Янада фаолроқ бўлиш давр талаби

27 Февраль, 21:22 • Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 314 марта кўрилди • Комментариев к записи Янада фаолроқ бўлиш давр талаби нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгашининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштироки” мавзусида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Давлат ҳокимиятининг  вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Улуғбек Расулов, партия вилоят Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ФЖШМҚМИ ҳудудий бўлинмаси вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев тадбирни очар экан, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да партиянинг барча бўғинлари томонидан инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласига бош вазифа сифатида жиддий эътибор қаратилиши лозимлигини қайд этди. Бунинг учун эса, аввало, халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклиги  алоҳида таъкидланди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизни 2017-2021 йилларда тараққий эттиришнинг бешта устувор йўналишини белгилаб бериши, ривожланишнинг мутлақо янгича ёндашув ва тамойиллари асосида ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат мамлакатимизни янада модернизация қилиш ҳамда ҳаётимизни либераллаштиришга хизмат қилишига урғу берилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё  вилоят Кенгаши фаоллари, депутатлик корпуси ҳамда қуйи ташкилотларининг 2016 йилги фаолияти танқидий-таҳлилий сархисоб қилиниб, жорий йилда бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, фаолиятни тубдан ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳар бир мурожаатига ҳозиржавоблик билан ёндашиш, халқ билан юзма-юз мулоқотлар барча бўғиндаги партия ташкилотлари ва депутатларнинг устувор вазифаси этиб белгилашдан иборат эканлиги белгилаб олинди.

Сўз олган фаоллар  жорий, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширилиши зарур бўлган асосий вазифа –  “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишда партия фаоллари ҳамда депутатлик корпуслари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни даврнинг ўзи тақозо қилаётганлиги таъкидланди.

Зеро, сайловчи депутатнинг берган ваъдалари устидан чиқа олиши, қандай амалий ишларга қўл уришига қараб партияга баҳо беради. Шундан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳининг партия ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, жойлардаги депутатлик қабулхоналари ишини такомиллаштириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини ҳам янгича услуб ва воситалар билан бойитиш бугуннинг асосий талабларидан биридир.

Эндиликда партия депутатлари нафақат ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилиши, балки партия фаоллари билан биргаликда жойларга чиқиб аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиши ҳамда фуқаролар мурожаати юзасидан тегишли маҳаллий ҳокимликлар ва улар тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўровлари юбориш орқали масалаларни ҳал қилиши лозим.

Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартиби муҳокамасига ечимини кутаётган муаммолар бўйича масалалар киритиб, уларнинг ижобий ҳал этилишига эришиш долзарб аҳамиятга эга.

Танқидий руҳда ўтказилган фаоллар йиғилишида вилоят партия ташкилотининг ҳали мавжуд имкониятлардан тўлалигича фойдалана олмаётгани ҳам қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари партия тизими ҳамда депутатлик корпуси ишини кучайтириш борасидаги масалалар юзасидан аниқ таклифларни ўртага ташлаб, фикр алмашдилар.

Мақсуд ТЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Янада фаолроқ бўлиш давр талаби was last modified: Март 1st, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »