Уюшмаган ёшлар: «Кўк кит», «Тинч уй», «F57», «WinX» каби ўйинлар вояга етмаган ўсмирларни ўз домига тортаётганлиги ҳақида огоҳлантирилди

24 Март, 16:36 • Муҳим хабарлар, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 252 марта кўрилди • Комментариев к записи Уюшмаган ёшлар: «Кўк кит», «Тинч уй», «F57», «WinX» каби ўйинлар вояга етмаган ўсмирларни ўз домига тортаётганлиги ҳақида огоҳлантирилди нет

2017 йил 24 март куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Учтепа тумани “Кўкча Оқтепа” МФЙ мажлислар залида “Ахборот хавфсизлиги ва интернет маданияти: муаммо ва ечимлар” мавзусида семинар ўтказилди. Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Республика “Оила” илмий-амалий Маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда маҳаллада истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар жам бўлишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳозирги глобаллашган ахборот муҳити шароитида ёшларда ижтимоий-сиёсий жараёнларга муносабатни шакллантириш, уларга ахборот олиш ва тарқатиш борасида тушунчалар бериш, ахборот оламида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш ҳамда уларда инернет тармоғи орқали бўлаётган турли ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларга қарши ғоявий иммунитетни мустаҳкамлашга қаратилди.

Қайд этилганидек, истиқлол йилларида биринчи Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”га ҳамда кучли ижтимоий сиёсат принципларига асосланган ҳолда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатлари Конституциямиз ва қатор қонунларимизда мустаҳкамлаб қўйилди. 1991 йил 20 ноябрдаёқ қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган ёшларга оид сиёсатни ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишнинг қонуний асосини яратиб берди.

Ушбу қонуннинг 2016 йил 14 сентябрда янги таҳрирда қабул қилиниши эса мустақиллик йилларида олиб борилган босқичма-босқич, тадрижий ислоҳотларнинг мантиқий ва қонуний давоми бўлиб, бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Семинарда сўзга чиққанлар ахборот-коммуникация технологиялари жадаллик билан ривожланаётган айни даврда аҳолининг ахборот олиш имкониятларини кенгайтираётгани, бу эса ўз навбатида фуқароларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш масаласи долзарб масала эканлиги хусусида тўхталдилар.

Таъкидлаб ўтилганидек, биз яшаётган асрда ёшларнинг маънавияти ва дунёқарашига салбий таъсир кўрсатишга мўлжалланган ахборот психологик хуружлар ва таҳдидларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда интернет оламида кенг учраётган “кибержиноят”, “киберфирибгарлик”лар жиноятчилар ва жабрдийдаларнинг интернет-маданият меъёрларига риоя қилмаслиги оқибатида юзага келмоқда.

Айниқса, ижтимоий тармоқларнинг турли сегментларида яшин тезлигида оммалашиб бораётган «Кўк кит», «Тинч уй», «F57», «WinX», “югурасан ёки ўласан” каби ўйинлар ҳали вояга етмаган ўсмирларни ўз домига тортиб бораётганлиги ҳақида алоҳида сўз юритилди. Қайд этилганидек, манфур мақсадли кимсалар турли ижтимоий тармоқлар орқали ёш болалар ва ўсмирларни шу турдаги ўйинларга жалб қилиб, уларнинг руҳий оламига салбий таъсир этаётгани вояга етмаганлар ўртасида профилактика ишларини кучайтиришни тақозо этмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам, бугун дунёнинг деярли барча мамлакатларига глобаллашув жараёни ниқоби остида бузғунчилик ва ахлоқсизликни тарғиб қилаётган турли ахборотлар кириб келмоқда. Бу жараёнда нияти бузуқ гуруҳлар ўз олдига бошқа халқларнинг маънавияти, маданияти, турмуш тарзи, ҳаттоки дунёқарашини ўзгартириш мақсадида айнан ёшлар қатламини ўз ҳаракатларининг объектига айлантиришлари бежиз эмас. Сабаби, биринчидан, ёшлар ҳар қандай жамиятда энг фаол ва кўпчиликни ташкил этади. Иккинчидан, ёшлар доимо янгиликка ўч, ён атрофда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга катта қизиқиш билдирадилар. Учинчидан, ёшларнинг кўпчилигида қатъий фуқаролик позицияси шаклланиб улгурмаган. Тўртинчидан, кўп ҳолларда ёшлар ўзлари қабул қилаётган ахборотларнинг ҳаққоний ва асл мақсади нима эканлигини чуқур англаб етмайдилар. Шу боис, ахборотни қайси манбадан олишларидан қатъий назар уни бирламчи ва энг тўғри маълумот дея қабул қиладилар.

Шу боисдан интернетнинг ижобий томонларини инкор этмаган ҳолда ундан ноўрин фойдаланиш салбий жиҳатларини ҳам унутмаслик, эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларни турли ахборот хуружларидан ҳимоялаш ҳар биримизнинг муҳим вазифамизга айланмоғи лозим. Бу ўринда ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, турли маънавий таҳдидларга нисбатан мафкуравий иммунитетини шакллантириш бўйича ишларни амалга оширишда, хусусан, уларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари самарали ҳамкорлик олиб бориши зарурлиги айтиб ўтилди.

Тадбирда депутатлар ва партия фаоллари томонидан қайд этилганидек, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам ёшларга аҳолининг энг илғор қатлами, Ватанимиз келажагининг муҳим пойдевори сифатида қарайди ҳамда ўз сафларидаги 50 мингдан ортиқ «ёш адолатчилар» орқали навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол шахслар бўлиб вояга етишлари, инновацион фикрлайдиган, замонавий билимларни эгаллаган, мамлакатимиз келажагини ўз тақдирига дахлдор деб биладиган, ташаббускор ва фаол ёшлар авлодини шакллантиришни мақсад қилган ҳамда бу борада бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

«Адолат» СДП сайловолди дастурида белгиланганидек, дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Шу нуқтаи назардан партия томонидан ўтказиб келинаётган ушбу йўналишдаги тадбирлар ёшларнинг ахлоқий-руҳий ҳолати тўғрисида аниқ бир хулосаларга келиш, уларнинг мамлакатда яратилган ахборот макони ва ахборот инфратузилмалари борасидаги билим, кўникмаларини аниқлаш имкониятини яратади.

Тадбирда партиянинг асосий мақсади мустақил республикамизнинг дунёдаги ривожланган давлатлар сафида бўлишига эришиш, демократик жамият қуришда фуқароларнинг фаоллигини янада ошириш, Ватанни севиш, тинчлигимизни асраш ва мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш эканлиги алоҳида қайд этилди.

Жонли мулоқот тарзида ўтган семинарда ёшлар депутатлар ва мутахассислардан ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

Ўзбекистон «Адолат» СДП матбуот хизмати.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »