Депутат минбари: ёшлар тарбиясига барчамиз масъулмиз

4 Апрель, 14:33 • Депутат минбари, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 74 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутат минбари: ёшлар тарбиясига барчамиз масъулмиз нет

Жадид адабиётининг намоёндаларидан бири бўлган Абдулла Авлоний «Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё ҳалокат, ё саодат масаласидир» деган пурмаъно сўзлари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бугунги замонамиз, юртимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар, улар ўқиб таълим олиши, касб-ҳунар ўрганишига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан асло кўз юмиб бўлмайди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг қонун даражасига кўтарилганлиги, давлат бюджетининг 60 фоизи ижтимоий соҳага, жумладан таълимга йўналтирилганлиги, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган ҳолда жиҳозланганлиги бу ердаги ҳар бир ўқувчини ғурур туйғусига ошно этиши лозим, албатта.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида барча соҳа ходимлари қатори биз депутатлар зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юклади. Шулар сирасига умумтаълим мактаблари ва коллежларда ўқиш-ўқитиш жараёнларини кузатиш, айниқса ўқувчилар давоматини яхшилашда самарали чораларни қўллаш масалалари киради. Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида мен ҳам ўз депутатлик ваколатим доирасида туманимиздаги бир қатор мактаб ва коллежларда бўлиб, ўқувчиларнинг дарс машғулотларига қатнашиш ва дарсдан кейинги бўш вақтларини қандай ўтказаётганликлари, уларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини мониторинг тарзида ўрганиб чиқдим. Камчиликларнинг асл сабаби аниқланиб, айримларини шу ернинг ўзида ҳал қилишга, баъзилари вилоятдаги юқори ташкилотларга депутатлик сўрови билан мурожаат этиб, ўз ечимини топишга эришилди. Жойларда бўлганимизда кўпчилик ота-оналар, айниқса чекка қишлоқ ва маҳаллаларда яшовчилар туман маркази билан боғловчи автобуслар қатновини кўпайтириш, ўқувчилар учун чегирмалар қилиш, улар дарсларга кеч қолмаслиги учун автобуслар оралиғини қисқартириш лозимлиги ҳақида фикрларини билдиришди. Булар бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилинди. Айни кунда «Боғот – Атов» «Атов – Боғот» ҳамда «Боғот – Ўғузравот» йўналишидаги автобуслар жадвали ўқувчиларга мос қилиб тузилди.

Мониторинг ишлари давомида мунтазам дарс қолдираётган ўқувчилар аниқланиб, уларнинг сабабларини ўрганиш мақсадида хонадонларига ташриф буюрдик. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашдик. Ижтимоий таъминотга муҳтож оила фарзандларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Боғот енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Юлдуз Йўлдошевага фуқаролик паспортини олишда амалий ёрдам берилди. Шунингдек, тарбияси оғир ва сурункали равишда дарс қолдирадиган ўқувчилар доимий диққат марказимиздадир. 3-сонли умумтаълим мактабидан уч нафар, Боғот енгил саноат коллежидан беш нафар, Боғот иқтисодиёт коллежидан тўрт нафар, Боғот маиший хизмат ва ахборот технологиялари коллежидан олти нафар ўқувчининг дарс машғулотларига қатнаши таъминланди.

Таълим муассасаларига борган пайтимизда ахборот ресурс марказлари ва кутубхоналар фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик. Айрим кутубхоналарда китоб фондининг камлиги, айниқса бадиий адабиётлар, уларнинг лотин алифбосидаги янги нашрлари етишмаслиги аниқланди. Кутубхоналар ўзбек адабиётининг йирик намоёндалари асарлари билан кўпроқ таъминланса айни муддао бўларди.

Ёшлар тарбияси, уларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишлари учун барчамиз масъулмиз. Шундай экан, таълим соҳаси ходимларига ўқувчилар давоматида яқиндан ёрдам беришни ҳар бир депутат ўз вазифалари қаторига қўшиб қўймоғи керак.

Бахтиёр МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП халқ депутатлари
Хоразм вилоят Кенгаши депутати.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »