Муносабат: кадрлар салоҳияти юксалмоқда

31 Март, 11:16 • Муносабат, Навоий вилояти, Янгиликлар • 412 марта кўрилди • Комментариев к записи Муносабат: кадрлар салоҳияти юксалмоқда нет

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти эндиликда давлатларнинг мавқеи табиий бойликлари билангина эмас, балки интеллектуал салоҳияти билан белгиланишини таъкидлаган эдилар. Интеллектуал салоҳият эса, энг аввало, бугунги кун муаммоларини ечиб, истиқболни олдиндан кўра билишга қодир етук кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимидир. Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ўз вақтида қабул қилинганлиги ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Марказий Осиёда ягона бўлган Навоий давлат кончилик институтининг ташкил этилиши ва 2016 йили янги бинонинг қурилиб фойдаланишга топширилганлиги, лаборатория жиҳозларининг Европанинг энг ривожланган давлатларидан келтирилганлиги ҳам мамлакатимизда кадрлар салоҳиятига юксак даражадаги эътиборнинг амалий ифодасидир.

Яқин ўтмишда ҳам Навоий кон-металлургия комбинатининг довруғи дунёнинг етти иқлимида маълум эди-ю, аммо унга маҳаллий кадрларнинг қадами етиши амри-маҳол бўлганди. Эндиликда комбинат корхоналарида институт кафедралари филиалларининг ташкил этилганлиги талабаларнинг институт аудиторияларида олган назарий билимларини ишлаб чиқариш корхоналарида амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш имкониятини яратди. Бу эса ўз навбатида таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда битирувчиларимизни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Собиқ иттиффоқ шароитида геология, минерология, металлургия каби соҳалар бўйича илмий ишлар ҳимояси фақат марказ (Москва)да ўтказилган бўлса, эндиликда Навоий кон-металлургия комбинати ва Навоий давлат кончилик институти негизида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича иҳтисослашган Кенгаш фаолият кўрсатмоқда. Яқиндагина бу ерда тўрт нафар маҳаллий кадрлар докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилишди.

Навоий вилоятининг калити эса юксак салоҳиятли миллий кадрлар эканлиги қалбларимизни фахру ғурурга тўлдиради. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи доирасида институтимизга келиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Навоий бўлимини ташкил этиш борасидаги лойиҳалар билан танишганлиги, ўзининг маслаҳатларини берганлиги нур устига аъло нур бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида фаолият бошлайдиган академиянинг минтақавий бўлими Навоий ҳудудини технологик ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган фундаментал, амалий ва инновация илмий-тадқиқотларини олиб боришга ихтисослашган бўлиб, унинг таркибида бешта илмий лаборатория иш олиб боради. Шу йилнинг учинчи чорагида иш бошлайдиган илмий марказ фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришга, Навоий Давлат Кончилик институтида юқори малакали кадрлар тайёрлашга улкан ҳисса қўшади.

Президентимиз саноат ривожи учун илм, инновация сув ва ҳаводек зарурлигини алоҳида қайд этди. Фанлар академиясининг бўлимини ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганлигини таъкидлади. Бундан мақсад илмга асосланиб маҳсулотларнинг таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини оширишдир. Барча изланишлар истиқболга йўналтирилган бўлиши лозим. Шу боис тадқиқотларни замон талаблари асосида ташкил этиш, лаборатория ишларини такомиллаштириш зарур.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятимиз, жумладан институтимизга ташрифи барчани она Ватанимизнинг порлоқ истиқболи, халқимиз фаровонлиги йўлида янада катта масъулият, фидойилик билан меҳнат қилишга руҳлантирди. Бу эса биз, олимларнинг эл-юртимиз, давлатимиз олдидаги шарафли ва муқаддас фарзандлик бурчимиздир.

Саодат БАЗАРОВА,

профессор, Навоий Давлат Кончилик
институти энерго-механика факультети декани.

Муносабат: кадрлар салоҳияти юксалмоқда was last modified: Март 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »