Барча мурожаатлар эътиборда

29 Апрель, 16:19 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Адолат қабулхонаси, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 214 марта кўрилди • Комментариев к записи Барча мурожаатлар эътиборда нет

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари устуворлиги мамлакатимизда амалга оширилаётган янги босқичдаги демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига айланиб улгурди. Бугун халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш барча даражадаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятининг асосий йўналишига айланган.

Шу маънода Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида фаолият юритаётган “Адолат” қабулхоналари ҳам аллақачон фуқароларимизнинг ишончига киришга эришди, деб бемалол айта оламиз. Бугун “Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади”, — деган ибратли сўзлар партия қабулхоналарининг асосий шиорига айланган. Буни партия тизимидаги қабулхоналарга келаётган мурожаатларнинг аксарият қисми ижобий ечимини топаётганлигидан англаш мумкин. Бу борада Сирдарё вилояти Кенгаши қошидаги “Адолат” қабулхоналари фаолияти мисолида таҳлилларни кузатар эканмиз ўтган икки ой мобайнида вилоят Кенгаши қошидаги қабулхоналарга феврал-март ойлари ҳолатига кўра жами 40 та мурожаат келиб тушганига гувоҳ бўламиз. Ушбу муддат  давомида тўрт нафар фуқарога тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилган бўлса, 19 нафар фуқаро мурожаати ҳал этилди. Шунингдек, ижроси назоратда бўлган мурожаатларнинг 11 тасига апрел ойида ижобий ечим топилган.

Хусусан, Боёвут туман партия Кенгаши қабулхонасига “Беруний” МФЙга қарашли 24–кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар Н.Зоҳидова, О.Нишонова, А.Холиқулов, Л.Понорецкая, Х.Донаев, А.Абдуллабеков, Т.Ортиқбоевлар мазкур уйда ичимлик суви йўқлиги сабабли қўшни ҳовлили уйлардан сув ташиб ичаётганликлари ва бундан кўп қаватли уйда истиқомат қилаётган барча фуқаролар азият чекаётганлиги ҳақида мурожаат қилишди. Мазкур масала юзасидан туман Сувоқава бошқармасига юборилган сўровга биноан жорий йилнинг май ойи бошида ичимлик суви қувурларини таъмирлаш ишлари режасига киритилганлиги ҳақида маълум қилинди.

Гулистон шаҳар “Ибрат” МФЙ, “Мингтерак” кўчасида истиқомат қилувчи Б.Жиянмуродов маҳалладаги ички йўлнинг носозлиги, йўлакларнинг таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги ҳақидаги мурожаати туман йўл қурилиш бошқармасига юборилган сўров орқали ижобий ҳал этилди. “Мингтерак” кўчаси таъмирлаб берилди.

Сайхунобод тумани, ”Нуробод” маҳалласида яшовчи А.Тажибаевнинг кўзи ожизлигига қарамай ногиронлик бўйича нафақа ололмаётганлиги ва даволаниш учун имконияти йўқлиги ҳақидаги мурожаати туман Кенгаши депутати Э.Муҳаммадиев томонидан тиббиёт бирлашмасига чиқарилган сўров асосида А.Тожибевга вилоят кўз касалликлари шифохонасида даволаниб, 3-гуруҳ ногиронлиги бўйича нафақа тайинланишига кўмаклашилди.

Шунингдек, “Фаровон” МФЙ, “Қадрият” кўчасида яшовчи Г.Бобожонованинг маҳалла ҳудудида мактабгача таълим муассасаси қурилиши бўйича билдирган таклифи бўйича вилоят Кенгаши депутати С.Элмуродов томонидан туман ҳокимлигига депутатлик сўрови йўлланди. Сўровга асосан мазкур ҳудудда мактабгача таълим муассасасини қуриш масаласи 2018 йил давлат дастурига киритилганлиги маълум қилинди.

Мирзаобод тумани Кенгашига “Янги овул” МФЙ, “Тинчлик” кўчасида яшовчи З.Тўраева номидан маҳаллада чиқиндиларни тўкиш учун махсус чиқиндихона йўқлиги ҳақидаги шикоят келиб тушди. Ушбу мурожаат бўйича туман архитектура ва қурилиш бўлимига мурожаат қилинди ва ушбу ҳудудга  чиқиндихона қурилиб, махсус чиқиндиларни тўкиш мосламаси ўрнатилди.

Хулоса қилиб айтганда, “Адолат” қабулхоналари фуқароларнинг дарду ташвишларига шерик бўлиб, уларни ўйлантираётган муаммоларнинг бартараф этилишида яқин кўмакчи бўлмоқда.

Дилноза МИРЗАМАХМУДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати етакчи мутахассиси.

Барча мурожаатлар эътиборда was last modified: Май 2nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »