Ўқув-семинар: мурожаатлар билан ишлаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда

31 Март, 17:40 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Бухоро вилояти, Янгиликлар • 463 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўқув-семинар: мурожаатлар билан ишлаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тартиботи барча давлат идоралари фаолиятида мутлақо янги тизимга ўтказилди. Хусусан, 2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши, давлат органларининг фуқаролар билан доимий мулоқот қилишининг энг долзарб ва устувор вазифаларини белгилаб берди.

Жорий йил Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон «Адолат» СДП тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва усулларини жорий этиш мақсадида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмасида партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши томонидан «Ўзбекистон «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши ва туман кенгашларида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби» мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди. Тадбирда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими иштирок этди. Унда партиянинг шаҳар ва туман Кенгаши раисларига «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун мазмун-моҳияти, мурожаатлар билан ишлаш механизмлари тўғрисида батафсил маълумот бериб борилди.

Бухоро вилоят Адлия бошқармаси «Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бўлими» етакчи маслаҳатчиси Ҳомид Ҳотамов «Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишнинг қонуний асослари» мавзусида гапириб ўтар экан, албатта вилоят Адлия бошқармаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жиддий эътибор қаратилганлиги, уларни ўз вақтида ўрганилганлиги, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш мақсадида мурожаат муаллифи иштирокида ўз жойида кўриб чиқиш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилганлиги айтиб ўтилди.

  • Бухоро вилояти Адлия бошқармасига 2016 йил давомида жами 747 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Уларнинг 585 таси ҳал этилган бўлиб, шундан 237 таси фуқароларни (41%) қаноатлантирган. «Ишонч телефон» лари орқали келиб тушган мурожаатлар 92 тани ташкил этади. 44 таси фуқароларни қаноатлантирган бўлса, 34 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилган. Жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида 53 минг 740 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Буларнинг аксарияти мурожаатлар билан боғлиқ.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4904-сон фармонлари асосида Ўзбекистон «Адолат» СДП тизимида жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини белгилаб берадиган Низом ишлаб чиқилиб қабул қилинди. Бугунги кунда эса ушбу низом асосида маҳаллий ва ҳудудий кенгашларда ташкил этилган «Адолат» қабулхоналари ўз фаолиятини йўлга қўйишмоқда.

Ташкил этилган семинардан асосий мақсад жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, партия тизимида жорий қилинган «Адолат» қабулхоналарига бириктирилган мутахассисларга фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий асослари, тартиб-қоидалари ҳақида зарур билим ва кўникмалар бериш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга қаратилган.

«Адолат» СДП тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма, оғзаки, электрон мурожаатлари билан ишлаш тартиби» мавзуси бўйича сўзга чиққан партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Зуҳро Мирзаҳамдамова партия тизимида жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибига оид масалаларга атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, фуқаро мурожаатлари билан ишлаш бўйича Низомда белгиланганидек, улар ёзма, оғзаки ва электрон шаклда қабул қилиниши, тури ҳамда шаклидан қатъий назар бир ҳил аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Семинар давомида, шунингдек, кўриб чиқилмайдиган мурожаатлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди. Ва уларнинг ҳар бири хусусида батафсил тушунчалар берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Ўқув-семинар: мурожаатлар билан ишлаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда was last modified: Март 31st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »