Улуғлар бошлаган саодат йўли – мангу давом этажак!

31 Январь, 19:06 • Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 416 марта кўрилди • Комментариев к записи Улуғлар бошлаган саодат йўли – мангу давом этажак! нет

Ўзбекистон! Бугун бу номни дунёнинг қайси бурчагида тилга олманг уни ҳамма билади. Бу номни эшитганда уларнинг кўз ўнгида шиддат билан ривожланаётган, бугунги дунёнинг энг кўркам, обод ва озод мамлакати гавдаланади. Бугун дунё аҳли унга ҳавас ва хайрат нигоҳи билан боқмоқда. Ўзбекистон бугун жаҳон мамлакатлари ичида ўз ўрни, ўз сўзига эга бўлган қудратли давлатга айланди. У бундай улкан ва мислсиз ишларни тарихан жуда қисқа мудатда, яъни чорак аср ичида уддалади. Бунинг бош омили эса ноёб истедод ҳамда юксак инсоний фазилатлар соҳиби, буюк давлат ва сиёсат арбоби мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг матонати, машаққатли меҳнати ҳамда ўзбек халқининг метин иродасидир.

Ушбу ғояларни аҳоли орасида кенг ёйиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан туман, шаҳар Кенгашларида маҳалла фуқаролар йиғинларида, таълим муассасаларида хотира кечаларига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, мамлакат мустақил тараққиёт дастурини ишлаб чиққан ва миллий тараққиёт йўлини белгилаб берган атоқли давлат арбоби, юртимизда амалга оширилган улкан ишлар, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ва раҳнамосидир. Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган салмоқли ютуқларни ҳақли равишда унинг номи ва фаолияти билан боғлайди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, оғир ва мураккаб шароитда тарих саҳнига адолатни ўзига байроқ қилиб кириб келди. Ўзбекни ўзига бек қилди. Шу даврдан бошлаб ўзбек халқи порлоқ келажак сари қадам ташлади. Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз раҳбарлик фаолиятини иқтисодиёт, таълим, ҳуқуқ тартибот ва бошқа кўплаб соҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотлардан бошлади. Бу борада шунчаки, енгил-елпи қарорлар чиқармадилар балки “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган буюк тамойилга асосланган ҳолда узоқни кўзлаб қарорлар чиқарди. Бу ислоҳотлар самараси ўлароқ барча соҳаларда туб бурилиш рўй берди. Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “Ўзбек модели” бу борада дастуриламал бўлди.

“Адолат – қонун устуворлигида” деган тамойилни амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни замон талаблари даражасига кўтариш йўлида янги, амалий қадамлар қўйиш, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга доир ислоҳотларни фаол давом эттириш, шу аснода инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият ва бойлик сифатида жамиятимиз ҳаётида асосий ўринга қўйиш, “Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ” деган тамойилни амалда рўёбга чиқариш, замонавий меҳнат бозорини янада кенгайтириш асосида янги иш ўринлари ташкил этиш, соғлиқни сақлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий ҳимоя сиёсатини амалга ошириш мамлакатимиз тараққиёт босқичида давлатимизнинг биринчи Президенти И.А.Каримов олиб борган сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири эди.

Айни пайтда юртимиз биринчи Президентимиз И.Каримов бошлаб берган саодат йўлида зафарли юришларини давом эттирмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда “Адолат–қонун устуворлигида”, “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун”, “Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари олий қадрият” каби бош тамойилларни рўёбга чиқаришни ўзининг эзгу ва энг муҳим вазифаси деб белгилаган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон халқи юрагида буюк орзу-ниятларни жо қилган ҳолда мустақиллик йўлларида ёрқин келажак сари ишончли қадамлар билан шахдам одимлаб борар экан, ўзбек халқини, буюк аждодларимизни неча йиллик орзу-умидларини, истакларини рўёбга чиқарган, халқимиз тинчлиги, осойишталиги, фаровонлиги йўлида камарбаста бўлган буюк шахс, олийҳиммат ва жонкуяр Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотираси қалбларида абадий яшайди.

Лола Сайидова

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улуғлар бошлаган саодат йўли – мангу давом этажак! was last modified: Январь 31st, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »