Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!

24 Март, 14:25 • Тошкент вилояти, Янгиликлар • 409 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин! нет

Юртимизда кўклам нафаси кезиб юрган шукуҳли дамларда юртимиз аҳли ҳам Наврўзи олам шодиёналарини кўтаринки кайфиятда ўтказмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 28 февралдаги «2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан, Наврўз байрами Тошкент вилоятида ҳам халқ сайиллари тарзида кенг нишонланмоқда. Ангрен шаҳрининг «Оппартак» маҳалласида «Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!» шиори остида бўлиб ўтган тадбир ҳам йиғилганларга бир олам қувонч улашди.

Наврўз айёмига бағишланган тадбир Ўзбекистон «Адолат» СДП Ангрен шаҳар Кенгаши томонидан ўтказилди. Унда ҳалқ депутатлари Тошкент вилояти ва Ангрен шаҳар Кенгашлари депутатлари, партиянинг «Аёллар қаноти» ва «Ёш адолатчилар» қаноти вилоят Кенгашлари раислари ҳамда партия фаоллари иштирок этиб, байрам баҳона халқ билан юзма-юз мулоқотга киришилди. Бир пиёла чой устида маҳалла аҳли билан дийдорлашишди. Миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз ўзгача иштиёқ билан намойиш этилди. Меҳмонларга Наврўз таомларидан сумалак, кўк сомса, ҳалим тортилди. Баҳорнинг гўзаллигини тараннум этувчи куй-қўшиқлар, алёру лапарлар барчани рақсга чорлади. Наврўз сайлида бир томонда болакайлар кўм-кўк осмон узра варрак учиришса, бошқа томонда кураги ерга тегмайдиган маҳалланинг кекса полвонлари курашга тушишди. Байрам қизиқчию аскиячиларнинг кўнгилочар хандалари билан янада сермазмун ўтди.

«Яхши йил – кўкламидан маълум, дейди доно халқимиз. Айниқса, бу йилги баҳор файзли бошланди. Табиатдаги ажиб уйғониш, янгиланиш юртдошларимиз руҳиятига ҳам кўчаётир. Бугунги Наврўз сайлида ҳам барча бирдек баҳорий кайфиятда. Ўзбекона урф-одатларимизнинг намойишлари орқали меҳр-оқибат, муҳаббат туйғулари қалбларимизда яна бир бор жўш урди. Ял-ял ёниб, келин салом қилаётган, ибода тенгги йўқ келинчакларимизни кўриб, беихтиёр дилинг яйраб кетади. Шу билан бирга Наврўзда кекса-нуронийларнинг кўнглини кўтариш, улардан ҳол-аҳвол сўраш ҳам халқимизга хос эзгу қадриятларнинг ёрқин ифодасидир», — деди халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати З.Эралиева.

Байрам сайлида Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳлари аъзолари беморлар, нуронийлар, якка-ёлғизлар, ижтимоий таъминотга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш учун хонадонларга ташриф буюришди. «Оппартак» МФЙда истиқомат қилувчи Марҳабо Сиддиқова ўзи ва фарзандлари ҳам ногирон бўлганлиги сабабли, Ўзбекистон «Адолат» СДП фаоллари томонидан моддий ёрдам кўрсатилди.

Бир сўз билан айтганда, эзгу қадриятлар байрамида одамларнинг юз-кўзларида, сўзларида шукроналик ҳисси яққол намоён бўлди.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин! was last modified: Март 28th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »