Бухоро: Мурожаатлар ечими ижобий ҳал этилмоқда

4 Апрель, 16:08 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Бухоро вилояти, Янгиликлар • 79 марта кўрилди • Комментариев к записи Бухоро: Мурожаатлар ечими ижобий ҳал этилмоқда нет

Фуқаро мурожаатлари билан ишлаш партия ходимлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари олдига қўйилган энг муҳим вазифалардан биридир. Жумладан, Бухоро вилоятининг маҳаллий партия кенгашларида фуқаро мурожаатлари билан ишлашни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган «Адолат» қабулхоналари ўз фаолиятини намунали олиб боришмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон «Адолат» СДПдан сайланган депутатлик гуруҳи аъзоларига келиб тушган оғзаки мурожаатлар ҳамда уларнинг фуқаролар билан олиб бораётган юзма-юз мулоқотлари мавжуд камчиликларнинг деярли барчасини ҳал этилишида асос бўлмоқда. Жумладан, партиянинг Қоракўл туман Кенгашига тумандаги «Тожикент» маҳалласида яшовчи, кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи Момогул Нарзуллаева газ босимининг пастлиги ҳамда иситиш тизимининг мавжуд эмаслиги билан мурожаат қилгач, туман Кенгаш раиси Нуриддин Очилов бошчилигида янги иситиш тизими топширилди.

Партиянинг Қоровулбозор туман Кенгашига «Бўстон» МФЙ Гулистон кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Дилором Тўраева ҳамда «Тинчлик» МФЙдаги Нурчилар кўчасида яшовчи Мақсуда Боймуродовалар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадида кредит олиш масаласи бўйича мурожаат қилган эди. Партиянинг туман Кенгаш раиси Гулола Насирова ушбу масаланинг ечимини топишда кўмаклашиб, қорамол сотиб олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши мумкинлиги айтди. Шунингдек, «Ўзсаноатқурилишбанк» Қоровулбозор филиалидан ҳар бирига олти миллион сўм кредит ажратиб беришга эришилди.

Партиянинг Шофиркон туман Кенгаши раисига тумандаги Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежига узоқ йўлдан қатновчи ўқувчиларнинг ота-оналаридан коллежга келувчи йўл транспортининг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги оғзаки мурожаат келиб тушган эди. Ўрганиш натижаларига кўра, туманнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида партия туман Кенгиш раиси Зулфия Ашурова ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари кўмагида махсус автобус ташкил қилинди.

Таъкидлаб ўтадиган бўлсак, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ўз фаолиятини самарали олиб боришмоқда. Жумладан, фуқаролардан келиб тушаётган ёзма ҳамда оғзаки мурожаатлар ўрганилиб, камчиликлар бартараф этилмоқда. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг январ ойида халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Зафар Жумаев Жондор туман «Қароли» сайлов округининг сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашувида фуқаролардан табиий газ, тиббий хизмат кўрсатишда учраб турадиган баъзи муаммолар тўғрисидаги оғзаки мурожаатлар келиб тушган эди. Депутат бошчилигида ташкил этилган «Юзма-юз мулоқот»да мутасадди ташкилот ходимлари иштирок этиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишни айтиб ўтишди. «Қароли» ҚФЙ, «Яккатут» қишлоғи оқсоқоли Ҳусниддин Боқиевнинг Яккатут станциясида яшовчи 41 та хонадонни суюлтирилган газ билан таъминлаш зарурлиги бўйича мурожаати туман «газтаъминот» филиал мутахассислари томонидан жойида ўрганилиб, жорий йил 23 январ кунида филиалга тегишли ҳужжатларни топшириб, суюлтирилган газ сақланадиган махсус идишни ижарага бериш ҳамда суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича шартнома тузган 28 та аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонлари тўлиқ етказиб берилди, қолган 13 фуқарога ҳам филиалга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб топширилганларидан сўнг, суюлтирилган газ етказиб берилиши айтиб ўтилди.

«Бўрибоғи», «Хосакор», «Янги обод» қишлоқ аҳолисининг тиббий ёрдам шахобчасининг мавжуд эмаслиги, патронаж хизматининг фаол эмаслиги тўғрисида мурожаат қилган эди. Депутат ушбу муаммоларни ўрганиб, соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилганида бошқарма бошлиғи 2017 йил давомида тумандаги 0-18 ёшгача бўлган болалар, туғиш ёшидаги аёллар, ногиронлар, якка-ёлғиз аҳоли тўлиқ чуқурлаштирилган профилактик кўрикдан ўтказилиши, тиббиёт ходимлари томонидан туман аҳолисига кўрсатилаётган патронаж хизмати тубдан такомиллаштирилиши, йил давомида 3 та тез тиббий ёрдам шахобчаси (Бўрибоғи, Хосакор, Янги обод) янгидан ташкил қилиниши, тез тиббий ёрдам бўлими йил давомида 8 та махсус автомашина билан таъминланиши ҳақида ҳисобот бериб ўтди.

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Дилбар Ҳамдамовага келиб тушган мурожаатлар ҳам ўзининг ижобий ечимини топмоқда. «Тўқимачи» МФЙ ҳудудида жойлашган 12, 30 ва 37-сонли умумтаълим мактаблари бир-бирига яқин жойлашганлиги сабаб эрталаб мактабга қатнаш пайтида йўлда машиналар қатнови кўпайиб боради ва бу ўқувчиларнинг йўлда ҳаракатланишида хавф солиши табиий ҳолдир. Айни шу масала юзасидан маҳалла фуқаролари мурожаат қилгач, депутат масалани ҳал этиш мақсадида Бухоро шаҳар ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) раҳбарига депутатлик сўрови билан мурожаат этди. Мутасадди ташкилот томонидан ўрганилган сўров ўзининг ижобий ечимини топди, Алпомиш кўчаси орқали 12, 30 ва 37-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ҳаракат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш мақсадида, ҳар куни эрталаб, ҳаракат қатнови тиғиз пайтида ушбу жойда вилоят ИИБ ЙҲХБдан бир нафар ходим масъул этиб бириктирилиши белгиланди.

Жорий йилнинг январ ойида Когон туман «Дехчабод» кўчаси 28-хонадонда истиқомат қилувчи Хуршида Раҳимова 1994 йилда туғилган ўғли Маҳмуджон Раҳимовнинг 2009 йилда Бухоро шаҳар С.Айний номли 15-сонли умумтаълим мактабининг 9-синфини маълум сабабларга кўра битира олмаганлиги ва ўрта мактабни битирганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга эмаслиги тўғрисида оғзаки мурожаат қилган эди. Шунингдек, фуқаро бир неча маротаба вилоят Халқ таълими бошқармасига мурожаат қилганлиги ҳамда ҳеч қандай натижага эришмаганлиги хусусида ҳам таъкидлади. Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Дилбар Ҳамдамова бу масалани ўрганиб, ижобий натижага эришди. Фуқаро Хуршида Раҳимова мурожаатига асосан ўғли Маҳмуджон Раҳимовга Халқ таълими вазирининг 2015 йил 13 апрельдаги “Экстернат тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 9-мх-сонли буйруғи билан тасдиқланган Низомга асосан Бухоро шаҳридаги 5-сон умумтаълим мактабига мурожаат қилиб, 2017 йил 26 майда давлат имтиҳонларига қатнашишига рухсат берилди.

Фуқаро томонидан билдирилган ҳар бир мурожаат партиянинг маҳаллий Кенгаш депутати ёки туман Кенгаш раиси томонидан ўрганилса, албатта ўзининг самарали натижаларини беради. Фақат бунга ёндашишда масъулиятнинг катта аҳамиятга эга эканлигини инобатга олмоқ лозим. Зеро, фуқаро мурожаати ўз ечимини топса камчиликларнинг ўз-ўзидан бартараф этилишида йўл очилади.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »