Ҳар бир фуқаро мурожаати эътиборда

9 Март, 10:48 • Бухоро вилояти, Янгиликлар • 331 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳар бир фуқаро мурожаати эътиборда нет

Жорий “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да жойларда фуқаролар билан мулоқот олиб бориш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП масъуллари ҳам ҳар бир хонадонга ташриф буюриб, халқнинг муаммоларини ўрганмоқда. Шунингдек, ижтимоий объектларнинг ҳолати, ишчи ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишиб, мавжуд камчиликлар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Таъкидлаб ўтадиган бўлсак, партиянинг Бухоро вилояти, туман ва шаҳар Кенгашларида тузилган ишчи гуруҳлар маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида, шунингдек, бошқа ижтимоий ташкилотларда бўлиб, муаммоларнинг ечимини топишда депутатлик сўровлари билан тегишли ташкилотларга мурожаат қилишмоқда.

Партиянинг Пешкў туман Кенгаши ишчи гуруҳи томонидан тумандаги 1-ва 9-умумий ўрта таълим мактаби ўрганилиб, ўқувчилар учун яратилган шароитларнинг қай даражада эканлиги таҳлил қилинди. Мазкур таълим муассасалари маъмурияти томонидан электр энергияси таъминотидаги узилишлар сабаб дарс машғулотлари жараёнида тўсқинликларни юзага келаётираётгани айтилиб, электр энергияси таъминотини узлуксиз таъминлашда амалий ёрдам берилиш сўралди.

Шунингдек, “Янгибозор” ҚФЙнинг кўпчилик аҳолиси туман касалхонаси олдида машиналар турар жойининг мавжуд эмаслиги, туманда деҳқон бозорининг мавжуд эмаслиги, 1-умумий ўрта таълим мактаби олдидан ўтувчи йўлни жуда серқатнов бўлишига қарамасдан, светафорнинг йўқлиги кўплаб авто ҳалокатларга сабаб бўлаётгани, туман марказидаги истироҳат боғининг қаровсиз ҳолга келиб қолганлиги тўғрисида айтиб ўтилди. Бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари билан мурожаат қилинмоқда.

Ёки партиянинг Қоракўл туман Кенгаши ишчи гуруҳ ходимлари ҳудудда жойлашган 5-сон ихтисослашган спорт-мактаб интернатида бўлиб, у ердаги фаолият ҳамда ижтимоий ҳолатни ўрганиб чиқишди. Мактабда 160 нафар ўқувчи таҳсил олиб, улар орасида жаҳон, Осиё ва Республика чемпионлари бор. Аммо мактаб шароити ҳозирги замон талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди. Шу мақсадда мактаб директори ўқув корпуси қурилишини 2017 йил дастурига киритилишида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу мурожаат ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Шу билан бир қаторда кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи Момогул Нарзуллаева мурожаати кўриб чиқилиб, партия туман Кенгаши раиси Нуриддин Очилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан унинг оилавий шароити ўрганилди ва туман ҳокимлиги Иқтисодиёт бўлими томонидан ушбу хонадонга иситиш воситаси ажратилишига эришилди.

Бу борадаги муаммоларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар билан ишлаш ишчи гуруҳ вакилларининг асосий масъулиятли вазифалари экан, демак, уларнинг ҳар бири бу борада халқ манфаатларини ҳис қила олишлари зарур.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Ҳар бир фуқаро мурожаати эътиборда was last modified: Март 9th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »