Кўрик-танловда “Тоза табиат — соф келажак учун” лойиҳаси билан чиқдим

7 Март, 11:43 • Аёллар қаноти, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 139 марта кўрилди • Комментариев к записи Кўрик-танловда “Тоза табиат — соф келажак учун” лойиҳаси билан чиқдим нет

Юртимизда хотин-қизлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ривожлантиришда фаоллик кўрсатиши, бахтли ҳаёт кечириши, ўз истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилган.

Истиқлол йилларида ўз ютуқлари билан Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиб, унинг номини улуғлаган опа-сингилларимиз сафида партиядошларимиз ҳам борлиги бизни қувонтиради. Уларнинг сафини янада кенгайтириш, оила ва жамиятда аёл қадрини улуғлаш, ёшларни билимдон, маърифатли, юксак маънавиятли қилиб камолга етказиш эзгу мақсадимиз саналади.

Шу маънода Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловида иштирок этишим сиёсий оламга бўлган қизиқишимни янада оширди.

Танловда ўз лойиҳам билан иштирок этарканман партиямизнинг Сайловолди дастурида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ экологик масалалар ҳақида таъкидланганлигига алоҳида эътибор қаратдитм. Тадбирда мен намойиш этган слайд-тақдимот ана шу долзарб мавзуга бағишланди. Албатта, инсон табиат билан уйғунликда ҳаёт кечирар экан, унинг неъматларидан оқилона фойдаланиши, ер, сув, ҳавонинг, хусусан, инсон омили туфайли ифлосланишига йўл қўймаслиги, она табиатнинг бу бебаҳо инъомларини келгуси авлодларга ҳам мусаффолигича етказмоғи шарт. Шу маънода партиямизнинг “Тоза табиат — соф келажак учун” лойиҳаси доирасида қилинаётган ишлар, айниқса, экологик муаммолар нисбатан кўпроқ кузатилаётган ҳудудларда бу борадаги масалаларни ўрганиш, зарур ечим топишда янада муҳим саналади. Экологияга, ўсимлик дунёси, ҳайвонот оламининг қай бир турига етказилган зарар табиат мувозанатига у ёки бу даражада дахл қилади ва унинг салбий оқибатидан инсонга ҳам зиён етади. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп ва бу вазифалар сафдошларимиз, хусусан, “Аёллар қаноти” аъзолари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Афсуски, она сайёрамизнинг бирор кичик ҳудудида табиатга нотўғри муносабатда бўлишнинг салбий таъсири шу ҳудуднинг ўзи билангина кифояланиб қолмайди, балки бир неча баробар катта ҳудудни қамраб олади. Табиий мувозанатга путур етказиш-етказмаслик инсон иродасига боғлиқ, аммо атроф-муҳитга етказилган зарарнинг салбий оқибатлари қачон ва қай шаклларда намоён бўлиши фақат табиатнинг ўз измидадир. Партиямиз лойиҳаси асосида аҳолининг экологик маданиятини ривожлантиришда ана шу жиҳатлар диққат марказида бўлиб келмоқда. Экологик маданият, аввало, оилада шаклланишини назарда тутсак, бу масалада аёллар муҳим ўрин тутишини теран англаймиз.

Азиза АҲМЕДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли,

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани

“Буйрапуш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси,

“Йилнинг энг фаол адолатчи аёли”

кўрик-танлови иштирокчиси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »