Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири мужассам

16 Февраль, 16:17 • Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 487 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири мужассам нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2016 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи кўриб чиқилди.

Эътироф этилганидек, ўтган йилда мамлакатимизда иқтисодиёт ва аҳоли даромадларининг барқарор ўсишига эришиш, ижтимоий ва гуманитар дастурларни амалга ошириш, давлат ҳокимяти ва бошқаруви органлари томониданжисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ҳисоботда 2016 йил мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеаларга бой йил бўлганлиги, хусусан, муддатидан олдин ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови энг муҳим сиёсий воқеа бўлгани, мазкур сайлов инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари олий қадрият ҳисобланган очиқ, ҳуқуқий, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида жамиятимизнинг янада жипслашганлигидан далолат берганлиги таъкидланди.

Шунингдек, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишдаги конституциявий ҳуқуқи ҳамда сайлов тўғрисидаги миллий қонунчилик ҳужжатларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик принципларига тўла мувофиқ тарзда ўтган очиқ, ошкора ва муқобил сайловлар чоғида фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ҳуқуқи яна бир бор тўлиқ намоён бўлгани эътироф этилди.

2016 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил номига фуқаролар, хорижий давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами 9057 та мурожаат келиб тушган. Омбудсманнинг марказий идорасида ўтказилган шахсий қабулларда омбудсман, унинг ўринбосари ва референтлар томонидан 1468 та мурожаат қабул қилинган; почта алоқаси орқали 6 334 та мурожаат; ишонч телефони орқали 1166 та оғзаки мурожаатлар; электрон коммуникация воситалари орқали 89 та мурожаатлар келиб тушган.

Ҳисоботда қайд этилганидек, 2016 йил 24 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонасининг ташкил этилиши давлат ҳокимияти органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнига сезиларли таъсир кўрсатди. Хусусан, Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатлар сони йилнинг тўртинчи чораги якунларига кўра олдинги кўрсаткичга нисбатан 1,4 маротаба камайди.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида такрорий мурожаатлар сони 922 тани ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,2 маротабага камайганлиги давлат бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг аризачилар мурожаатларини ўз вақтида, сифатли ва холисона кўриб чиқиш учун масъулияти ошганидан далолат беради.

Мурожаатларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиб чиқиш натижалари бўйича 1138 та мурожаатларга Омбудсман томонидан ёзма ва оғзаки маслаҳатлар берилган, шунингдек, 4977 та мурожаат мазмунан кўриб чиқиш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юборилган. Вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш борасида кўрилган комплекс чора-тадбирлар, шу жумладан, ушбу жараёнга давлат ва жамоат ташкилотларининг фаол жалб қилиниши натижасида ушбу йилда қаноатлантирилган мурожаатлар сони олдинги йилга нисбатан 1,3 маротаба ошганлигини кузатиш мумикн.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари фуқароларнинг адолатли меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги фаолиятга алоҳида эътибор қаратишди. Таъкидланишича, Вакил номига ушбу соҳага доир жами 543 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларни ўрганиш давомида аниқланишича, 27 та фуқаро иш жойига қайта тикланган, 105 та фуқарога иш ҳақининг тўлаб берилиши юзасидан чоралар кўрилган.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама этишда Палата қўмиталарига Вакилнинг “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги, “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунларга таклифлари тақдим этилган.

Муҳокамалар жараёнида “Адолат” СДПнинг сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, фракция аъзолари давлат фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишончли кафолати бўлиши лозимлигини, ушбу жараёнда Омбудсман жамиятимиз ҳаётининг янада тараққий этишида муҳим аҳамият касб этиши лозимлигини таъкидладилар.

— мамлакатимизда мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган институционал тизим ва ҳуқуқий база яратилди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Алишер Шодмонов. — Бу борада алоҳида институт сифатида Омбудсманга фуқароларнинг ишончи ортиб бормоқда. Ўз навбатида ушбу Вакилга фуқаролардан тушаётган мурожаатларнинг таҳлили биз учун қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда соҳалар бўйича масъул вазирлик ва идораларга жамиятимиздаги мавжуд муаммолрнинг ечими юзасидан таклиф-тавсияларни бериш, парламент эшитувларини ташкил этишга асос бўлиб хизмат қилади.

Биз яқинда вилоятларда бўлиб, жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш жараёнида айниқса, ижтимоий соҳада қатор муаммолар мавжудлигига гувоҳ бўлдик. Албатта, биз, парламент аъзолари ушбу учрашувлар давомида маҳаллий даражада ҳал этиш мумкан бўлган кўплаб масалаларга ўша жойнинг ўзида ечим топишга ҳаракат қилдик. Аммо республика даражасида ҳал этиладиган бир қатор долзарб масалалар ҳам борки, уларни ҳал этиш юзасидан мутасадди вазирликларга таклиф-тавсиялар киритишда Омбудсманнинг парламент билан ҳамкорлиги жуда муҳим. Хусусан, Вакилнинг ҳисоботида фуқароларнинг малакали тиббий ёрдамдан фойдаланишга доир ҳуқуқларини таъминлаш учун жойлардаги соғлиқни сақлаш муассасаларида, жумладан, тез тиббий ёрдам тизимида малакали кадрлар ва махсус транспорт воситалари, зарурий дори-дармонларнинг етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар берилиши мақсадга мувофиқдир.

— Президентимиз томонидан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг янги шакл ва механизмлари ҳаётга жорий этилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Ёрмамат Холиёров. — Бугун фуқароларнинг қабулхонага мурожаат этишини кутиб ўтирадиган замон эмас. Шу нуқтаи назардан янги жорий этилган механизмга мувофиқ ҳар ойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзоларининг жойларда фуқаролар билан ўтказаётган учрашувлари жараёнида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳам депутатлар билан биргаликда иш олиб борса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилининг (Омбудсманнинг) 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Партия матбуот хизмати.

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири мужассам was last modified: Февраль 16th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »