Ҳаракатлар стратегияси ўрганилмоқда

9 Март, 10:26 • Наманган вилояти, Янгиликлар • 340 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳаракатлар стратегияси ўрганилмоқда нет

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва умумхалқ муҳокамаси асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни ўрганишга ва белгиланган вазифаларни амалга оширишга ҳамма ерда қизғин киришилди. Маълумки, мазкур ҳужжатда мамлакатимиз тараққиётини янги, янада юқори даражага кўтариш юзасидан беш устувор йўналиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши томонидан ташкил қилинган ўқув семинари ҳам мазкур Ҳаракатлар стратегиясини аҳоли ўртасида янада кенг тушунтириш ва шу асосда иш ташкил этиш масалаларига бағишланди. Тадбирда ҳудудий партия Кенгашлари раислари, фаоллар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.

Семинарни Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев очди ва олиб борди. У ўзининг кириш сўзида Ҳаракатлар стратегияси айни кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётганлигини, бундан сафдошларимиз ҳам четда эмаслигини қайд этди. Шу билан бирга олдинда мазкур тарихий ҳужжатни тарғибот-ташвиқот қилиш ва аҳоли орасида кенг тушунтириш ишларини кучайтириш вазифаси турганлиги, шаҳар ва туман партия кенгашлари, БПТлар, депутатлар бу борада фаоллик кўрсатишлари талаб этилиши таъкидланди.

Шунингдек, семинарда иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубовнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсад ва вазифалари” ҳақидаги маърузасини тингладилар. Маърузачи ушбу ҳужжатда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама, жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш кўзда тутилганлигини таъкидлади. Бешта устувор йўналишнинг ҳар биридаги бўлимларда жамият ҳаётининг барча жабҳалари қамраб олинган. “Адолат” СДП фаоллари Ҳаракатлар стратегиясини мазмун-моҳиятини тарғиб этишни энг аввало, партиянинг Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда ташкил этишлари лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Сирожиддин Жамолов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Уйчи туман Кенгаши раиси:

 — Назаримда, ҳозир ҳар бир партия ходимидан, депутатлардан омма орасига кириш, одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш талаб этилаётганлигини ҳамма яхши тушуниб турибди. Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Шунинг учун фаолларимиз, айниқса, депутатларимиз жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ўқув семинарида Наманган ва Уйчи туман партия Кенгашларининг раислари Ёрқиной Ҳожиматова ва Сирожиддин Жамолов, халқ депутатлари Тўрақўрғон ва Норин туман кенгаши депутатлари Муқаддас Ахматова, Дилфуза Ботирова ва бошқалар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни янада кенг тарғиб қилиш юзасидан зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Ҳаракатлар стратегияси ўрганилмоқда was last modified: Март 10th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »