Ҳаракатлар стратегияси партия фаолларининг қизғин муҳокамасида

27 Январь, 16:10 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 463 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳаракатлар стратегияси партия фаолларининг қизғин муҳокамасида нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилни Ўзбекистонда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани юртимизда инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг ҳимоя қилинишини кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Бунда, айниқса, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳасининг ишлаб чиқилганлиги инсон манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги янги қадам бошлаб берилганлигидан далолат беради. Ушбу лойиҳага кўра, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳаси тайёрланди ҳамда у умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда туман ташкилотлари раисларининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегияси” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистонни ривожлантириш Ҳаракатлар Стратегияси лойиҳаси мамлакатимизнинг яқин ва ўрта истиқболи, юртимиз келажагини ҳамда халқимиз фаровонлигини белгиловчи дастуриламал эканлиги алоҳида қайд этилди.

2017−2021 йилларга мўлжалланган стратегиядан кўзланган мақсад — олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга оширишдан иборат.

Одилжон Аманов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси в.б.:

— Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Сабаби бу лойиҳа орқали юртимиз фуқаролари нафақат ўзлари балки умуммиллий аҳамиятга молик турли жабҳаларда учрайдиган муаммолар ечими юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришлари мумкин. Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, келгуси беш йил мобайнида юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда, амалга оширилади.

Йиғилишда мазкур лойиҳанинг ишлаб чиқилиши ва такомилига етказилишида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан илгари сурилган кўплаб таклифлар инобатга олинганлиги партия ҳамда унинг депутатлик корпуси олдига катта масъулият юклаши таъкидланди.

Тадбир якунида партия фаоллари жорий 2017 – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” ҳамда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегияси”  асосида амалга оширилиши лозим бўлган асосий фаолият йўналишлари юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олишди.

Феруз ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »