Ҳудудий Кенгаш фаолияти жиддий муҳокама қилинди

25 Февраль, 10:34 • Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 486 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳудудий Кенгаш фаолияти жиддий муҳокама қилинди нет

Сирдарё вилоят Давлат санитария эпидемиология назорат маркази мажлислар залида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партия вилоят Кенгашининг “Дастурий вазифалар ижросини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Ташкилий ва ахборот-таҳлил сектори мудири Бахром Бурханиддинов, партия Сирдарё вилояти Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, шаҳар ва туманлар партия ташкилотлари раислари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Фаоллар йиғилишида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг йил якунига бағишланган йиғилишдаги маърузасида ҳар биримиз, энг аввало, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг вазифаси – ўзимиз масъул бўлган соҳа ва тармоқда ишларнинг аҳволини танқидий баҳолаш асосида зиммамизга юклатилган вазифаларни масъулият билан бажариш лозимлиги қайд этилгани, шу мақсадда партия фаоллари ҳамда депутатлик корпусининг ўз ишига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева тадбирни очар экан, жорий “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да партиянинг барча бўғинлари томонидан инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласига бош вазифа сифатида жиддий эътибор қаратилиши лозимлигини қайд этди. Бунинг учун эса, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Шу жиҳатдан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши фаоллари, депутатлик корпуси ҳамда қуйи ташкилотлари иш самарадорлигини кучайтириш, мамлакат тараққиётининг янги босқичида олдимизда турган устувор вазифалар, демократик давлат барпо этиш йўлида фуқароларнинг ҳар бир мурожаатига ҳозиржавоблик билан ёндашиш, халқ билан юзма-юз мулоқотлар қилиш партия ташкилотлари ва депутатларнинг иш услуби ҳамда фаолият йўналишининг устувор вазифаси этиб белгилаш тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.

Президентимизнинг шаҳар ва туманлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари Кенгашларида тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш тизимини жорий этиш борасидаги таклифлари ҳам партиянинг халқ билан янада яқинлашишига, фуқароларнинг дардини эшитишга, жойлардаги ижро ҳокимияти масъулиятини янада оширишга хизмат қилади. Айниқса, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилиши зарур бўлган асосий вазифа –“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат эканлиги, жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишда партия фаоллари ҳамда депутатлик корпуслари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни тақозо қилади.

Бугунги кунда Халқ депутатлари Сирдарё вилоят ҳамда туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларида 42 нафар депутат фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан ўтган 2016 йил давомида сайловчилар билан бўлган учрашувларда, депутатлик қабул кунларида келиб тушган мурожаатлар юзасидан давлат ҳокимияти органлари, тегишли ташкилотларга 81 та, қонунлар ва қарорларнинг ижроси бўйича 3 та, жами 84 та депутатлик сўрови чиқарилган бўлиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. Аммо бу кўрсаткичлар етарли бўлмай, депутатлик гуруҳларининг олдида ҳал қилиниши лозим бўлган кўпгина вазифалар турибди. Ўтган йилда депутатлик гуруҳлари томонидан бирор маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилмаганлиги ҳам жиддий камчиликлардан биридир. Қолаверса, партия аъзоларининг ўсиш кўрсаткичи ҳам 2016 йилда қониқарли даражада бўлмаганлиги фаолиятимизни танқидий таҳлил этишни тақозо қилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида олдимизга қўйилаётган устувор вазифаларни амалга оширишда партия ташкилотларимиз ҳамда депутатлик гуруҳимизнинг ҳамкорликдаги фаолиятини янада кучайтиришимиз лозим.

Халқ манфаатини ифода этиш ҳамда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини бажаришда барча бўғиндаги ташкилотлар билан депутатлик корпусларининг мустаҳкам ҳамкорлиги фаолиятнинг асоси ҳисобланади. Депутатлар ҳамда депутатлик гуруҳи фаолиятини аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда амалий ишлар ва ибратли ташаббусларга йўналтириш долзарб аҳамият касб этади. Зеро, сайловчи депутатнинг берган ваъдалари устидан нечоғли чиқа олиши, қандай амалий ишларга қўл уришига қараб партияга баҳо беради. Шундан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳларининг партия ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, жойлардаги депутатлик қабулхоналари ишини такомиллаштириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини ҳам янгича услуб ва воситалар билан бойитиш зиммамизда турган долзарб вазифалардандир.

Эндиликда партия депутатлари нафақат ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилиши, балки партия фаоллари билан биргаликда жойларга чиқиб аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиши ҳамда фуқаролар мурожаати юзасидан тегишли маҳаллий ҳокимликлар ва улар тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари юбориш орқали масалаларни ҳал қилишига доир вазифа фаолиятимизда янгича иш услуби ва ёндашувни талаб этади.

Танқидий руҳда ўтказилган фаоллар йиғилишида партия ташкилотининг ҳали мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдалана олмаётгани ҳам қайд этилди.

Йиғилиш якунида партия фаоллари ҳамда депутатлик корпусининг биргаликда халқ ишончини оқлашга қаратилган масъулиятини янада ошириш, жойлардаги муаммолар ечими юзасидан аниқ амалий ишларни бажариш, айниқса, ҳар бир муаммони жойига бориб ҳал этиш, одамларнинг дардини эшитиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари партия тизими ҳамда депутатлик корпуси ишини кучайтириш борасидаги масалалар юзасидан аниқ таклифларни ўртага ташлаб, фикр алмашдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП,

Сирдарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати.

Ҳудудий Кенгаш фаолияти жиддий муҳокама қилинди was last modified: Февраль 25th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »