Фарзандлар келажаги йўлида

20 Январь, 11:31 • Ёш адолатчилар, Жиззах вилояти, Янгиликлар • 359 марта кўрилди • Комментариев к записи Фарзандлар келажаги йўлида нет

Урушларнинг инсоният тарихида нечоғлик мудҳиш из қолдириши нафақат кекса авлод вакилларига, балки жаҳоннинг бошқа ҳудудларида содир бўлаётган қонли тўқнашувлар орқали бугунги ёш авлодга ҳам кундек аён бўлиб бормоқда. Оламни ларзага солаётган диний экстремизм, терроризм ва ахборот хуружлари дунё мамлакатлари учун қанчалар хавфли экани, бу хунрезликларнинг минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Вайрона шаҳар ва қишлоқлар, қонга беланган бегуноҳ гўдаклар, уларнинг жасади устида кўз ёш тўкаётган ота-оналар, етим қолган болалар, очлик ва хорлик… Мана, диний экстремизм ва терроризмнинг асл қиёфаси. Яратган тафаккур берган инсониятнинг инсонларга хос бўлмаган қилмишлари, уларнинг тафаккурга муҳтожлиги ҳақидаги “Тафаккур эҳтиёжи” фильми ҳам шу каби воқеликларни ўз ичига олган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 январдаги мажлис баёни билан тасдиқланган дастур бандлари ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоят ҳокимлигининг “Фуқаролар йиғинларида диний экстремизм, миссионерлик, “оммавий маданият” билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини ташкил этиш тўғрисида”ги чора-тадбирлар режасига биноан жорий йилнинг январь ойи мобайнида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ва бошқа сиёсий партиялар, шунингдек, бошқа жамоат ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлари ҳамкорлигида вилоятдаги барча фуқаролар йиғинларида тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Мазкур тадбирларда мавзуга оид маърузалар билан бир қаторда йиғилганлар эътиборига юқорида келтириб ўтилган ҳужжатли фильм намойиш қилинмоқда.

Жумладан, худди шундай тарғибот тадбирлари Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги “Олтин водий”, “Ғолиблар”, Ғафур Ғулом, Бобур, “Янгибўстон”, “Чинобод” , “Зарафшон”, “Бахтли” каби фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши матбуот котиби Узоқбой Рисқулов, Жиззах вилоят ахборот кутубхона маркази Ҳасанбой Муҳаммадиев ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари диний экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатлари, айрим фуқароларимизнинг билиб-билмай уларнинг домига тушиб қолаётгани ниҳоятда ачинарли эканлигини таъкидлашди. Шу билан бирга, терроризм ва қўпорувчилик каби ёвуз иллатлар бугун баъзи дунёқараши тор ёшларни ўз гирдобига тортиб кетаётгани боис, бунинг олдини олиш мақсадида касб-ҳунар коллежларини битирган ва маҳаллаларда вақтинча ишсиз юрган ёшларга тадбиркорлик билан шуғулланишлари, уларни иш билан таъминлашга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ҳам фикр-мулозалар билдиришди.

  • Бу каби тарғибот тадбирларнинг ўтказилиши барчамиз учун айни муддао бўлди. Бугунги кунда оила, маҳалла ва таълим муассасаси ўртасида ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш, фарзандларнинг бўш вақтларини тўғри тақсимлашни назорат қилишимиз зарур, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Арнасой туман бўлинмаси раиси Исоқ Авалбоев. – Ёшларимизнинг бундай аянчи ҳолатларга тушиб қолмасликлари учун энг аввало, уларнинг бўш вақтларини қандай ўтказаётганликлари, кимлар билан дўстлашаётганини ёки мулоқот қилаётганликларига жиддий эътиборда бўлмоғимиз лозим.

Йиғилишда билдирилган фикрлар ва мунозаралардан шундай хулосага келинадики, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишларини таъминлаш, юртимизда улар учун яратилган барча имкониятлардан самарали фойдаланиши, турли фан ва спорт тўгаракларига жалб қилиб, илм ўрганиб, бирор бир касб-ҳунарнинг эгаси бўлишида яқиндан ёрдам кўрсатишимиз зарур. Токи маънавияти юксак халқнинг фарзандлари диний экстремизм, қўпорувчилик ва “оммавий маданият” каби иллатлар таъсирига тушмай, миллий ва маънавий қадриятларимиз асосида вояга етсин.

Ўз ўрнида, бундай тадбирларнинг ташкил этилиши ёшларимиз камолида, уларнинг тўғри йўлдан боришида ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли,

“Аёллар қаноти” Кенгаши аъзоси

 

Фарзандлар келажаги йўлида was last modified: Январь 20th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »