ixtirochi

Ихтирочиларнинг янги қурилмаси

19 Декабрь, 12:05 • Андижон вилояти, Ёш адолатчилар, Янгиликлар • 816 марта кўрилди • Комментариев к записи Ихтирочиларнинг янги қурилмаси нет

Андижонда ўзининг зукколиги ва билимдонлиги билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Айниқса, инновацион лойиҳалари билан устозлари ишончини оқлаётган талабалар янги-янги ғоялар ва ташаббус билан чиқиб, ўз иқтидорларини намоён этмоқда.

Бугунги кунда илм-фан ва техникани янгиликларсиз тасаввур этиш қийин. Инновацион иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, янги ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни амалиётга жорий этишга бўлган эътибор кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланишига хизмат қилмоқда. Бу борада юқорида айтганимиздек, ёш олимлар ва иқтидорли талабаларнинг фаоллиги ошиб бораётгани янада қувонарли.

Андижон қишлоқ хўжалик институтидаги изланувчан ихтирочилар томонидан таклиф этаётган лойиҳалар амалиётга тадбиқ этилаётгани бунинг ёрқин далилидир. Кейинги йилларда институт инновацион маркази фаолияти ривожланиб, аъзолар сони ортиб бормоқда. Ёш олимлар қаторида иш олиб бораётган иқтидорли талабаларнинг қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги ишланмалари соҳа ривожида катта аҳамиятга эга.

Амалдаги йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли Жаҳонгир Маматходиевнинг доривор магнолия ўсимлигини иқлимга мослаштириш, Ойжамол Имайдинова таклиф этган бодом кўчатини тез ривожлантириш ва Достонбек Мамадалиев яратган чархпалак ҳаракатини тезлаштириб, муқобил энергия манбаи яратишга қаратилган ишланмалар мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди.

Иқтидорли талабаларга устозлик қилаётган олимларнинг бу борадаги фаолияти янада ибратли. “IХ инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” ярмаркасида кўпчиликда қизиқиш уйғотган фойдаланилмай ётган ерлардан самарали фойдаланишда қўлланадиган ёмғир ва қор сувларини тўплаш (аккумуляция) қурилмаси ҳам улар томонидан яратилди.

Агар сиз адир ерларда боғ яратишни истасангиз энди муаммога ўрин йўқ. Чунки сув билан таъминлаш имконияти яратилди. Кўп йиллик кузатишлар хулосаси сифатида тоғ ва тоғ олди жойларидан фойдаланиш коэффицентининг ўта кичиклиги уларни изланишга ундади. Камсув мевали дарахтлар, асосан бодом ва хондон писта учун мавсумда бир маротаба сув бериш етарли эканлиги ўрганилгач, шунга мос равишда куз-қиш мавсумида қор ва ёмғир сувларини йиғувчи қурилма ихтиро қилдилар. У биринчи навбатда ўрмон ва фермер хўжаликлари ҳамда якка тартибда деҳқончилик билан шуғулланувчиларга мўлжалланган.

Сиз ер майдонингизнинг ҳажмини айтсангиз бас. Ихтирочилар шунга мос аккумляция резервуарини тайёрлаб беради. Баҳоси қамраб олинадиган майдоннинг ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади.

Лойиҳанинг дастлабки натижаси сифатида Андижон туманидаги адирликка 500 литрли резервуар ўрнатилиб, фойдаланиш йўлга қўйилди. Натижада 0.5 гектар бўш турган майдонда бодомзор ташкил этилмоқда

Ҳонобод шаҳарчаси, Жалақудуқ тумани ва қўшни вилоятлардаги бир неча фермер хўжаликлари билан 45 миллион сўмлик шартнома имзоланди. Бу келгусида ушду лойиҳа кенг оммалашишини кўрсатади.

— Инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиздан бири, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси Паттохон Асханов. — Чунки бу давр талаби. Айниқса, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг олдини олади. Шу сабаб ихтирочиларнинг бу борадаги таклифларига алоҳида эътибор қаратилиб, қўллаб-қувватланмоқда.

Партиямиз сайловолди дастуридан ўрин олган инновацион ишланмаларни ривожлантириш борасида Андижонда олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар партиядошларимизнинг фаоллиги ўсиб бораётганидан даракдир.

Акбаржон Назаров,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби

Ихтирочиларнинг янги қурилмаси was last modified: Декабрь 21st, 2016 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »