Депутат — бу мустақил фаолият, аммо у партия ва сайловчилар олдида масъуллигини унутмаслиги керак

3 Апрель, 16:17 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 328 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутат — бу мустақил фаолият, аммо у партия ва сайловчилар олдида масъуллигини унутмаслиги керак нет

Куни кеча Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан 2016 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2017 йилдаги устувор вазифаларга бағишлаб «Демократик ислоҳотларнинг янги босқичида Ўзбекистон «Адолат» СДП олдида турган устувор вазифалар» мавзусида кенгайтирилган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Самарқанд шаҳар Бизнес марказнинг мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов, вилоят хотин қизлар қўмитаси раиси, Сенат аъзоси Н.Раббимова, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд ҳудудий бўлинмаси вакили Э.Улуғмуродов, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига «Адолат» СДПдан сайланган депутатлар, туман, шаҳар Кенгаш раислари, «Аёллар қаноти», «Ёш адолатчилар қаноти» аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги барча соҳаларини демократлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, унинг изчиллиги ва самарасини таъминлашдаги фаолияти юксалиб, фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ошиб бормоқда. Мамалакатимизда сиёсий партиялар ривожига, уларнинг жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишига катта эътибор қаратилаяпти. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларда партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган масалаларнинг аксарияти ўз аксини топаётганлиги бизнинг сайловчилар олдида берган ваъдаларимизни рўёбга чиқаришга имконият яратмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида ҳам партиямиз томонидан билдирилган таклифларнинг аксарияти ўрин олганлиги бизни қувонтириши билан бирга улкан масъулиятлар юкламоқда.

Шу боисдан ҳам, «Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун» деган эзгу ғоя атрофида бирлашиб, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги ҳуқуқий демократик давлат, адолат тамойиллари таъминланадиган фуқаролик жамияти барпо этишни ўзининг асосий мақсади деб биладиган Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фаолиятини янада такомиллаштириш, бевосита халқ билан мулоқот ўрнатишда ҳамда Давлат Дастурининг ижросини таъминлашда партия иштироки юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурати пайдо бўлмоқда.

Депутат бу мустақил фаолият. Аммо, партия ва сайловчилар олида масъул. Шу нуқтаи назардан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини жонлантиришимиз, барча бўғиндаги ижро этувчи тузилмаларнинг ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид устувор вазифаларни ҳал этишга партиянинг, унинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг таъсирини ошириш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири эканлиги Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бугун мамлакатимизда жамиятни демократлаштиришга қаратилган туб ўзгаришларда сиёсий партияларнинг иштирокига алоҳида эътибор қаратилаётгани эътирофга лойиқ. Энг муҳими, бу борада давлатимиз томонидан партияларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилаётганини қайд этишимиз керак. Барчамизга яхши маълумки, бугунги кунда партиямиз ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланди, аъзоларимиз сони ўсди. Туман ва шаҳар кенгашларида олдинги сайловларга нисбатан вакиллик органларидаги депутатларимиз сони деярли икки баробарга кўпайди. Бу эса бугун олдимизга қўйган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш учун имкониятларимиз етарли эканлигидан далолат беради. Лекин ушбу имкониятлардан барча туман, шаҳар Кенгашлари оқилона фойдалана олаяптими? Ўтказилган мониторинг таҳлил натижаларига кўра, депутатлик гуруҳларимиз фаолиятида эришилган натижалар билан бир қаторда, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд эканлигининг гувоҳи бўлдик. Бунда халқ депутатлари кенгашлари сессияларига масала киритиш, депутатлик гуруҳи ташаббуси билан доимий комиссия йиғилишларида таклифлар киритиш, сессияларда мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий масалалар, сайловчиларнинг таклиф ва мурожаатлари асосида депутатлик сўровлари натижадорлигини таъминлашга етарли даражада аҳамият берилмаганлигини тан олиш керак. Депутатлар ўз сайлов округи манфаати билан бирга партия манфаатларини амалга оширишда фаоллик кўрсатишлари бугун долзарб масалага айланиб бормоқда. Ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказилган охирги сайловлардан буён бир ярим йилдан зиёд вақт ўтган бўлсада, айрим депутатлар ўз зиммаларидаги масъулият ва вазифаларни тўлақонли бажармаётганликлари ўта ачинарли ҳолдир. Шуни таъкидлаш жоизки, ўтган йил давомида Булунғур тумани Кенгашида 2 нафар, Тайлоқ ва Пахтачи туман кенгашларида 1 нафардан мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилган бўлса, қолган биронта ҳудудларда мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилмаганлиги, фақатгина халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясига 1 та масала киритилган. Депутатлар фаолиятини жонлантириш, улар ишини тўғри ташкил этиш мақсадида барча туман ва шаҳарлардаги депутатлик гуруҳлари билан алоҳида учрашувлар ўтказишга қарор қилинди. Ушбу учрашувларда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга оид муаммолар, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, партиямизнинг дастурий вазифаларини бажариш борасида депутатлар томонидан олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги таъкидлаб ўтилди ва мазкур масалаларни ҳал қилишда депутатлар ролини кучайтириш юзасидан кескин ўзгаришлар қилиш, депутатлар зиммасидаги вазифаларнинг кўлами ва аҳамиятини ошириш, аҳволни яхшилаш учун аниқ чораларни белгилаш, бунда ҳар бир депутатнинг иштирокини таъминлаш муҳим аҳамият касб этиши, ҳар бир депутат аввало партиянинг туман ва шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда, ҳамфикрлиликда иш олиб бориши лозимлиги, ўз навбатида туман ва шаҳар Кенгаши депутатлар фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш учун жонбозлик кўрсатиши, улар томонидан амалга оширилаётган ишларни мунтазам назорат қилиб бориши, давлат ҳокимияти ва сайлов округлари аҳолиси ўртасидаги мулоқотни тўғри йўлга қўйиши лозимлиги тўғрисида вилоят Кенгаши раиси М.Бабабекова тўхталиб ўтди.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Сенат аъзоси Раббимова Нигора Исаевна:

2017 йил 28-29 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида 21 та масала, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимини изчил ислоҳ қилишга, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришга қаратилган 9 та қонун кўриб чиқилди. Уларни руёбга чиқаришда аҳолининг турмуш даражасини янада оширишда, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни кучайтиришда партия депутатлари ва фаолларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшиши ва олдимизга қўйилаган вазифаларини бажарилишига астойидил ҳаркат қилиш лозим.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси М.Бобоёров:

Бугунги кунда ҳар бир мансабдор шахс халқ дарди билан яшаши кераклиги, халқнинг муаммолари ҳал қилиш энг асосий вазифамиз эканлигини келиб чиқиб, жойларда сайловчилар билан юзма-юз учрашувларда кўтарилган масалалар ва таклифларни ижросини таъминлаш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш даркор, депутат бу мустақил фаолият бўлсада у партия ва сайловчилар олдида масъуллигини унутмаслиги лозим, партия нуфузини ошириш йўлида ҳаракат қилиши керак.

Самарқанд вилоят Кўз касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят кенгаши депутати Н.Очилов:

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида депутатлар томонидан жойлардаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар чоғида аниқланган имконияти чекланган, кам таъминланган кўз касаллиги билан оғриган беморларни вилоят шифохонасида даволаш ва жарроҳлик амалиётини бепул амалга ошириш ишларини йўлга қўйишни режалаштиряпмиз.

Тадбир якунида халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат Дастури ижросини таъминлашда туман, шаҳар кенгашлари томонидан партия фаоллари ва маҳаллий депутатларидан иборат ишчи гуруҳ хонадонма-хонадон аҳоли муоммоларини ўрганишни тизимли йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни депутатлик корпуслари орқали ижобий ҳал этиш, аниқланган қонунбузилишлар, ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш, натижаси ҳақида сайловчиларни хабардор қилиш, партия фаоллари ҳамда депутатлик корпусларининг биргаликда халқ ишончини оқлашга қаратилган масъулиятини янада ошириш, жойлардаги муаммолар ечими юзасидан аниқ амалий ишларни бажариш, айниқса, ҳар бир муаммони жойига бориб ҳал этиш, одамларнинг дардини эшитиш лозимлиги борасида аниқ вазифалар белгиланди.

Шундан сўнг, 2016 йил давомида самарали фаолият олиб борган туман, шаҳар кенгашлари раисларига партия вилоят Кенгашининг фахрий ёрлиқлари, партия дастурий мақсад ва ғояларини кенг тарғиб этишда жонбозлик кўрсатган партия фаоллари ва депутатларига вилоят Кенгаши ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилган бўлса, Самарқанд вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси қошида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти аъзоларига партия билетлари Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов томонидан тақдим этилди.

Хулоса қилиб айтганда, муҳтарам Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг «Депутат кеча-ю кундуз ишлаши, халқнинг дарди билан яшаши керак» деган пурмаъно даъватларига амал қилган ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, қонунлар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоат назоратини ташкиллаштиришимиз, партиянинг ва халқнинг ишончини оқлашимиз, халққа берган ваъдаларимизнинг устидан чиқишимиз, ҳар бир қабул қилинадиган қарорда, ҳар бир ишда адолат бўлиши учун курашишимиз даркор.

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Депутат — бу мустақил фаолият, аммо у партия ва сайловчилар олдида масъуллигини унутмаслиги керак was last modified: Апрель 3rd, 2017 by Ilhom

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »