Мамлакатимиз мустақиллиги асосчиси бўлган инсон – юракларимизда мангу яшайди

31 Январь, 16:55 • Муносабат, Муҳим хабарлар, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 452 марта кўрилди • Комментариев к записи Мамлакатимиз мустақиллиги асосчиси бўлган инсон – юракларимизда мангу яшайди нет

Ислом Абдуғаниевич Каримов – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, юртимизда амалга оширилган улкан ишлар раҳнамосидир. Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбобидир. Демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифидир. У марказий ҳокимият ва унинг жойлардаги бўғинларини ислоҳ қилиш, давлат, жамият ва инсон муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган янги сиёсий-ижтимоий тизим тамойилларини ишлаб чиқди ва амалга оширди.

Халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимизни, урф-одатларимизни, бебаҳо тарихий меросимизни ҳаётга қайтаришни давлат сиёсати даражасига кўтарди.

Инсонларнинг тафаккурини ўзгартириш, уларнинг онгида янги миллий ғоя, миллий мафкура асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ишига раҳнамолик қилди. Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, уни сақлаш ҳамда мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди.

Моҳият-эътиборига кўра, мутлақо янги таълим-тарбия тизими — Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастурини яратиш ва уни амалга оширишда бевосита етакчилик қилди.

Умуман олганда, Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо қилиш, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратди, мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини ишлаб чиқди, юртимизнинг ёруғ истиқболи йўлида кўпмиллатли халқимизни бирлаштириб, уни улуғ мақсадлар сари бошлаб борди.

Халқимизнинг самимий тилаклари ва хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматларини инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида 2016 йилнинг октябрь ойида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасида жойлашган жомеъ масжидига “Ислом ота жомеъ масжиди” деб ном берилгани барчамизга маълум.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрда “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш чора-тадбирлари режасини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилиб, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуасини барпо этиш, мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ҳайкаллар ўрнатиш, Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш ва Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини ҳам ушбу манзил бўйича жойлаштириш, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейини ташкил этиш, шунингдек, Тошкент давлат техника университетига, Асака шаҳридаги автомобиль заводига, Фарғона шаҳридаги Санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номини бериш, бундан ташқари ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь кунини Хотира куни сифатида ёд этиш вазифалар белгиланди.

Шунингдек, ушбу саналар муносабати билан оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритиш, олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини жорий этиш, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш, Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган махсус почта маркаларини чиқариш каби вазифалар ҳам белгиланди.

Халқимизнинг неча йиллик орзу-истакларини рўёбга чиқарган, мамлакатимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида бош бўлган буюк давлат арбоби, Юртимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотираси юракларимизда мангу яшайди.

Дилшунос АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП,

Сирдарё вилояти Кенгаши раиси

Мамлакатимиз мустақиллиги асосчиси бўлган инсон – юракларимизда мангу яшайди was last modified: Февраль 3rd, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »