Осиё опанинг етти гўзали ёки энг муносиб байрам совғаси

10 Март, 09:55 • Аёллар қаноти, Андижон вилояти, Янгиликлар • 232 марта кўрилди • Комментариев к записи Осиё опанинг етти гўзали ёки энг муносиб байрам совғаси нет

Андижон туманининг Қўнжи қишлоғида яшовчи партиядошимиз Осиёхон опа Тошматованинг хонадони чорак асрдан буён йилнинг тўрт фаслида гўзалликни севувчилар билан гавжум. Яқинларига энг муносиб совға истаганлар борки, хеч иккиланмай опанинг гулхонасига кириб келади.

Баҳор байрами кунлари гул шайдоларининг сафи янада кенгаяди. Иккита иссиқхонада етиштирилаётган 17 турдаги гулларнинг ҳар бири ўз мижозларига эга. Андижонликлардан ташқари Фарғонадан тортиб Сурхондарёда ҳам доимий харидорлари бор.

– Аёллар байрамига беш турдаги янги гулларни етиштирдик,-дейди Осиёхон опа турфа рангларда товланиб турган ғунчаларга меҳр билан боқиб, – Буниси ўз номи билан етти гўзал, етти хил рангга эга. Келиним Моҳинур китоблардан кўриб яратди. Кўпчилик суйиб харид қилмоқда.

Гулчилар оиласи оламни гўзаллик асрайди, деган хикматни ўзларига шиор қилиб олган. Доим янги навлар яратиш устида изланишдалар. Андижон шаҳридаги гул дўконларининг аксариятида улар етиштирган гуллар ўз ўрнига эга. 2016 йилда 20 миллион сўм даромад қилинди. Бу хонадонда қурилаётган янги уйга пойдевор бўлди. Айни кунларда яна 20 минг туп кўчатлар экишга тайёр.

– Биринчи Президентимиз биз андижонликларга баҳо берганда дўпписида сув келтириб бўлсада гул ўстиради, деганда айни мана шундай гўзаллик шайдоларини назарда тутган бўлса ажаб эмас,-дейди партия Андижон вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” раиси Малохатхон Мусаева. – Партиядошларимиз орасида юрт ободлигига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Айни баҳор байрамлари улар яратган гўзаллик билан янада чирой очмоқда.

Яратувчилик ва гўзаллик нафаси уфириб турган Тошматовлар хонадонига барчанинг ҳаваси келади. Бу оилани гулчилик мактаби, деб атасак сира муболаға бўлмайди. Чунки қишлоқда уларнинг изидан бораётган оилалар сафи кенгайиб бормоқда. Ойнахон Абдунабиева, Майрамхон Қосимова, Хуршидахон Норқўзиева каби ўнлаб хонадон соҳибалари бугун айни шу йўналишда оилавий тадбиркорга айлангани фикримиз далилидир. Бу томорқадан самарали фойдаланишда қўнжиликлар бошқаларга ибрат бўлаётганини кўрсатади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »