Тиббий кўрик ёки оилага соғлом қадам билан

1 Февраль, 18:16 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 257 марта кўрилди • Комментариев к записи Тиббий кўрик ёки оилага соғлом қадам билан нет

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрнисида”ги қарорига асосан оила қуришдан олдин ҳар бир йигит-қиз яшаш жойидаги белгиланган тиббий муассасада тиббий кўрикдан ўтиши шартлиги белгиланган. Чунки бу янги барпо этилаётган оиланинг соғломлигини таъминлаш билан бирга носоғлом фарзандлар туғилишининг ҳам олдини олади.

Албатта, бу борада маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаоллари, тиббиёт ходимлари, хотин-қизлар қўмиталари ва ФҲДЁ бўлимлари зиммасига қатор вазифалар юкланган. Энг асосийси, ота-оналар масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим. Чунки, фарзандининг саломатлиги ва келажаги ҳаммадан ҳам улар учун муҳим аҳамиятга эга.

Қишлоғимизда бундан ўн йиллар илгари Маликахон исмли аёл 17 ёшдаги ўғлини уйлантирди. Пешонаси келишмадими ёки бошқа сабабми уч ойда келин-куёв ажрашди. Тўрт йил ичида яна иккита келин олди. Бироқ кейингилари ҳам узоқ яшамади.

– Ўғлимни биринчи бор уйлантиришда тўй ташвишлари билан бўлиб ёшларни тиббий кўрикдан ўтказишга эътибор бермабмиз,-дейди онахон кўз ёшларини тўкканича. Қарангки, келиннинг тутқаноқ дарди бор экан. Иккинчи келинни шошиб, ҳатто ўғлимни биринчи никоҳи қонунан бекор қилинмай олгандим. Яна адашдим. Уч фарзандни чала туғди. Ноилож ўз синглимни қизига уйлантирдим. Шифокорлар улар бир-бирига тўғри келмаслигини айтганда қулоқ солмадим. Мана оқибати, фарзандга зор бўлиб ўтишяпти.

Онахоннинг сўзларини тинглаб ачинишни ҳам, юпанч бўлишни ҳам билмайсан. Чунки бу ҳолатга унинг ўзи сабабчи. Агар ўткинчи ҳавасларга берилмасдан вақтида фарзандининг тақдирига жиддий қараганда бугун мум тишлаб ўтирмасди.

Шу жойда тиббиёт ходимларига юзландик. Негаки  суҳбатдошимизнинг ташвиши бизни хушёрликка чақирди.

– Чиндан ҳам бу нозик ва айни вақтда долзарб масала, — дейди Андижон туман марказий поликлиникаси бош шифокори Мавлудахон Адҳамжонова. -Ўтган 2016 йилда 4138 нафар оила қуриш остонасидаги ёшларни тиббий кўрикдан ўтказдик. Уларнинг аксарияти соғлом ва оила қуришга тайёр йигит-қизлар. Шундай бўлсада оналик, оилада тиббий маданият ва эркакнинг масъулияти борасида тушунтириш ишларини олиб бордик. 32 нафар ёшларда тиббий кўрик даврида руҳий касалликлар аниқланди. Бу кўп ҳолларда тўйдан олдинги ҳаяжон ва ташвишлар таъсири бўлиши ҳам мумкин. Шу сабаб уларни вақтинча оила қуришларига рухсат берилмади. Энг ачинарли ҳолат такрор огоҳлантиришларга қарамай айрим ота-оналар ва ёшларнинг бу масалага эътиборсизлик билан қараётгани. 311 нафар ана шундай ёшларнинг тўйдан сўнг бизга мурожаат қилганини қандай баҳолаш мумкин. Бу айни вақтда маҳалла фаоллари ва тиббиёт ходимларини янада масъулият билан ишлаши зарурлигини кўрсатади. Айниқса, маслаҳатчилар ҳар бир оила қурувчини эътибордан четда қолдирмаслиги лозим. “Ёш оила қурувчилар мактаби”, касб-ҳунар коллежлари ва маҳаллаларда тиббий кўрикнинг аҳамияти ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари мунтазам тушунтириб борилиши зарур.

ФҲДЁ бўлими йўлланмаси билан  поликлиникага тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида келган келин-куёвларнинг айримлари билан суҳбатлашдик. Баъзилари бундан бош ҳам тортди. “Тўй кунларингиз белгиланганми?” деган саволимизга аксарияти: – “Йўқ, аввал тиббий кўрикдан ўтайлик”, — дея жавоб берди.

Албатта, бу яхши. Улар ўз ҳаётига бефарқ эмаслар.

Бир онахонни хорижда ишлаётган ўғлининг ўрнига йўлланма олиш учун келгани бизни ҳайрон қолдирди. Сабабини сўраганимизда шундай жавоб берди:

– “Ўғлим тўй кунини белгиласак, кейин келади. Яна ишлаш учун кетиши керак. Кутишга вақтимиз йўқ”.

Бу қанақаси? Онахонга ФҲДЁга тўйдан бир ой аввал ариза бериш, тиббий кўрикнинг зарурлиги хақида гапирдик. У эса …

Тиббий кўрик соғлом оила қуришнинг асоси. Шундай экан бу масалага лоқайдлик билан қарамаслигимиз зарур.

Акбаржон Назаров,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »