Интилиш ва ташаббускорлик имкониятлар калити

27 Февраль, 10:00 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 471 марта кўрилди • Комментариев к записи Интилиш ва ташаббускорлик имкониятлар калити нет

Маълумки, Қарши тумани миришкорлари деҳқончилик, пахтачиликнинг сир-синоатини пухта ўзлаштирган инсонлардир. Кейинги йилларда туманимизда саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ҳам катта эътибор берилмоқда. Мамлакатимиз раҳбари туманимизга ташриф буюрганида ҳам бу жиҳатларга эътибор қаратиб, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини шу ернинг ўзида қайта ишлашни кенгаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлиги юзасидан қимматли маслаҳатларини берди. Шунга асосан, туманимизда 2017-2019 йилларда 17 та енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона ишга туширилади. Келгусида эса 5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, Президентимиз туманимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишиш давомида “ЛТ Текстил интернэшнл” Ўзбекистон – Хитой – Нидерландия қўшма корхонаси лойиҳасини ҳам кўздан кечирди. Дарҳақиқат, ушбу йирик иншоат қуриб битказилса, йилига 22 минг тонна аралаш ип, калава ва 50 миллион квадрат метр ип-газлама ишлаб чиқариши режалаштирилаётган бўлиб, маҳсулотининг 80 фоизи экспортга йўналтирилади. Бу билан эса нафақат бизнинг туманимиз балки Қашқадарё вилоятимиз ҳам пахта толаси ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистонда етакчи ўринни эгаллайди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, кейинги йилларда амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари натижасида туманимиз маркази Бешкент шаҳри ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Қад кўтарган кўркам мажмуалар, спорт иншоатлари, саноат корхоналари, ўқув юрти бинолари кўзни қамаштиради. Худди ана шу қад кўтариб турган янги уй-жойлар Президентимиз эътиборидан ҳам четда қолмади.

Давлатимиз раҳбари сафари давомида туманимизнинг Нукрабод қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Яккаёғоч массивида намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган Алишер Аҳмедов хонадонида бўлдилар. Хонадон соҳибларининг янги маънавий қиёфаси, ойдин орзулари, эртанги кунга ишончи Президентимизни бефарқ қолдирмади. Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев янги уйларга кўчиб ўтган фуқароларнинг яшаш шароитлари билан ҳам танишдилар. Хонадон соҳиблари билан дилдан суҳбатлашдилар. Ёш оилаларимиз аъзолари Президентимизга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар учун самимий миннатдорчилик изҳор қилишди.

Умуман олганда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг туманимиз аҳолиси билан учрашуви барчамизда чуқур таассурот қолдирди. Ўз суҳбатларида аҳоли даромадларини бир неча баробар ошириш, янги иш ўринларини яратиш юзасидан ўз кўрсатмаларини берди. Бу вазифаларни бекаму-кўст адо этишда биз депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Шу боис, депутатлик гуруҳимиз аъзолари билан фуқароларимиз фаровонлигини таъминлаш учун барча чора-тадбирларни кўрамиз.

Муқаддас МИРСАИДОВА,

халқ депутатлари Қарши туман Кенгашидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП депутати.

Интилиш ва ташаббускорлик имкониятлар калити was last modified: Февраль 28th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »