Ҳамкорлик: Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш

16 Март, 15:13 • Муҳим хабарлар, Тошкент шаҳри, Ҳамкорлик, Янгиликлар • 188 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳамкорлик: Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш нет

16 март куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон судьялари ассоциацияси ҳамда Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида “Ҳаракатлар стратегияси – суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотларининг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида илгари сурилган Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳадаги долзарб масалаларни кенг муҳокама қилишга қаратилди.

Эътироф этилганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳ этилиб, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига асосланган ҳуқуқий тизим шаклланди.

Жорий йилнинг 7 февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди.

Халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинган мазкур Фармон билан мамлакат тараққиётининг келгуси 5 йилга мўлжалланган устувор йўналишлари аниқ белгиланган. Ушбу тарихий Ҳужжат шубҳасиз, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишдек улуғвор мақсадларга хизмат қилади.

Давра суҳбатида Ҳаракатлар стратегиясининг Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган иккинчи йўналишида белгиланган чора-тадбирлар муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, мазкур йўналишда белгиланган вазифаларнинг асосий мақсади мамлакатимизда биринчи навбатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишдир.

Шу нуқтаи назардан, Ҳаракатлар стратегиясида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш; маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш; жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш; суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш; юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга доир белгиланган долзарб вазифаларнинг ўз вақтида, тўлақонли, юксак самарадорлик билан бажарилиши бугунги кунимиз ва истиқболимиз учун муҳимдир. Бинобарин, суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мамлакатимизнинг демократик қадриятлар тарафдори эканининг ёрқин ифодасидир.

“Ҳаракатлар стратегияси”да суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процесси томонларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини ҳар томонлама татбиқ этиш, шунингдек, «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича муайян амалий чора-тадбирлар белгилангани жуда муҳим. Зеро, мазкур институтнинг амалиётга татбиқ этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур йўналишда келгусида 4 та янги қонун қабул қилиш ҳамда 14 та амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

“Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифалар асосида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўналишидаги ҳуқуқий ечимини топиши зарур бўлган қатор муҳим ва долзарб масалалар бўйича қонунлар қабул қилиниши, уларнинг зарур ижро механизмлари, аниқ дастур ва тизимлар жорий этилиши аҳолининг давлатимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсатга ишончини янада оширади. Шу билан бирга, бу дадил қадам ҳокимият тизимида судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлайди ва одил судлов даражасини халқаро талаблар билан уйғунлаштириб, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишга бевосита хизмат қилади.

Давра суҳбатида сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш, қолаверса, ҳар ишда адолат мезонини жорий эттиришга доир партия Сайловолди дастурида илгари сурилган қатор устувор ғоялар Ҳаракатлар стратегиясида мазмунан ўз ифодасини топганлигини алоҳида таъкидладилар.

Шундан келиб чиқиб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштирокини таъминлаш бўйича чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда айнан ушбу йўналишда аниқ вазифалар белгиланган.

Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шу билан бирга, барча даражадаги ҳокимларнинг, прокуратура ва ички ишлар органларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этишга доир янги таҳрирдаги бир қатор қонун лойиҳаларига партия дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларидан келиб чиқадиган таклифлар ишлаб чиқишда фаол иштирок этиш белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ушбу вазифалар ижросини таъминлашда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон судьялари ассоциацияси ва Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар.

Тадбир якунида Ҳаракатлар стратегиясида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга қаратилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш борасида ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди ва тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Матбуот хизмати.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »