Оналарга эҳтиром ёрқин келажакка эътибордир

10 Март, 12:10 • Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 431 марта кўрилди • Комментариев к записи Оналарга эҳтиром ёрқин келажакка эътибордир нет

Юртимизда айни кезларда фасллар келинчаги баҳор нафаси кезиб юрибди. Яшилликка бурканган табиат киши кайфиятига баҳорий илиқлик олиб киради. Табиатнинг бетакрор мўъжизаси қаршисида ҳайратланиб турган айни паллада нафосат, гўзаллик тимсоли ҳисобланмиш аёллар, опа-сингилларимиз янада яшариб, чиройига чирой қўшилганини кўриб суюниб кетади киши.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Наврўз» давлат қабуллар уйида ўтказилган тантанали байрамда иштирок этар эканман, аёл, она, опа-сингилларимизга кўрсатилаётган эътибор ва рағбат оқила, билимли, жамиятда ўз ўрнига эга хотин-қизларимизнинг ишлашга, жамият, юрт равнақи учун наф келтиришга бўлган иштиёқини янада ошираётганига гувоҳ бўлдим. Касбим тақозоси билан дунёнинг кўплаб давлатларида бўлганман. Бошқа мамлакатлар аёлларини камситмаган ҳолда қатъий ишонч билан айта оламанки, фарзанд тарбиясига бўлган эътибор, хушмуомалалик, гўзаллик, қўйингки, меҳнатсеварлик бобида ҳам Ўзбекистон аёлларига етадиганини учратмадим.

Давлат аҳамиятига молик муҳим ишларнинг кўплигига қарамай тантанали байрамда шахсан Президентимизнинг иштирок этиши, у кишининг биз, Ўзбекистон аёлларига қаратилган дил сўзлари юртимиздаги жамики опа-сингилларимизни руҳлантириб, янгидан-янги марраларни кўзлашга ундаганига ишончим комил.

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият эканлигини таъкидлаган давлатимиз раҳбарининг “Барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз. Айниқса, сиз, азизларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнингиз ва хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди”, деган сўзлари барчамизни тўлқинлантириб юборди.

Президентимиз ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида ўзларини тўла намоён этиб келаётган хотин-қизларимизнинг хизматини алоҳида эътироф этгани, ҳатто ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган опа-сингилларимизни номма-ном ёдга олганлиги ҳам ҳар биримизни қувонтирмасдан қолмади. Шахсан мамлакатимиз етакчисининг эътирофи, мақтови номлари қайд этилган опа-сингилларимизга ҳавас қилувчи, уларга ўхшашни ният қилувчи ёшларимиз сафини ошириши муқаррар. “Мен ҳам халқимиз, Президентимизнинг назарига тушиш учун Муножот Йўлчиевадек буюк санъаткор бўлишим керак” ёки “Феруза Эрматова ёки Дилоромхон Тошболтаева сингари моҳир шифокор бўламан” дея ўз олдига эзгу мақсадларни қўядиган ёшларимиз сафи кенгайишига шубҳа йўқ.

Президентимиз табригида қайд этилганидек, ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга бўлган муносабати билан белгиланиши, шунинг учун ҳам мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳеч кимга сир эмас. Зеро, ҳозирги вақтда мамлакатимиз хотин-қизлари орасида 514 нафар фан доктори, 6 нафар академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати борлиги, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоизидан зиёдини аёллар ташкил этишининг ўзи юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузи, мавқеини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг ёрқин намунасидир. Бундан ташқари, ҳар йили Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган зукко, ташаббускор, истеъдодли ёш қизларнинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиши анъанага айланиб улгурганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, аёлини эъзозлаган юрт ҳар томонлама соғлом авлод дунёга келишига эриша олади. Соғлом авлод эса мамлакати, халқи манфаатини ҳар нарсадан устун қўяди ва юрт довруғини бутун дунёга таратишга интилади. Шундай экан, биз, аёллар ҳам, ўз навбатида, қаратилган эътибор ва рағбатга муносиб даражада меҳнат қилишимиз, юрт ривожига муносиб ҳисса қўшишимиз шарт.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги

Ўзбекистон «Адолат» СДП депутати,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори.

 

Оналарга эҳтиром ёрқин келажакка эътибордир was last modified: Март 10th, 2017 by Anvar Egamqulov

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »