Буюк давлат ва сиёсат арбоби хотирасига бағишланди

31 Январь, 12:35 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 445 марта кўрилди • Комментариев к записи Буюк давлат ва сиёсат арбоби хотирасига бағишланди нет

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти ташкилотларида ҳам кўтаринки руҳ билан кутиб олинди. Шаҳар ва туман Кенгашларида, бошланғич партия ташкилотларида мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, Ватанимизни мустабид тузуми қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклаган инсонни ёдга олиб, қатор тадбирларни амалга оширилди.

Ўтказилган давра суҳбати маърузаларида буюк йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирганлиги қайта-қайта қайд этилди.

Сирожиддин Жамолов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Уйчи туман кенгашининг раиси:

– Партиямизнинг бир қатор фаоллари билан маслаҳатлашиб, Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб, унинг таваллуд айёми арафасида ёшлар билан учрашув ўтказишни режалаштиргандик. Бу фикримизни вилоят партия Кенгашидаги сафдошларимиз ҳам қўллаб-қувватладилар. Тадбирга олдиндан пухта тайёргарлик кўрдик. Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди. Ундан юртбошимиз қаламига мансуб асарлар, у ҳақда газета-журналларда чоп этилган мақолалар, фотосуратлар ва бошқа ҳужжатлар ўрин олди. Уларни учрашув қатнашчилари зўр эътибор билан кўздан кечирганликлари диққатга сазовордир. Учрашувга эса биз туман марказидаги қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиларини таклиф этдик.

Тадбирда, энг аввало, мамлакатимизда мустақилиик йилларида қўлга киритилган улкан ютуқларга тўхталди. Бугунги кунда Ватанимиз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланганлиги ва ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил одимлаётганида Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс эканлигини таъкидланди.

Шунингдек, Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирганлиги ҳақида сўз юритди. Буни Биринчи Президентимиз нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида эътироф этилганлиги ҳам тасдиқлаб турибди. Айни пайтда учрашув қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 25 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳам батафсил изоҳлаб берилди.

Муҳаммаджон Отабоев, Уйчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг директори:

– Биринчи Президентимизнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги қарор бутун жамоамиз томонидан қизғин маъқулланди. Айниқса, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилгани, пойтахтимизнинг Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида жойлашган жоме масжидга “Ислом ота жоме масжиди” деб ном берилгани, унинг сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этилгани эътиборга моликдир. Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Бирнинчи Президентимиз ҳайкалини ўрнатишга қарор қилинганини ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Кўчаларга, муасасаса ва объектларга унинг номи берилгани ҳам кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлган. Ажойиб инсон, буюк давлат ва сиёсат арбобининг ҳаёти ва фаолияти ҳаммага, айниқса, ёшларга ибрат бўлади.

Сўз олганлар томонидан, Ислом Каримовнинг она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари, халқимизнинг унга нисбатан чуқур ва самимий ҳурмати ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор этдилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Буюк давлат ва сиёсат арбоби хотирасига бағишланди was last modified: Февраль 3rd, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »