Давра суҳбати: биз ГИЁҲВАНДЛИККА қаршимиз

28 Апрель, 15:29 • Бухоро вилояти, Семинар, Янгиликлар • 256 марта кўрилди • Комментариев к записи Давра суҳбати: биз ГИЁҲВАНДЛИККА қаршимиз нет

Бухоро Архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи билан ўзаро ҳамкорликда Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари, ўқувчи ва ўқитувчилар, Бухоро вилоят Наркология диспансери олий тоифали врач-наркологи, Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази эпидемиолог врачи иштирокида партиянинг “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида “Гиёҳвандлик – аср вабоси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни Бухоро Архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи директори Раҳмиддин Бўронов олиб борди. Давра суҳбатини ташкил қилишдан кўзланган мақсад ёшларни XXI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурган гиёҳвандлик иллатидай балога йўлиқишини олдини олишдан иборат эканини қайд этди. Коллеж директори ўз нутқида соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши, гиёҳванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб бериши, ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўлишлари мумкинлиги ҳақида тўхталаркан, “Инсон ҳар доим ўз орзу-интилишлари, мақсад ва режалари йўлида ҳаракат қилади. Агар истаса, ҳар бир киши жамият ривожи йўлида улкан ишларни амалга ошириши мумкин. Бугун мамлакатимизда ёшларнинг таҳсил олиши, эркин касб танлаши, қизиқишлари, истеъдодини юзага чиқариши учун барча имкониятлар мавжуд. Фақатгина ўша шарт-шароитларни кўра билиш ва ундан оқилона фойдаланиш лозим”,- ушбу фикрлар алоҳида тадбир давомида ҳам таъкидланди. Ҳозирги кунда гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва заҳарвандликнинг ижтимоий-салбий оқибатлари республикамизнинг барча ҳудудларида ҳуқуқий тарғибот сифатида олиб борилаётгани, бугунги кунда гиёҳвандлик умр заволи эканлиги, унинг зарарли оқибатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

“Гиёҳвандликнинг ижтимоий хавфи ҳамда ҳуқуқий оқибатлари” мавзусида Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Зухро Мирзоҳамдамова ўз маърузасида, гиёҳвандлик воситалари, психатроп моддалар муомаласига қарши курашиш билан боғлиқ муаммолар сўнги йилларда халқаро миқёсда тобора долзарб аҳамиятга эга бўлиб бораётганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси БМТ га аъзо бўлгандан сўнг ушбу нуфузли ташкилотнинг 1961 йилда қабул қилинган гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги ягона Конвенцияси, 1971 йилдаги психатроп моддалар хамда 1988 йилдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш тўғрисидаги Конвенциялари Республикада амалий жиҳатдан ҳаётга кенг жорий қилинганлиги ҳақида гапириб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августда “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ва 2000 йилнинг 1 январида кучга кирган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг ноқонуний муомиласига чек қўйиш борасидаги “Гиёҳвандлик воситаларини суистеъмол қилиниши ва ноқонуний муомаласига қарши 2006-2011 йиллар учун комплекс чора-тадбирлар” Дастуридаги вазифалар ижросини таьминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида бир қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар БМТнинг 1961, 1971, ва 1988 йиллардаги Конвенциялари талабларига мос келиши тўғрисида сўзлаб берди.

Гиёҳванд киши нафақат ўзини, балки ўз атрофидаги яқинларини ҳам ҳалокат гирдобига йўлиқтириши, гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиши натижасида шахснинг муомала лаёқатининг чекланиши, унинг оқибатида эса ҳатто ўз мол-мулкини тасарруф этиш ҳуқуқидан мосуво бўлиши, обрўси ва шаънига путур етиши, бу иллатнинг ижтимоий хавфи ҳамда ҳуқуқий оқибатлари борасида атрофлича тушунчалар бериб ўтди.

“Гиёҳвандлик – аср вабоси” мавзусида Бухоро вилоят Наркология диспансери олий тоифали врач-наркологи Аскар Итолмасов маъруза қилди. У ўз нутқида, бугунги кунда гиёҳванд моддалари билан алоқадор жиноятларнинг аксарияти ёшлар томонидар содир этилаётгани, шахснинг гиёҳвандликка мубтало бўлишининг салбий оқибатларни, бу борадаги объектив омиллар сифатида эса вояга етмаганларда бекорчи вақтнинг кўплиги ва ота-она томонидан унинг назорат қилинмаслиги, вояга етмаганларнинг гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиб кўришга бўлган қизиқиши, унинг таъсирини ўзида синаб кўришга интилиши, вояга етмаганлардаги стрессга чидамлиликнинг пастлиги, тортинчоқлик, итоаткорлик ёки унинг акси – тез асабийлашиши, ота-онанинг гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиши, вояга етмаганларнинг турли хил норасмий ўсмирлар гуруҳларининг таъсирига тушиб қолиши, уларга тобе бўлиб қолиши, вояга етмаганларнинг чекиш, сурункали ичкиликбозликнинг мантиқий давоми сифатида гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиши, ота-онанинг вояга етмаганларга ҳаддан зиёд меҳр қўйиши натижасида унга керагидан ортиқ ишониши, ота-онанинг вояга етмаганларга эҳтиёжидан ортиқ кўпроқ пул бериши ва вояга етмаганлар томонидан унинг сарфлани-шини назорат қилмаслиги ва бошқалар ҳақида гапириб ўтди. Олий тоифали врач-нарколог ўзининг гиёҳвандлик иллати ва унинг профилактикасига бағишланган тақдимотли маърузаси мобайнида гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган “Умр заволи” номли ҳужжатли фильмни ҳам тақдим этди.

“ОИТС профилактикаси” мавзусида Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази эпидемиолог врачи Умиджон Ҳамдамов маъруза қилди. У ўзининг нутқида ОИТС, гиёҳвандлик бўйича базавий маълумотлар, уларнинг зарари, асосий кўринишлари, юқиш йўллари, профилактикаси ҳамда статистикаси юзасидан зарурий ахборотларни берди. Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази вилоятимиз аҳолисига ОИВ/ОИТС профилактикаси диагностикаси, уни даволаш ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш, ОИВ инфекцияли фуқароларга маслаҳат бериш билан бир қаторда  тиббиёт муассасалари ходимларига ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси, уни даволашнинг замонавий усуллари  тўғрисида  услубий  ёрдам кўрсатиши тўғрисидаги маълумотларни ҳам айтиб ўтди. Шунингдек, ОИТС касаллигини аниқлаш мақсадида фуқаролардан ихтиёрий, ғайриихтиёрий ҳамда мажбурий тарзда олинадиган таҳлиллар борасида ҳам тушунчалар бериб ўтди.

Шунингдек, тадбирда йиғилганлар кейинги йилларда Ер юзида гиёҳванд моддаларни истеъмол қиладиган, унинг ғайриқонуний савдоси билан шуғулланадиган одамлар тобора кўпайиб бораётганлиги барчамизни огоҳ бўлишга ундаши лозимлигини қайд этишди. Ахир ногирон фарзандларнинг дунёга келиши, наслнинг бузилиши, оилавий ажралишларнинг ортиши, жиноятчилик фоҳишабозлик каби иллатлар асосида ҳам айни шу бало – гиёҳвандлик ётади. Демак, унинг салбий оқибатлари жамият учун жуда ҳам хатарлидир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари томонидан жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида аҳоли ўртасида кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганлиги, гиёҳвандлик нишонида биринчи навбатда ҳар нарсага қизиқувчан ва шу нарсага ўта берилувчан фарзандларимиз турганини таъкидлашди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши ҳамда Бухоро Архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи ўзаро ҳамкорликда ўтказган профилактика тадбирида коллежнинг иқтидорли ўқувчилари Дилшодбек Зиёев, Миршодбек Толипов, Шириной Раҳимова, Дадаон ёқубовлар сўзга чиқиб, мавзу доирасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари томонидан саҳна кўринишлари ҳам тақдим этилди.

Тадбир савол-жавоблар ва баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.

Собир БОТИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши Бош мутахассиси.

Давра суҳбати: биз ГИЁҲВАНДЛИККА қаршимиз was last modified: Апрель 28th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »