр энергияси исрофгарчиликнинг олдини олиш, тежамкорлигини таъминлаш  юзасидан таклиф тайёрланмоқда,-дейди партия депутатлик гуруҳи раҳбари А.Ансаров.- Бир сўз билан айтганда, гуруҳимиз аъзолари ўзларини туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаравонлигини   таминлашга қаратилган ислоҳотларга даҳлдор деб билган ҳолда катта масъулият билан меҳнат қилишяпти.

 

Олим ХЎЖАЕВ,

“Адолат” мухбири.

Депутатлик гуруҳи эзгу ишлар ила банд was last modified: Декабрь 1st, 2016 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »