Озод ва обод Ватан меъмори

31 Январь, 14:44 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 465 марта кўрилди • Комментариев к записи Озод ва обод Ватан меъмори нет

Юртимизнинг кўп асрлик тарихида ўз Ватанининг тақдири, халқининг эрки, ёшларининг эртанги кун келажаги учун қайғурган ҳаттоки ўз жонини фидо қилган инсонлар, давлат арбоблари хотираси мангуликка абадийлаштирилган, халқимиз қалбида ўчмас из қолдирган.

Шубҳасиз, истиқлол йилларида мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик, миллатлараро тотувликни асраб-авайлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлашдек буюк ишлар Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқ.

Халқимиз ўзининг тарихан қисқа муддат – 25 йилда эришган улкан ютуқ ва марраларини ҳақли равишда Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг хизматлари, деб билади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган теран иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар Президентимиз Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон: миллий мустақиллик, иқтисод, сиёсат, мафкура», «Биздан озод ва обод Ватан қолсин», «Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли», «Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишининг асосий тамойиллари», «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида», «Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда», «Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шарт­лари ва тараққиёт кафолатлари» ва бошқа асарларида ўз аксини топган. Зотан, Ўзбекистоннинг танлаган тараққиёт йўли конституциявий мезонларга асосланган, мамлакатимиз аҳолисининг хоҳиш-иродасини ўзида мужассам этган. Халқимизнинг миллий урф-одат ва анъаналари, донишмандлиги, азалий қадриятларимиз сингдирилган тараққиётимизнинг «ўзбек модели» очиқ ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, бозор иқтисодиётига асосланган кучли ҳуқуқий-демократик давлат барпо этишдан фуқаролик жамияти қуришгача бўлган улкан босқични қамраб олади.

Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбоби, юртимизда амалга оширилган улкан ислоҳотлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамоси сифатидаги хизматлари асрларга татигуликдир. Зеро, халқимиз турмуш тарзи, ҳаётидаги мазкур иқтисодий, сиёсий, ижтимоий янгиланишлар ҳеч шубҳасиз юртдошларимизнинг маънавий юксалиши, фаровон ҳаёти, эртанги кунга бўлган ишончида ўз аксини топди.

Айниқса, халқимизнинг самимий тилаклари ва хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани барчамизни бирдай қувонтирди.

Шубҳасиз, мазкур қарор Биринчи Президентимиз номини абадийлаштириш, Ватанимиз ва халқимизга бахшида ҳаёти, серқирра фаолиятини халқимиз, айниқса барча ўғил-қизларнинг ёдида мангу сақланиб қолиши, улар Ватанимизни, мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаши, тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиши, юртимиздаги ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаши – бу барча юртдошларимиз каби ёшларнинг ҳам бурчи экани, буюк давлат арбоби бошлаб берган эзгу мақсадлар йўлида бирлашишини таъминлашга хизмат қилади.

Мустақилликнинг 25 йиллиги даврида Ўзбекистон хом-ашё етказиб берувчи давлатдан ишлаб чиқариши ривожланган давлатга айланиб, ўтган йиллар натижаларига кўра дунёда энг тез ривожланаётган бешта давлатлар қаторида турганлиги давлатимиз иқтисодий салоҳияти қанчалик ошганлигини тасдиқлаб турибди. Худди шунингдек, Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнига эга бўлди. Бугун давлатимиз ҳар қандай хорижий давлат билан тенг ҳуқуқлиликка, ўзаро ҳурматга асосланган халқаро муносабатларга киришмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, юртимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди. Ислом Каримов томонидан пухта ишлаб чиқилган иқтисодий стратегия туфайли мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши 34 фоизга етгани, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўринни эгаллаб турган нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларнинг жадал ривожланаётгани илмий ва амалий жиҳатдан пухта амалга оширилган сиёсатнинг меваларидир.

Ватанимизнинг дунё рейтингларида йилдан йилга обрўси ошиб бормоқда. 12 йилдан бери иқтисодий ривожланишимиз 8 фоиздан тушмай келмоқда. Шу боис Ўзбекистон дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига чиқаётир.

Айниқса, дунёда ўхшаши кам бўлган Сургил комплекси, Ангрен-Поп темир йўлидаги дунёда узунлиги бўйича 13, қурилишининг мураккаблиги бўйича 8-ўринда турадиган 19,2 километрлик туннелнинг очилиши, Тошкентдан Бухоро шаҳрига «Афросиёб» тезюрар поезди ва Фарғона водийсига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган вагонлардан иборат йўловчи поездининг йўлга қўйилиши мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан халқимизга тўйга тўёна бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда «ўзбек модели» деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихи ва халқимиз қалбида мангу қолади.

Фарҳод АБДУЛЛАЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси

Озод ва обод Ватан меъмори was last modified: Февраль 3rd, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »