Буюк Йўлбошчимиз хотирланди

31 Январь, 18:08 • Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 428 марта кўрилди • Комментариев к записи Буюк Йўлбошчимиз хотирланди нет

Мустақил Ўзбекистон меъмори, улуғ давлат ва сиёсат арбоби, халқимизнинг суюкли фарзанди, Биринчи Президентимиз — Ислом Каримовнинг таваллуд куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкилотлари томонидан шу муносабат билан жойларда учрашув ва тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Тошкент давлат педагогика университетида “Эҳтиром ва эъзоз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари, университет раҳбарияти, префессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар мустақиллигимиз меъмори, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси, у кишининг сермазмун ҳаёти ва фаолиятининг ёш авлод тарбиясида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритишди.

Эътироф этилганидек, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг қалбидан чуқур жой олган Биринчи Президентимизнинг сўнмас хотирасини абадийлаштириш мақсадида 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Қарорда юртимизнинг бир қанча диққатга сазовор жойларига Буюк Йўлбошчимизнинг номини бериш, Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида у кишининг ҳайкалини ўрнатиш белгилаб қўйилган.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов ва Сиёсий Кенгаш аъзоси З.Ботировалар Ислом Каримовнинг мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги оқилона сиёсати, бутун дунёга машҳур тараққиётнинг “ўзбек модели” асосчиси сифатида айниқса, мамлакатимизда қонун устуворлиги ва кучли ижтимоий сиёсат тамойилининг ҳаётимизда қарор топтириш йўлидаги улкан ташаббуслари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Эътироф этилганидек, Биринчи Президентимиз мамлакатимизни мустақил, деб эълон қилган биринчи маърузасидаёқ Ўзбекистоннинг бундан кейинги сиёсати инсонпарварлик ва эзгулик тамойилларига асосланишини аниқ-равшан белгилаб берган.

Истиқлол йилларида Буюк йўлбошчимиз ташаббуси билан соҳибқирон Амир Темурнинг “Куч – адолатда”, деган ҳикмати бизга ўзининг бутун мазмун-моҳиятини кенг очди. Юртбошимиз бу пурмаъно нақлни янада ривожлантириб, “Адолат – қонун устуворлигида”, деб таъкидлар экан, худди шу ҳаётий тамойилга қатъий амал қилиб яшашимиз зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Аслида ҳам шундай. Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳам аслида ҳар бир фуқаронинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланиши, яъни адолатнинг қарор топиши демакдир.

Мустақиллигимиз меъморининг “Нимаики қонуний бўлса, у – адолатлидир”, “Айнан қонун адолат манбаи ва мезонидир”, “Халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди” каби ҳаётий фикрларига ҳамоҳанг равишда бугунги кунда амалга ошираётган туб ислоҳотларимизнинг мазмун-моҳиятига адолат, ватанпарварлик ва юксак инсонпарварлик тамойиллари сингдирилганлигини янада теран англамоқдамиз.

Ана шундай тадбирлардан яна бири Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорликда ҳам ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, олимлар ва санъаткорлар ҳамда партия фаоллари буюк йўлбошчимизнинг ижтимоий соҳада амалга оширган ислоҳотлари, жумладан таълим соҳасини ислоҳ қилишдаги ташаббусларини эътироф этишди. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг қарори билан Ислом Каримов таҳсил олган олий ўқув юрти сифатида Тошкент давлат техника университетига у кишининг номи берилганлиги таълим муассасаси профессор ўқитувчилари ҳамда у ерда таҳсил олаётган талабаларга фахр-ифтихор бағишлаши баробарида, улар зиммасига шу номга муносиб бўлишдек улкан масъулият ҳам юклаши қайд этилди.

Тадбирда Ислом Каримовнинг шонли ҳаёт йўли ва фаолиятини акс эттирган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Ташкилотчилар томонидан тайёрланган дастур тадбир иштирокчиларида катта таассурот уйғотди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

матбуот хизмати

Буюк Йўлбошчимиз хотирланди was last modified: Февраль 14th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »