Зулфияхоним издошиман

10 Март, 14:55 • Ёш адолатчилар, Қорақалпоғистон Республикаси, Янгиликлар • 356 марта кўрилди • Комментариев к записи Зулфияхоним издошиман нет

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1999 йилда таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти мамлакатимизнинг барча гўшаларида адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли қизларимиз учун давлат сиёсати даражасидаги рағбат ва қўллаб-қувватлашнинг ёрқин намунаси бўлди.

Миллий адабиётимизнинг ёрқин намояндаси номи билан аталган ушбу мукофотга сазовор бўлиб, кўксига нишон таққан ҳар бир қиз бахт ва баҳор куйчиси, ҳассос шоира ва таржимон, моҳир журналист, меҳрибон она ва устоз Зулфия сиймосига юксак ҳурмат-эҳтиром билан қараб, бу улуғ инсонни ўз ҳаёт йўли, изланишларида уни доимо ибрат тимсоли деб билади.

Қадриятларни асрлар оша асраб келаётган қорақалпоқ халқининг мен каби оддий қизига Президентимиз қўлидан давлат мукофотини қабул қилиб олиш ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлиб қолди.

Болалигимдан адабиётга бўлган меҳрим туфайли туман миқёсидаги “Кегейли ҳаёти”, қорақалпоқ ёшларининг севимли нашрлари “Жеткиншек”, “Қарлиғаш” журналлари ва “Қорақалпоғистон ёшлари”, “Устоз йўли”, “Қорақалпоқ адабиёти”, “Еркин Қарақалпақстан” газеталари, шунингдек, мамлакатимизнинг “Тонг юлдузи”, “Туркистон”, “Гулхан”, “ўунча” каби марказий нашрларида ҳам шеър, ҳикоя ва мақолаларим билан қатнашиб келмоқдаман.

Ўзим каби тенгдошларим қаторида турли танловларда иштирок этдим. 2013 йилда “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 1-ўринни эгаллаган бўлсам, “Камалак юлдузлари — 2013” болалар ижодиёти фестивалининг мамлакат босқичида адабиёт йўналиши бўйича Гран-При соҳибига айландим.

2014 йил “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танловининг “Адабиёт ва журналистика” номинацияси наср йўналиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиби, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган “Солиқ билимлари болаларга” танловининг мамлакат босқичида 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлдим.

Шу билан бирга, 2016 йил “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танлови, “Маҳалланинг энг ораста қизлари” танловининг мамлакат босқичида 1-ўринни эгаллаш бахтига муяссар бўлдим.

Спортнинг стол тенниси, шахмат-шашка ва югуриш турлари билан мунтазам шуғулланиб келаман ва бир қатор мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритдим.

Болалигимдан расмлар солиб, касаначилик билан шуғулланаман.

2011 йил “Билим” нашриёти томонидан “Ақтубанинг қизиман” номли илк шеърий тўпламим нашрдан чиқди. 2015 йилда “Ҳа губелек, губелек!…” номли шеърий тўпламим ва “Жузик” номли ҳикоялар тўпламим қорақалпоқ-инглиз тилларида чоп этилди.

2016 йил йилда эса қорақалпоқ ёшларининг “Жеткиншек” газетаси фонди ҳисобидан “Кекселерде бала болған” номли китобим нашрдан чиқди.

Албатта, буларнинг барчаси замирида юртимиздаги тинчлик, иқтидорли ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор, ота-онам ва устозларим тарбияси ва ўгитлари, Яратган томонидан менга ато этилган истеъдод ва тинимсиз изланишларим турибди.

Келгусида Президентимиз, давлатимиз билдирган юксак ишонч ва эътиборга лойиқ бўлишни шарафли бурчим деб биламан.

Айжамал КАРАМАТДИНОВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори,

Қорақалпоқ давлат университети қошидаги

1-академик лицей ўқувчиси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »