Абадиятга дахлдор буюк ислоҳотчи

31 Январь, 12:07 • Депутат минбари, Муносабат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 581 марта кўрилди • Комментариев к записи Абадиятга дахлдор буюк ислоҳотчи нет

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида инсон ва унинг манфаатлари йўлида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқарди, Ўзбекистонимиз эркин, озод ва жаҳонда ўзининг муносиб ўрнига эга мамлакатга айланди.

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни мустабид тузум қарамлигидан халос этиб, уни замонавий асосда ривожлантириш стратегиясини, жаҳонда тараққиётнинг «ўзбек модели» деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, халқаро миқёсда катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида мангу қолади. Халқимиз ўзининг тарихан қисқа давр – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори халқимиз иродасининг, хоҳиш-истагининг ёрқин ифодаси бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Халқимиз Ш.Мирзиёв томонидан Биринчи Президент Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида махсус қарор тайёрланаётганлиги тўғрисидаги эълон қилингандан кундан бошлаб, ушбу қарорни сабрсизлик билан кута бошлади ва у имзолангандан сўнг катта хурсандчилик билан қарши олди. Таъкидлаш жоизки, ушбу тарихий қарорни эълон қилишдан олдин унга пухта тайёргарлик кўрилди. Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг қалбидан чуқур жой олган Биринчи Президентимизнинг сўнмас хотирасини абадийлаштириш бўйича вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мамлакатимиз фуқароларидан кўплаб таклифлар тушди. Ана шу таклифларни жамлаш, умумлаштириш ва саралаш ишлари изчиллик билан олиб борилди.

Қарорда кўзда тутилган тадбирлардан бири — улуғ Юртбошимизга ҳайкал ўрнатиш масаласини олайлик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги қарорига мувофиқ мазкур ҳайкални яратиш мақсадида халқаро даражада танлов эълон қилинди. Эндиликда ушбу ҳайкал Самарқанд, Қарши ва Тошкент шаҳарларида ўрнатиладиган бўлди.

Биринчи Президентимизнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги қарорнинг ҳар бир банди жамиятимиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Қарорга мувофиқ барпо этиладиган аксарият маскан ва иншоотлар Ислом Каримовнинг амалий фаолияти билан бевосита боғлиқлигини кўришимиз мумкин.

Масалан, Самарқандда ташкил этиладиган Ислом Каримов уй-музейини олайлик. Маълумки, Биринчи Президентимиз Самарқандда туғилиб, вояга етганлар Қолаверса, у кишининг Самарқанддаги мақбараси ҳозирда том-маънода табаррук зиёратгоҳга айланди десак, муболаға бўлмайди. Бу ерга зиёрат қилиш учун келаётган одамларнинг сони кўпайиб боряптики, лекин камаяётгани йўқ. Мен ҳам халқимиз қатори улуғ Юртбошимиз қабрларини зиёрат қилар эканман, Қуръон тиловат қилиб, дуо ўқилгандан сўнг, нимадир етишмаётганини ҳис қилдим. Чамамда, Ислом Каримовнинг амалий фаолияти, бой мероси тўғрисида ҳикоя қилувчи лавҳалар, тушунтиришлар етишмасди. Мана энди, юқоридаги қарорга мувофиқ барпо этиладиган музей ана шу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади. Ташриф буюрувчилар, энди Биринчи Президентимиз мемориал комплексини зиёрат қилиш билан бирга, уй-музейга ҳам ташриф буюриб, у ерда Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли тўғрисида тўлақонли маълумотга эга бўлишлари мумкин. Айниқса, улғайиб келаётган ёш авлод тарбияси учун бунинг аҳамияти беқиёсдир.

Қарор асосида Тошкент давлат техника университетига И.Каримовнинг номи берилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, бу ерда Биринчи Президентимиз таҳсил олганлар. Қолаверса, ушбу ўқув даргоҳини реконструкция қилиш ишларига ҳам бевосита раҳбарлик қилганлар. Фарғона шаҳридаги Санъат саройига ҳам Ислом Каримов номи берилиши жуда ўринли бўлди. Чунки бу ерда амалга оширилган барча бунёдкорлик ишларининг ташаббускори ҳам, унга бош-қош бўлган ҳам Биринчи Президентимиздир.

Айниқса, Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилиши кўпчиликка манзур бўлди. Ушбу илмий-маърифий мажмуада Ислом Каримовнинг бой меросига бағишлаб, илмий анжуманлар, конференциялар ва симпозиумлар ташкил қилиш билан бирга ўзбек давлатчилигининг тарихи, бугунги куни, шунингдек, истиболдаги тараққиёт йўналишлари бўйича турли тадбирлар ўтказиш мумкин.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда кенг жамоатчилик муҳокамаларидан мамлакатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ташаббуси билан эълон қилинган мамлакатимизнинг 2017-2021 йиллардаги тараққиётини белгилаб берувчи устувор йўналишлар бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси қабул қилингандан сўнг уни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ўрганишга бағишланган тадбирларнинг бир қисмини ушбу илмий-маърифий масканда ташкил қилиш ҳар томонлама ўринлидир. Зеро, Ҳаракатлар стратегияси Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчиллик билан жорий қилинган тараққиётнинг “ўзбек модели” мантиқий давоми ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг И.Каримов хотирасини абадийлаштириш чора тадбирлари тўғрисидаги қарори биз депутатлар зиммасига ҳам бир қатор масъулиятли вазифаларни юклайди. Яъни, эндиликда биз халқ вакиллари сифатида жойларда аҳолининг кенг қатлами билан ўтказадиган учрашувларимизда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини халқимизга кенг тушунтиришимиз у кишининг хотирасига бағишлаб юртимизда ўтказилаётган тадбирларда ҳам фаол иштирок этишимиз керак. Зеро, Биз ҳаммамиз буюк юртбошимиз Ислом Каримов хотираси олдида қарздормиз.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Абадиятга дахлдор буюк ислоҳотчи was last modified: Январь 31st, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »