Қалбларда мангу ва барҳаёт

31 Январь, 17:31 • Жиззах вилояти, Янгиликлар • 439 марта кўрилди • Комментариев к записи Қалбларда мангу ва барҳаёт нет

Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши, иқтисодий юксалиш йўлига қадам қўйишида, жаҳонда ўз ўрни, ўз нуфузига эга бўлишида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳиссаси беқиёс. Улуғ элнинг буюк ўғлони Ислом Каримов нафақат дунё майдонида етакчи сиёсий арбоб, балки бутун жаҳонда иқтисодий инқироз хавфи юзага келган вақтда етук иқтисодчи эканлигини ҳам намоён этган, буюк аждодларимиз номи ва хокини азиз тутган мўътабар шахсдир.

Айни кунларда Биринчи Президентимизнинг таваллуд санаси муносабати билан мамлакатимиздаги барча ташкилот, муассасалар ва маҳаллаларда ўтказилаётган хотира маросими ва тадбирларда Ислом Каримов халқимизнинг ардоқли  фарзанди, мустақиллигимиз асосчиси, давлат ва жамоат арбоби сифатида тилга олиниб, халқимизнинг фаровонлиги йўлидаги буюк хизматлари эътироф этилмоқда.

Жумладан, худди шу каби тадбирлардан бири Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши ташаббуси билан Жиззах давлат педагогика институти қошидаги “Сайилжой” академик лицейи маъмурияти билан ҳамкорликда “Буюк юртнинг буюк даҳоси доим қалбимиздасиз” мавзусида ташкил этилди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси янгради. Сўнгра йиғилганлар Ислом Каримов хотираси учун бир дақиқалик сукут сақлаб, ҳурмат бажо келтиришди.

“Сайилжой” академик лицейининг кафедра мудири, Халқ депутатлар Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Дилбар Ҳакимова ўзининг “Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг буюк хизматлари” тўғрисидаги маърузаси билан  очиб берар экан, Биринчи Президентимизнинг ҳаёт йўли тўғрисида қисқача тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг юртимиз мустақиллиги ва тинчлиги, ёшларимиз келажаги йўлида, мамлакатимизнинг иқтисодиёти ва саноатини ўстириш борасида олиб борган оқилона сиёсати, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасини тубдан ўзгартириш, бунёдкорлик ишларининг амалга оширилишидаги беқиёс хизматлари, таълим-тарбия, маънавият ва маърифат, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш юзасидан чиқарган фармон ҳамда қарорлари, уларнинг натижалари хусусида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Шу билан бирга, бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, айнан бизнинг юртимизда фарзандлар комиллиги учун қилинаётган амалий ишлар бардавом эканлиги, буларнинг замирида унинг ҳиссаси улкан эканлигини ҳам таъкидлаб ўтишди.

Тадбирда академик лицей ўқувчиларининг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Презденти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти, ёзиб қолдирган асарлари бўйича ўзбек, рус ва инглиз тиллардаги бадиий чиқишлари ҳамда тақдимотлари намойиш қилинди. Шунингдек, лицейнинг ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси томонидан Биринчи Президентимиз таваллуд топган кунига бағишлаб ташкил қилинган “Иншолар танлови” ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Тадбир давомида Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолиятини кенг ёритиб берувчи ҳужжатли фильм намойиш қилиниб, Йўлбошчимизнинг ҳаёт ва фаолият йўли барча талаба ёшларда ўзига хос ёрқин таассурот қолдирди.

Аминманки, юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтган бу каби тадбирлар халқимизнинг асл ўғлони ва буюк фарзанди бўлган Йўлбошчимиз Ислом Каримовга ватандошларимизнинг меҳр-муҳаббати, ҳурмат-эҳтироми чексизлигидан, қолаверса, ушбу буюк зотнинг Ватанимиз ривожи йўлида амалга оширган фидокорона хизматларига бўлган юксак эҳтиромдан, улуғ сиймонинг қалбимизда мангу ва барҳаёт эканлигидан далолат беради.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

“Аёллар” қаноти фаоли

Қалбларда мангу ва барҳаёт was last modified: Январь 31st, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »