Ҳунарманд сафдошларимиз аҳоли бандлигини таъминламоқда

27 Январь, 14:49 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Андижон вилояти, Янгиликлар • 257 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳунарманд сафдошларимиз аҳоли бандлигини таъминламоқда нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон туман Кенгашининг 2016 йилда ўтказилган йиғилишларидан бирида, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашда партиядошларимиз ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг иштироки масаласи кўрилганди. Шунда ҳар бир маҳаллага масъуллар бириктирилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш  асосий вазифа сифатида белгиланди.

— Харабек қишлоғидаги Саддатаги маҳалласига масъул қилиб бириктирилганман, — дейди партиядошимиз, туман ҳокимининг ўринбосари Нодирахон Махмудова. – Шу сабаб ҳар бир оилага кириб бордим. Оилавий тадбиркорлик ва бу борада давлатимиз томонидан яратилган қулайликларни фуқароларга тушунтирдим. Натижада ўндан ортиқ оилаларда оилавий тадбиркорлик йўлга қўйилди.

Албатта, кейинги йилларда давлатимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани уларнинг сафи кенгайишига олиб келмоқда. Айниқса, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчилар ташаббус билан чиқиб, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётгани эътиборли. Айни вақтда бу оилалар фаровонлигини оширувчи муҳим йўналиш сифатида кўзга ташланмоқда. Улар яратган маҳсулотлар нафақат юртдошларимизни, балки хорижликларни ҳам ўзига мафтун этмоқда.

Юқорида айтганимиздек, Саддатаги маҳалласида бундайин яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз фаолиятини ривожлантириб бораётганлар кўплаб топилади. Бу борада гап кетганда, маҳалланинг чевар келинлари, номини олган Зулфияхон момо оиласи албатта, биринчи бўлиб тилга олинади.

Чевар момо ярим асрдирки миллий услубда кўрпа-тўшак ва аёллар кўйлакларини тикиш билан шуғулланади. Ҳунармандлар кўргазмаларида доим иши юқори баҳоланади.

– Келиним Хажалхон мендан ўзиб кетди, — дейди Зулфия момо тикув машинасида ишини давом эттирар экан. – Фақат буюртма асосида ишлаяпти. Набира келинларим Назокатхон ва Дилдорахонлар ҳам ўз касбининг устасига айланган. Ишсизликни муаммо қилганларни сира оқламайман. Кимки ҳаракат қилса, ўша яхши яшайди.

Бугунги кунда онахон бошлаган анъанани учинчи авлод вакиллари давом эттирмоқда. Ҳар ойда ўртача бир миллион сўмлик иш бажараётганларини ҳисобга олсак, оила бюджети ошиб бораётгани яққол кўзга ташланади. Янги барпо этилган уйлар, узоғини яқин қилаётган енгил автомашина ана шу меҳнатлар самараси.

Хажалхон Маматқулова бошчилигида оилавий чеварлар ҳам замонавий, ҳам миллий услубдаги маҳсулотлари билан мижозлар ишончини қозонмоқда. Ҳунармандлар кўргазмаларида уларнинг ишлари юқори баҳоланмоқда. Муҳими, чеварлар сулоласининг саъй-ҳаракати билан кўплаб қизлар ҳунарли бўлмоқда.

Зулфия момонинг изидан бориб, ўз ҳунарини ёшларга ўргатаётган ҳунарманд сафдошларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Бу миллий ҳунармандчилигимиз ривожи ва аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашга хизмат қилаётгани қувонарли.

Акбаржон НАЗАРОВ

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »