Халқ манфаати йўлида

28 Февраль, 10:17 • Жиззах вилояти, Янгиликлар • 314 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқ манфаати йўлида нет

Жадал суръатда тараққий этаётган даврда ҳар бир соҳанинг мутасадди вакиллари қатори маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳи аъзоларининг ҳам ўз фаолиятини замон билан ҳамнафас ҳолда олиб бориши, халқимиз турмушида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда тегишли маҳаллий ҳокимликлар ва улар тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларига таклифлар билан чиқиши орқали изчил бартараф этиш зарурати туғилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари ҳам ҳар жиҳатдан фаол ва ташаббускор бўлишлари ҳамда ўз фаолиятини партия Сайловолди дастури асосида олиб бориши, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишларида муҳим аҳамият касб этади.

Айнан шулардан келиб чиққан ҳолда халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида депутатлар фаолиятини янада жонлантириш мақсадида ўтган 2016 йилда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур депутатлик гуруҳига ўтган йилнинг тўртинчи чораги мобайнида фуқаролардан келиб тушган 30 дан ортиқ мурожаатлар асосида жойлардаги ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий ҳокимлик ва тегишли ташкилот раҳбарларига 24 та депутатлик сўровлари юборилиб, шундан аксарияти ижобий ечим топилишига эришилган.

Жумладан, халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутат Овтов Нишонова томонидан “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини “Оққўрғонлик” кўчасида яшовчи фуқаро Гўзал Одилова, К.Ёрматов кўчасида истиқомат қилувчи Субҳи Каримова, Р.Исаев кўчасида истиқомат қилувчи Қумри Соиповаларга моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати юзасидан “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига депутатлик сўрови юборилган. Мазкур депутатлик сўровида кўрсатиб ўтилган масала фуқаролар йиғини ҳузуридаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси томонидан батафсил ўрганиб чиқилиб, фуқароларга моддий ёрдам тайинланди. Шунингдек, ушбу депутатнинг саъй-ҳаракати билан Янги йил байрами арафасида “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар аъзоларига ҳомийларни кенг жалб қилган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат байрам совғалари тарқатилди.

Жиззах шаҳар “Кўтарма” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Нишоновнинг мурожаатига биноан ушбу маҳалладаги М.Ортиқов кўчасида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш юзасидан шаҳар ободонлаштириш бошқармасига юборилган депутатлик сўрови Жиззах шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилиб, 2017 йил мобайнида таъмирлаш ишларини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси, Фарҳод Норқўзиевнинг Жиззах шаҳар иссиқлик манбаи корхонасига Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали биносида иситиш тизимидаги носозликларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан юборган депутатлик сўрови мазкур корхона маъмурияти томонидан кўриб чиқилган ва шифохона биносининг иситиш тизимидаги носозликлар бартараф этилишига эришилди.

Бундан ташқари, депутат Хайрулла Атаев томонидан “Жиззахшаҳаргаз” корхонасига Жиззах шаҳридаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли хонадонларида табиий газ таъминотини яхшилаш масаласида юборилган депутатлик сўрови ўрганиб чиқилиб, ушбу маҳалладаги 70 та хонадонда табиий газ таъминоти яхшиланишига эришилди. Шунингдек, депутатлик гуруҳи кўмаги билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларидан 12 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.

– 3 нафар ногирон фарзандим бор. Оилавий шароитим ёмонлигидан моддий ёрдам сўраб халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳига ариза билан мурожаат қилдим. Менинг мурожаатим депутат Хайрулла Атаев томонидан ўрганиб чиқилиб, маҳалламиз ҳудудида фаолият кўрсатаётган бир неча ташкилотлар томонидан ҳомийлик ёрдами ажратилди, – дейди “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Барно Тўйчиева. –Шунингдек, ушбу ҳомийлик ёрдами маҳалламизда истиқомат қилаётган менинг оилам сингари яна бир неча ижтимоий ҳимояга муҳтож ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳам ажратилди. Бунинг учун оила аъзоларим, қолаверса, маҳалладошларим шаҳар депутатларидан миннатдор.

Депутатлик гуруҳи аъзолари 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да давлатимиз раҳбари томонидан чиқарилган бир қатор фармон ва қарорларнинг жойлардаги ижросини ўрганишни режалаштиришган. Хусусан, 2016 йил 31 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизматни янада яхшилашга эришиш мақсадида Жиззах шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли билан мулоқот ўтказиб, жойлардаги муаммоларни бартараф этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйишган.

Дарҳақиқат, бугунги давр ҳар бир депутатдан сайловчиларнинг манфаатларини доимо ҳимоя қилишни, халқ дарди билан яшашни талаб этар экан, келгусида бу борада янада фаоллик ва бор имкониятларимиз доирасида фаолият олиб борамиз. Зеро, депутат фидойиликни намоён қилса, шундагина ўйлаган натижани қўлга кирита олади. Қолаверса, партиямизни аҳоли ва кенг жамоатчилик орасида мавқеининг янада ортишига эришади.

Дилбар ҲАКИМОВА,

халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик

гуруҳи раҳбари.

Халқ манфаати йўлида was last modified: Февраль 28th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »