Аёллари эъзозланган юрт

28 Февраль, 11:23 • Аёллар қаноти, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 378 марта кўрилди • Комментариев к записи Аёллари эъзозланган юрт нет

Аёл, қодир табиатнинг бетакрор мўжизаси. Унинг қалби шунчалар нозикки, гўё япроқ юзида омонат турган шабнамга ўхшайди. Биргина ширин калом уни юмшатиши, кўкларга кўтариши, қилинган арзимас ноўрин ҳаракат, эътиборсиз айтилган сўз унинг тўкилишига сабаб бўлиши мумкин.

Аёлнинг муштдеккина юрагига жо бўлган меҳрни дунёларга сиғдираолмайсиз. Аммо, ана шу, нозик хилқат вакиллари ўрни келганда шунчалар ғурур касб этадиларки, бу ғурур билан энг юксак чўқиллар ҳам беллашишга ожиз. Тўмариснинг жасорати, Қурбонжон додхоҳнинг қаҳрамонлиги, Нодирабегимнинг мардлиги фикримиз исботидир.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш уларни нафақат оилада балки, жамиятда ҳам муносиб ўринга эга бўлишлари учун барча шароит ва имкониятлар яратиб бериш йўлида кўплабик ишлар амалга оширилди. Айни жараёнда хотин-қизларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш уларни ўлмас қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор.

Партиямизнинг Сайловолди дастурида қайд этилганидек, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш орқали мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, уларнинг давлат органлари барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлаш масаласи устувор вазифалар сирасига киради.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан партия тизимида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловини ана шу йўлда амалга оширилаётган муҳим сайъ-ҳаракатлар сирасига киритиш мумкин. Шу мақсадда ўтказилган кўрик-танловининг Сурхондарё вилоят босқичида иштирок этган фаол аёллар ўзларининг ҳар жиҳатдан билимдонлиги, сиёсий саводхонлиги ҳамда ҳозиржавоблиги, кенг дунёқараши ва ижодий салоҳиятларини намоён этишди.

Дилрабо Нармуратова, Сурҳондарё вилояти “Аёллар қаноти” раиси:

– Партиямизнинг Сурхондарё вилоятида 13 минг нафардан ортиқроқ аъзолари бўлса, бунинг 51 фоиздан кўпроғини хотин-қизлар ташкил этади. Истиқлол берган шукуҳ юртдошларимиз ишида катта фаоллик ва жўшқинлик, қалбида эса эзгулик ҳиссини тарбияламоқда. Шуниси эътиборга моликки, оила, маҳалла ва жамият маънавиятини юксалтиришга, миллий қадриятларимизни турмуш-тарзимизга чуқур сингдиришга бағшлаб келаётган аёллар ҳам сафдошларимиз орасида талайгина. Ушбу кўрик-танлов ҳам бу борада аёлларимизнинг фаоллиги ва жамиятимиз ривожи йўлида уларнинг ҳам иштироки катта  эканлигини кўрсатди.

Иштирокчи аёлларнинг чиқишларини кузатиш асносида уларнинг ҳар бири йилнинг энг фаол адолатчи аёли номига муносиб эканлигига гувоҳ бўлинди. Иштирокчилар “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” Республика кўрик-танлови Низомига кўра, 4 та шарт яъни жамият ривожидаги ишларини акс эттирувчи хужжатлари, ижодий ишлари, таништирув, сиёсий билимдонлик ва эркин мавзу шартларида ўзаро беллашдилар. Иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб борган ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Сарисоиё тумани “Буйрапуш” маҳалласи раиси Азиза Ахмедова “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик танлови вилоят босқичида I-даражали дипломини қўлга киритиб, кўрик танловнинг Республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

– Мен бир неча йилдан буён, “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловида иштирок этиб келаман. Хотин-қизларнинг жамиятда муносиб ўринга эга бўлишлари ўз иқтидор ва имкониятларини намоён этишларига замин яратиш мақсадида ўтказиб келинаётган мазкур тадбир биз аёлларга илҳом бағишламоқда. Бу йил ўз олдимга албатта, ғолиб бўламан деган мақсадни қўйгандим, ўтган йиллар давомида ортирган тажрибам менга қўл келди ва республика босқичига йўлланмани қўлга киритдим дейди,- “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик танлови вилоят босқичи ғолиби, “Шуҳрат” медали соҳибаси Азиза Аҳмедова.

Айтиш керакки, байрамона руҳда ўтган тадбир иштирокчилар ва томошабинлар қалбига кўтаринкилик бағишлади. Танлов якунида ғолилар ва барча иштирокчиларга Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгашининг диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Мақсуд ТЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котибит.

Аёллари эъзозланган юрт was last modified: Февраль 28th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »