Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун моҳияти ўрганилди

29 Апрель, 16:22 • Семинар, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 628 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун моҳияти ўрганилди нет

Юртбошимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси халқимизнинг порлоқ келажаги ҳамда истиқболини белгилаб берган устувор йўналишлар қамраб олинган. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд – ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳозирда мазкур Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун моҳияти фуқароларга, хусусан парияга аъзолар ҳамда партия хайрихоҳларига маҳаллий партия ташкилотлари томонидан давра суҳбати тарзида етказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё туманидаги 10–сонли Мусиқа ва санъат мактабининг мажлислар залида “Ҳаракатлар стратегияси-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим омили” мавзусида ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Орифжон Қудратов, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов, Сирдарё туман партия ташкилотининг “Аёллар” ва “Ёш адолатчилар” қаноти вакиллари, коллеж ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган мақсад фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини янада юксалтириш ва Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси бешлигидан жой олган иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишари ҳақида кенг тушунчалар беришдан иборат бўлди.

Тадбирни Сирдарё туман партия ташкилоти раиси Турғунбой Каримов кириш сўзи билан очиб, ушбу тадбирнинг мақсад ва вазифалари хақида тўлақонли ахборот берди.

Шундан сўнг бирин — кетин тадбирда сўз олган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Валижон Тўйчиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси Орифжон Қудратов, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродовларнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил февраль ойидаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олингани, унда яқин беш йилликда мамлакатимиз забт этиши назарда тутилган улкан довонлар, халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг механизмлари аниқ белгилаб берилганлигини таъкидланди.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади, олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт — шароитлар яратиш, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборат эканлиги айтиб ўтилди.

Салоҳиддин Элмуродов – халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати:

Бугунги ўтказилган давра суҳбати давомида мазкур фармоннинг барча йўналишларига бирма – бир тўхталиб ўтиб, фуқароларга унда белгиланган барча вазифалар ҳақида атрофлича маълумотлар етказиш орқали фуқаролар сиёсий онгини мустаҳкамлашга ҳаракат қилдик. Зеро, фармонда белгиланган вазифаларни амалга оширилишида барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиб, ўз ҳиссамизни қайсидир маънода қўшишимиз шарт.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга тадбир ташкилотчилари томонидан атрофлича жавоб олдилар.

Тадбир якунида таъкидланганидек, ушбу тарихий ҳужжатда мамлакатимизда яшаётган барча фуқаролар манфаатига мос кўплаб вазифалар, чора — тадбирлар белгилаб берилган. Ушбу вазифаларни амалга оширилишида ҳар биримиз масъулиятни тўла англаб муносиб ҳисса қўшишимиз лозим.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот хизмати.

Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун моҳияти ўрганилди was last modified: Апрель 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »