Халқ билан мулоқотнинг янги тизими

5 Январь, 09:22 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Муносабат, Муҳим хабарлар, Янгиликлар • 644 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқ билан мулоқотнинг янги тизими нет

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ҳуқуқий демократик давлат, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги мақсадлар изчил ва босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. 25 йил мобайнида олиб борилган ислоҳотларнинг туб мақсади инсон ва унинг фаровон турмуши учун йўналтирилди. Бу борадаги миллий қонунчилигимиз шакллантирилди. Шунга мос равишда ўтган даврда фуқароларимизнинг ҳам ҳуқуқий онги ва маданияти юксалди, ҳаётга муносабати ўзгарди, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланди. Бугунги давр нафаси билан яшаётган, келажакда бунданда яхши яшаш учун интилаётган одамларнинг талабига, ташаббус ва таклифларига жавоб беришда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари олдига янги-янги вазифалар қўйилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларида ҳам ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган ниҳоятда кўпқиррали ва ўта муҳим устувор вазифалар илгари сурилди. Айниқса, 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши фуқаролар билан мулоқотга, уларнинг дардини тинглаш, орзу-истакларини амалга оширишга асосий эътибор қаратиш ҳамда бу борада барча даражадаги давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишда яна бир муҳим қадам бўлди.

Президентимизнинг яқинда матбуотда эълон қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида» ги Фармони эса халқ билан мулоқот қилишнинг аниқ механизмларини белгилаб берганлиги билан аҳамиятлидир.

Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади барча даражадаги давлат органлари фаолиятида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этишга қаратилгандир.

Фармонда давлат раҳбаридан тортиб, туман ва шаҳар ҳокимигача бўлган яхлит тизимда мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва унинг натижалари устидан қатъий мониторинг ва назорат механизмлари белгиланаётгани халқ билан мулоқот қилишда янги даврни бошлаб бериши шубҳасиз.

Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири келгусида фуқароларнинг мурожаатлари асосида тизимли қонунбузарликларни таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни белгилаш имконияти яратилади. Бу эса ўз навбатида жамиятда қонун устуворлигини ва Конституция ва қонунларда белгиланган инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.

Халқ қабулхоналарига ва виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимининг жорий этилиши ҳамда мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилиши аҳоли мурожаати билан ишлашда янада самара беради.

Энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони билан аҳолининг ҳар қандай масалада бюрократик тўсиқларсиз ва ортиқча расмиятчиликларсиз давлат органларига мурожаат қилиши учун шарт-шароит яратиб берилаётгани жамиятимизда ижтимоий адолатни қарор топтиришда, фуқароларнинг давлат органларига ишончини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, Президентимизнинг ушбу Фармони мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш, чуқур тарғиб қилиш энг аввало биз халқ вакилларининг бирламчи вазифамиз саналади. Қолаверса, жойларда очиладиган халқ қабулхоналари аҳолининг нафақат давлат ҳокимияти органлари билан балки парламент билан, биз депутатлар билан алоқаларни янада яқинлаштиради. Бу эса жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларга ечим топиш баробарида амалдаги қонун ҳужжатлари устидан жамоатчилик ва парламент назорати самарадорлигини таъминлаш ҳамда одамларниннг таклифлари асосида қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш, янги қонунларни ишлаб чиқишда муҳим рол ўйнайди.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

Халқ билан мулоқотнинг янги тизими was last modified: Январь 11th, 2017 by admin

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »