Ислоҳотларнинг мантиқий давоми

30 Декабрь, 17:37 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Муносабат, Янгиликлар • 326 марта кўрилди • Комментариев к записи Ислоҳотларнинг мантиқий давоми нет

Бугунги кунда демократик қадриятлар устуворлигини тан олган мамлакатлар, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя килади. Зеро, демократик ва ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий мақсади ҳам мамлакатда яшовчи ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши кафолатларини таъминлашдир.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг етарли ҳуқуқий тизими, меъёрий асослари яратилган.  Умумэътироф этилган нормаларга мос равишда демократик қадриятларнинг Конституциямизда белгилаб қўйилиши бу масалага мамлакатимизда нақадар юқори эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради. Шу билан бирга республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкамроқ таъминлаш, янада ишончли ҳимоялаш каби олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш лозим, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор вазифа сифатида қараб келинмоқда.Айниқса бу масалага мамлакатимиз раҳбари томонидан мунтазам равишда алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Бунга бир мисол тариқасида 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб белгиланишини келтириб ўтиш мумкин. Айни кунларда жорий йил ва яқин келажакда бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли Давлат дастури ҳамда мамлакатимизни янада тараққий этиши стратегияси ишлаб чиқилмоқда.

2016 йилнинг 28 декабрь куни мамлакатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур Фармон мамлакатимизда бу соҳада амалга оширилган бир қатор ўта муҳим ва катта аҳамиятга эга саъй-ҳаракатлар самараси натижасида юзага келди. Жумладан 2016 йилнинг сентябрь ойида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси қисқа давр мобайнида аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали фаолият кўрсатиш механизмига айланди. Мазкур виртуал қабулхонага сал кам икки ярим ой мобайнида келиб тушган қарийб 218 мингта мурожаатларнинг таҳлиллари шуни кўрсатдики, деярли барча соҳаларда, хусусан тадбиркорликни ҳимоя қилиш ва янада қўллаб-қувватлаш, соҳанинг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой-коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш борасида бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган бўлса-да, уларнинг жойларда тўғри ва самарали ижро этилмаслиги ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Бу эса ўз навбатида халқ орасида давлат органларига нисбатан муайян норозиликларни туғдирмоқда. Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида давлат органларининг мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда, уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларида расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларига доир қатор тизимли камчиликлар аниқланди.

Мазкур Фармон халқ билан мулоқот қилиш, мурожаат этувчиларни қабул қилиш тизимида мутлақо янгича ёндашувни жорий этди. Хусусан республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасини очиш белгиланган. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бундай қабулхоналарнинг очилиши, албатта, аввалом бор Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ билан янаям яқинроқ бўлишига, халқнинг ўзи сайлаган Президенти билан эркин мулоқот қилишига ва, энг асосийси, халқ томонидан кўтарилаётган ҳар бир масала ва саволнинг кўриб чиқилиши кафолатланишига хизмат қилади. Ўйлайманки бу давлат органлари халқнинг бугунги куни билан ҳамнафас бўлиб яшашга хизмат қилади. Ахир муҳтарам Президентимиз томонидан бежиз халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши лозимлиги ҳақида ғоя илгари сурилмади.

Халқ қабулҳоналарига келиб тушаётган мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга қаратилган бир қатор омиллар мазкур Фармонда белгилаб берилган. Шунингдек, Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмасида Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматини тузиш белгиланган. Шу билан бирга барча даражадаги Халқ қабулхоналари ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг ходимлари ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги, ҳатто энг чекка қишлоқларда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган ҳар бир мурожаатнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти девони томонидан назорат қилиб ва мувофиқлаштирилиб борилиши, айниқса масъул ходимларнинг бевосита жойлардаги ижро ҳокимияти органларига бўйсунмаслиги, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради.

Умиджон Сулаймонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Ислоҳотларнинг мантиқий давоми was last modified: Декабрь 30th, 2016 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »