Инсон манфаатлари – олий қадрият

19 Декабрь, 17:19 • Муҳим хабарлар, Тошкент шаҳри, Фракция, Янгиликлар • 442 марта кўрилди • Комментариев к записи Инсон манфаатлари – олий қадрият нет

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ва партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги ҳамда Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқадиган партия ва унинг депутатлик корпуси олдидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Н. Умаров олиб борди.

Йиғилишда давлатимиз янги раҳбарининг ҳар иккала маърузасида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаб берган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттиришга қаратилган ниҳоятда кўпқиррали ва ўта муҳим устувор вазифалар илгари сурилганлиги ҳамда уни амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этишлари зарурлиги эътироф этилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққан фракция аъзолари Президентимиз маърузасида алоҳида қайд этилган қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларини яратиш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар, қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаётгани, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолаётгани ҳақидаги танқидий фикрларидан тегишли хулоса чиқариш ва ушбу масалага жиддий ёндашиш зарурлигига эътибор қаратишди.

Таъкидланганидек, партия Сайловолди дастурида белгиланган асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан мувофиқлаштириш, шунингдек, қонуности ҳужжатларининг сони ва доирасини қисқартириш борасидаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари бундан буён ҳам партия депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолади.

Қабул қилинаётган қонунларни халққа, ижрочиларга етказиш, уларни ижросини таъминлаш механизмларини янада кучайтириш, жумладан, “Парламент назорати тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларда белгиланган ваколатлардан фойдаланиб, парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда тегишли масалалар юзасидан мансабдор шахслар эшитувини тизимли равишда ташкил этиш, амалга оширилган ишларни партия нашрларида ёритиб бориш зарур.

Шу билан бирга, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги вазифалардан келиб чиқиб, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти ҳамда адвокатура фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлиш ва уларни қўллаб-қувватлаш партия фракциясининг диққат марказида бўлмоғи лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Фракция аъзолари Президентимизнинг шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари кенгашларида тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш тизимини жорий этиш борасидаги таклифлари ҳам парламентнинг оддий халқ оммаси билан янада яқинлашишга, самаралироқ мулоқотга киришишга, уларнинг дардини эшитишга, жойлардаги ижро ҳокимиятининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилишини алоҳида эътироф этдилар. Бу жойлардаги ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни чуқурроқ ўрганиш, уларни ўз вақтида бартараф этиш, қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиш самарадорлигини оширишига ишонч билдирдилар.

2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш назарда тутилаётгани ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилишга доир устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим рол ўйнайди. Зеро, партия дастурида илгари сурилганидек, бундай тартиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг, суд-ҳуқуқ соҳасида расмиятчиликка ва коррупцияга қарши кураш олиб боришнинг муҳим кафолати ва зарур шартидир.

Қўшма йиғилишда сўзга чиққан партия фаоллари Президент маърузасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва ҳудудий Кенгашларида доимий асосда фаолият олиб борадиган “Халқ қабулхоналари” ҳамда партия расмий веб-сайтида вертуал қабулхона ташкил этилиши лозимлигини таъкидлаб, ушбу механизм аҳолининг кенг қатлами ва электорат билан алоқаларни янада яқинлаштиришини қайд этишди.

Қолаверса, Юртбошимизнинг маърузаларида соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида илгари сурилган таклифлар ҳам барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг дастурий вазифалар ижросини таъминлашдаги масъулиятини янада оширишга ундайди.

Шунингдек, 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши муносабати билан партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг келгуси йилга мўлжалланган иш режаларини тузишда эътибор қаратилиши зарур бўлган йўналишлар бўйича фикр-мулоҳалар алмашилди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон “Адолат” СДП ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.

“Адолат” СДП матбуот хизмати

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »