Аёлларга эҳтиром

8 Март, 10:22 • Аёллар қаноти, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 164 марта кўрилди • Комментариев к записи Аёлларга эҳтиром нет

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни. Биз бу кунни ҳар йили байрам сифатида кенг нишонлаймиз. Баҳор фаслининг илк айёми бўлган бу шодиёна байрамларнинг энг нафис ва нафосатлиси десак муболаға бўлмас. Чунки, бу кун мунис ва мўътабар оналаримиз, лобар опа-сингилларимиз гўзалликларига янада гўзаллик бахш этади.

Аёли улуғланган ва эъзозланган юртда бахт қулоч ёзаверади. Боиси, каттаю, кичик эркак зотининг, мен бахтлиман деб яшаши учун, аввало аёллар ўзини бахтиёр ҳис қилмоғи керак.

Ушбу нафосат ва гўзаллик байрами барча жойларда бўлгани каби, Сурхон воҳасида ҳам кенг нишонланмоқда. Ушбу хайрли тадбирлардан партиямиз фаолари ҳам четда қолаётгани йўқ. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жарқўрғон туман Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда бир гуруҳ партиямиз аъзолари жам бўлишди. Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Жарқўрғон туман Кенгаши раиси Очил Жиянов  кириш сўзи билан очар экан, бугунги кунда мамлакатимизда аёллар учун яратилган имконият ва имтиёзлар хусусида сўз юритди. Ва барча қатнашчиларни байрам билан муборакбод этди.

Тадбирда сўз олганлар истиқлол йилларида юртимизда хотин-қизларга бўлган юксак эътибордан мамнунлик ҳисси билан яшаётган аёлларнинг жамият ривожи йўлида олиб бораётган заҳматли меҳнатларига тўхталди.

Қизларшой Рахматова, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати:

– Истиқлол йилларида мамлакатимизда хотин -қизларнинг фаоллигини  ошириш, уларни нафақат оилада балки жамиятда ҳам муносиб ўринга эга бўлишлари учун, барча шароит ва имкониятлар яратиб бериш йўлида ибратга молик ишлар амалга оширилди. Айни жараёнда, қизларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, уларни ўлмас қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Куни-кеча бу йил Зулфия номидаги давлат мукофотини қўлга киритган 15 нафар иқтидорли ва истеъдодли қизларга мукофотни муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўз қўллари билан топширганлари биз оналарни янада қувонтирди. Албатта, бу эътибор юртимизда аёл сиймосига кўрсатилаётган буюк эҳтиром белгисидир.

Тадбир сўнгида, партиямиз сафида туриб юрт ривожи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизларга байрам совғалари топширилди.

Мақсуд Тўраев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »