Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлашда ОАВнинг ўрни

7 Апрель, 10:55 • Бухоро вилояти, Семинар, Янгиликлар • 76 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлашда ОАВнинг ўрни нет

Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тобора фаол иштирокчисиги айланиб бораётганини қайд этиб, «Адолат» СДП ОАВнинг мустақиллиги ва эркинлигини янада мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш вазифаларни сайловолди дастурида ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шу билан бир қаторда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда ОАВнинг ролини кучайтиришга ҳам катта эътибор қаратилган.

Таъкидлаб ўтадиган бўлсак, бугунги кунда ОАВга жуда катта эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, жамоатчиликнинг назоратини ўрнатишда унинг роли беқиёс эканлиги алоҳида таъкидланмоқда.

Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»ни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг бажарилиши устидан кенг жамоятчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг роли»га бағишланган тадбир республикамизнинг барча вилоятларида бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Бухоро вилоятида ҳам ташкил этилган ушбу тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси, Бухоро вилоят адлия бошқармаси, Бухоро вилоят Меҳнат бошқармаси бўлими ҳамда вилоятдаги барча ОАВ, матбуот хизмати ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад – жорий йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонида белгиланган йўналишлар бўйича «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилиши белгиланган вазифалар, мазкур дастурнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг ўрни ва ролини ошириш, соҳа ходимларининг ушбу масалаларни ёритишга оида касбий билим, тажрибаларни оширишга қаратилган ишларни муҳокама қилишдан иборат.

Тадбирда таъкидланганидек, ўтган қисқа вақт давомида Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан халқ билан мулоқот самарадорлигини янада ошириш мақсадида Президент, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг виртуал қабулхоналари, жойларда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилганлиги халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмини яратмоқда. Бу эса келажакда қабул қилинаётган ҳужжатларнинг халқчил бўлишини таъминлашга хизмат қилмқда.

Семинарда асосий эътибор «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»ни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг бажарилиши устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналистлар олдида турган вазифаларга қаратилди. Тадбирда сўзга чиққанлар жамоатчилик назорати мақсад ва вазифалари хусусида ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини айтиб ўтишди. Шунингдек, жамоатчилик назорати ОАВ томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан улар томонидан қонунга риоя этилиши ва ўз мажбуриятларини масъулият билан, профессионал тарзда бажарилишини таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими эканлиги, жамоатчилик назорати тўғридан-тўғри ёки билвосита усуллар ёрдамида амалга оширилишини қайд этди.

Бир сўз билан айтганда, ОАВнинг мазкур соҳадаги энг муҳим вазифаси фуқароларнинг фикрлар хилма-хиллиги ва ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш асосида ахборотдан фойдаланиш имкониятига ҳар томонлама кўмаклашишдир.

Семинар иштирокчилари бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш мезанизмларни жорий этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифати учун масъулиятни ошириш, уларнинг самарали фаолият юритишини янада кучайтириш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, мамлакатимиз ва хорижда кечаётган воқеа-ҳодисалар хусусида фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализмни ҳисобга олган ҳолда таъминлаш борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шу билан бирга, мазкур вазифаларнинг амалга оширилиши нафақат ахборот соҳасини бевосита ривожлантириш, балки давлат ҳокимияти органлари фаолиятиниг транспарентлигини, мамлакатда юритилаётган давлатнинг ташқи ва ички сиёсати очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш тизими орқали унинг асосини яратади ҳамда ОАВнинг фуқаролик институтлари, жамоатчилик назорати тизимида изчил мустаҳкамланишига кўмаклашади.

Тадбирда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилишда фаоллик кўрсатиш, аҳоли билан мулоқот ўтказиш, мавжуд муаммоларни чуқар ўрганиш ҳамда уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш долзарб масала эканлиги қайд этилди.

Жумладан, журналистларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича саводхонлиги ошириш, журналист кадрларни тайёрловчи олийгоҳлардаги машғулотни амалиёт билан бевосита боғлаш, журналист кадрларда ихтисослашув масаласини ривожлантириш, давлат органлари билан алоқаларни кучайтириш, ахборотларни холис ёритиш, касб этикаси қоидаларига қатъий риоя қилиш, ўзаро адолатли рақобат муҳитини шакллантириш, хорижий тилларни ўрганиш каби масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унда белгиланган вазифаларни атрофлича тушунтириш ва ОАВ олдида турган энг муҳим долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, зарур таклиф ва тавсиялар берилди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »