fuqarolar murojaati

Фуқаролар мурожаати доимо эътиборда

29 Декабрь, 11:33 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Жиззах вилояти, Янгиликлар • 451 марта кўрилди • Комментариев к записи Фуқаролар мурожаати доимо эътиборда нет

Мамлакатимизда кечаётган демократик ўзгаришларнинг замонавий босқичида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг жойларда қонунлар ва бошқа давлат қарорлари ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишдаги роли ва масъулияти ортиб бормоқда.

Давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари ва тегишли сайлов округлари аҳолиси ўртасидаги мулоқотни амалга ошираётган партия гуруҳлари давлат ҳокимияти органлари очиқлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда партия гуруҳлари ўз партияларининг жойлардаги дастурий мақсадларини амалда рўёбга чиқаришнинг асосий функционал бўғинига айланмоғи лозим. Шу маънода бугунги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнлари партиянинг депутатлик гуруҳлари фаолиятини  янада кучайтириш, замон талабига мос янгича ёндашувлар билан ишлашни тақозо этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида жами 50 нафар депутат ҳамда партиянинг вилоят Кенгаши, Дўстлик, Жиззах тумани, Зарбдор, Зафаробод, Зомин, Фориш ҳамда Жиззах шаҳар Кенгашларида 8 та депутатлик гуруҳлари фаолият олиб бормоқда. Улардан 6 нафари Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, 36 нафари туман Кенгаши депутатлари ҳамда 8 нафари Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутатлари ҳисобланади.

Депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги аниқ вазифаларни ҳал этиш ишларига фаол таъсирини таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳудудларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ўз вақтида ва қонуний тартибда ечим топиш орқали депутатлар сайловчилар ишончини оқлашга, жойларда қонун устуворлигини таъминлашга эришадилар.

Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлиги ва масъулиятини кучайтириш замон талабига айланган. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалалари устида бош қотириб, зарур таклифларни илгари суришда умумий мақсадларимиздаги ҳаётий ва халқчил хусусиятларни ҳам намоён қила олишимиз лозим.

Аҳоли билан ҳамнафас ишлашда, айниқса тарғибот-ташвиқот ишлари жараёнида зарур масалаларни аниқлаб олиш имконияти туғилади. Бу борада депутатлик сўрови ва партия гуруҳи сўрови каби депутатлик назорати воситаларидан фаол фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ушбу масалаларни дастлабки кўриб чиқиш жараёнида тегишли доимий комиссиялар мажлисларида фаол иштирок этиш, шунингдек, партия дастурий мақсадларига эришиш ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ўз таклифларини доимий комиссия ва сессия муҳокамасига киритишда депутатлик гуруҳи аъзолари фаоллик кўрсатиб келишмоқда.

2016 йил мобайнида партиянинг вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари томонидан тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича асосланган тушунтириш бериш ёки ўз позициясини баён қилиш талаби билан жами 106 та депутатлик сўровлари юборилган. Улардан 17 таси қонун ва ҳукумат қарорларининг жойлардаги ижроси депутатлик назорати бўйича, 89 таси фуқаролар мурожаатлари асосида ҳал этилган шикоятлар бўйича киритилган депутатлик сўровларидир. Ушбу юборилган депутатлик сўровларининг 97 таси ижобий ҳал этилиб, қолган 9 та сўровни ҳал этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Сайлов округида ва сайловчилар билан ишлаш халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг энг муҳим вазифаларидан саналади. Сайловчилар билан мулоқот чоғида депутатлар аҳолининг маълум ижтимоий гуруҳлари манфаатларини аниқлашга ҳаракат қилишмоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда партия депутатлари томонидан ўтган давр мобайнида сайловчилар билан 212 та учрашув ўтказилди.

Шунингдек, турли тадбирларда 289 та чиқишлар қилинди. Бугун, айниқса, партия матбуотида депутатларнинг фаолияти ва ташаббусларини доимий равишда ёритиб бориш, партия етакчиларининг таҳлилий-танқидий руҳдаги материалларини кўпайтириш муҳим вазифа бўлиб турибди. Аҳолининг сиёсий партия ва депутатлар ҳақидаги тасаввури шаклланиши кўп жиҳатдан тарғиботга боғлиқ. Шу боис ОАВда ёритилаётган материалларда жойлардаги ижтимоий масалаларга партия депутатлари қандай муносабат билдираётгани, камчиликларни ҳал этиш борасида қандай ташаббуслар билан чиқаётгани аниқ кўрсатилиши лозим. Бу борада депутатлар томонидан умумий мазмундаги тадбирлардан қочиш, тарғибот таъсирчанлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Депутатлар томонидан Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида жами 207 маротаба чиқишлар қилинган. Фуқароларнинг турли масалаларда қилган мурожаатлари 324 та бўлиб, уларнинг ўз ваколатларидан келиб чиқиб, кузатган обектлар сони эса 168 тани ташкил этади. Жумладан вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан ўтган давр мобайнида жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича 24 та депутатлик сўровлари юборилди. Киритилган депутатлик сўровларининг 4 таси қонунлар, давлат қарорлари ижросини назорат қилиш тартибида, 20 таси фуқаролар мурожаатлари асосида бўлиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Депутатлик гуруҳи аъзоларининг ҳар бири бу ишга масъулият ва жиддийлик билан ёндашиб келмоқда.

Фуқароларнинг ички йўлларни таъмирлаш, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, қиш мавсумида йўлларнинг носозлиги оқибатида ноқулайликлар пайдо қилаётгани ҳақида қилган мурожаатлари юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан депутатлик гуруҳи аъзоси Нигора Бозорбоева фуқаролар мурожаатлари асосида туман ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўрови билан чиқиб, Ғаллаорол туманидаги Лалмикор-Маржонбулоқ йўналишидаги “Маржонбулоқ суви” сиҳатгоҳидан темирйўл бекатигача энлиги 4,5 метр бўлган йўлнинг 530 метр қисмини  таъмирлашга эришилди. Таъмирлаш ишларига 73 млн 939 минг сўм маблағ ажратилди. Депутатлик гуруҳи аъзолари тиббиёт соҳасида ҳам юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш борасида аҳолига кўмак бериб келмоқдалар.

Жумладан, Зомин тумани Даштобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Кўчаров, Пахтакор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Абдуқодировалар соғлиги ёмонлашганлиги сабаб, даволанишларида ёрдам беришни сўраб депутатлик гуруҳи аъзоларига мурожаат қилишган. Уларнинг мурожаатлари ўрганилиб, фуқароларнинг моддий жиҳатдан кам таъминланганлигини эътиборга олган ҳолда туман тиббиёт бирлашмаларига депутатлик сўрови билан мурожаат қилиниб, улар зарурий дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминланди ҳамда ўз ҳудудидаги шифохоналарга даволаниш учун ётқизилди.

Бу борада депутатлик сўрови ва партия гуруҳи сўрови каби депутатлик назорати воситаларидан фаол фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ушбу масалаларни дастлабки кўриб чиқиш жараёнида тегишли доимий комиссиялар мажлисларида фаол иштирок этиш, шунингдек, партия дастурий мақсадларига эришиш ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ўз таклифларини доимий комиссия ва сессия муҳокамасига киритиш лозим.

Партиянинг вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан “Мактабда ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида мактаб ўқувчилари ҳамда ота-оналар ўртасида ўқувчиларнинг кийиниш маъданияти юзасидан мониторинг ўтказилиб, Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссиясига “Мактаб ўқувчиларининг кийиниш маданияти, умумтаълим мактабларида асоссиз равишда ортиқча маблағлар йиғиш тўғрисида”ги масала киритилишига эришилди. Бу масала доимий комиссия ишида кўриб чиқилиб, доимий комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқиш учун тақдим қилинди.

Шунингдек, депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан вилоят, шаҳар ва туманлар “Сувоқова” давлат унитар корхоналари фаолиятини ўрганиш юзасидан мониторинг ўтказилганда ушбу корхоналар фаолиятида юзага келаётган камчиликлар аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, вилоят Кенгашининг “Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизматлар кўрсатиш бўйича доимий комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 мартдаги “2015-2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарорининг Жиззах вилояти шаҳар ва туманларидаги ижроси тўғрисидаги масала кўриб чиқиш учун такдим қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Доимий комиссиялар ишида вилоят халқ таълими бошқармаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси, молия бошқармаси, вилоят Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси, Давлат санитария эпидемиология назорат маркази, “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари” ОАЖ вилоят ҳудудий бошқармаси, “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси вилоят бўлими, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи” инжиниринг компанияси мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитуви ташкил қилинди. Ушбу масалалар Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан ҳам доимий комиссия ҳамда сессияларда кўриб чиқиш учун тақдим қилинган.

Партиямиз дастурий ғоялари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, бошқарув идоралари олдига долзарб масалаларни қўйиш, юзага келган муаммоларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши сессиялари кун тартибига киритиш ва ижобий ҳал этиш маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар ва депутатлик гуруҳларининг фаоллигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Сиёсий партия илгари сураётган ғояларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш кўп жиҳатдан партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасига катта масъулият юклайди ҳамда ўз фаолиятларининг самарадорлиги ортишида катта хизмат қилади.

Жасур Қаршиев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши мутахассиси

Фуқаролар мурожаати доимо эътиборда was last modified: Декабрь 29th, 2016 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »