Сайёр қабул: фуқароларнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончи янада мустаҳкамланмоқда

31 Март, 14:16 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Андижон вилояти, Янгиликлар • 786 марта кўрилди • Комментариев к записи Сайёр қабул: фуқароларнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончи янада мустаҳкамланмоқда нет

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимизда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга бўлган эътибор янада ортди. Бу борада аниқ механизм ишлаб чиқилган бўлиб, унинг таркибида сайёр қабул фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилояти шаҳар ва туманларидаги сайёр қабулида мурожаатлар адолатли кўриб чиқилаётгани партиядошларимиз томонидан эътироф этилмоқда.

Қўрғонтепа туманида 48 нафар фуқароларнинг аризалари кўриб чиқилди. Ана шу мурожаатларнинг аксарияти уй-жой масаласи, болаларни нафақа пули билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаларини барпо этишдаги муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ. Ҳар бир мурожаат маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди идораларнинг раҳбарлари иштирокида ўрганиб чиқилди ва аксарияти ўз ўрнида ечимини топди.

Андижон шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган қабулда қилинган мурожаатларда жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, вояга етмаган болаларга алимент тўлаш, аҳолини суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш борасида муаммо ва камчиликлар мавжудлиги кўзга ташланди.

Пахтаобод туманида яшовчи фуқаро Нигорахон Комилова:

Ўнг оёғимга 2000 минг АҚШ доллари қийматидаги протез ўрнатилган. Чап оёғимга протез қўйдиришда маблағдан қийналяпман. Мана шу масалада ёрдам сўраб мамлакатимиз Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат этгандим. Сайёр қабулда соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман ҳокимлигининг кўмаги билан кредит маблағи ажратиладиган бўлди. Ана шу маблағ эвазига Тошкентдаги нуфузли тиббиёт марказида протез қўйиладиган бўлди. Яратилган бундай имкониятдан хурсандман.

Айтиш лозимки, Ўзбекистон ҳукумати порталидаги виртуал қабулхона давлатимиз раҳбари билан оддий одамлар ўртасида ҳеч қандай воситачиларсиз тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйди. Мурожаатларнинг қисқа вақт ичида қонун доирасида ҳал бўлаётгани фуқароларга мақул бўлмоқда.

Балиқчи туманида яшовчи фуқаро Шаҳло Асқарова:

Банкдан 18 миллион сўм кредит маблағи олиб, тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтирмоқчи эдим. Бироқ Сарвар Йўлдошев деган шахс бу маблағларни ўзлаштирмоқчи бўлиб, мени анча сарсон қилди. Мурожаат қилган эдим, Балиқчи туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг аралашуви билан адолат қарор топди.

Бўз тумани Пиллакор маҳалласида яшовчи Г.Цой ҳудудда доимий равишда юзага келаётган зах сувлар аҳоли ўртасида турли касалликлар келтириб чиқараётгани, табиат мувозанатига салбий таъсир кўрсатаётганини баён этди. Мурожаат Норин-Қорадарё ирригация тизими ҳавзаси бошқармаси томонидан тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқиляпти.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Шерзодбек Валиев:

Жойларда ўтказилаётган учрашувлар фуқароларнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Хукуматимиз томонидан ташкил этилган сайёр қабул бу борада катта қадам бўлди. Биз адолатчилар ҳам кенг жамоатчилик орасига кириб бориб, мавжуд   муаммоларни ўрганиш билан бирга ечимни топишга кўмаклашмоқдамиз.

Бир сўз билан айтганда, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш янги босқичга кўтарилди. Бу мавжуд  муаммоларнинг ечимини топиш билан бир вақтда халқимиз турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Сайёр қабул: фуқароларнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончи янада мустаҳкамланмоқда was last modified: Март 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »