Депутатнинг бир куни

29 Апрель, 16:59 • Депутат минбари, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 436 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутатнинг бир куни нет

Маълумки, сиёсий партиялар фаолияти негизида юртни тинчлик, элимизни фаровон турмуш билан таъминлаш мақсади ётади. Бу мақсад сари интилишда партия ўзининг асосий кучи — депутатларига таянади.

Ўз вазифаси масъулиятини чуқур англаган ҳолда партиямизга қанот бағишлаётган депутатларимиз сони бугун салмоқли. Улар орасида халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Раъно Сулаймонова ҳам шаҳар аҳли ҳурматини қозонишга улгурган десак, янглишмаймиз.

Ўзининг меҳнат тажрибаси, чуқур билим савиясига таяниб, депутатлик гуруҳи фаолиятини ривожлантиришга ҳаракат қилаётган Р.Сулаймонованинг асл касби – шифокор. Вилоят перинотал марказида акушер-гинеколог вазифасида ишловчи бу фидойи аёл ҳаракатдан тўхтамайди.

Депутатимиз хафтанинг ҳар чоршанба ва жума кунлари шаҳар худудида, шунингдек, сайловчилари яшовчи “Ёрмозор” маҳалласида учрашувлар ўтказади, уларнинг мурожаатлари билан қизиқади. Яқинда март ойи давомида партиянинг “Соғлом оила – соғлом жамият – порлоқ келажак” лойиҳаси доирасида “Соғлом авлод” халқаро ҳайрия жамғармаси билан биргаликда вилоятнинг чегара худудлари (Фарғона тумани, Қувасой шаҳри) аҳолиси учун тиббий кўриклар ўтказишда бош-қош бўлди.

Жорий йил бошиданоқ вилоят маънавият – тарғибот маркази билан ҳамкорликда “Репродкутив саломатликнинг жамият ривожида тутган ўрни” мавзусида худудий семинарлар ўтказишни йўлга қўйди ва ҳозирги кунга қадар Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарларида тарғиботчи сифатида иш олиб борди. 2017 йилнинг феврал ойида вилоят ҳокимлиги томонидан фаол депутатлардан тузилган мониторинг гуруҳи таркибида Қува, Тошлоқ туманлари, Қувасой, Марғилон шаҳарлари тиббиёт бирлашмаларига қарашли оилавий поликлиникалар ҳолатини (тиббий хизмат сифати) атрофлича ўрганди.

Дилором Бўрибекова — халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

Раъно Сулаймонова ҳар соҳада ўта фаоллиги билан бизнинг ҳам кучимизга куч қўшади. Тезкор ва қизиқувчанлиги боис, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида ташкил этилган аёллар маслаҳат марказида репродуктив саломатлик масалаларида хотин-қизларга коньсултант вазифасини ўташга ҳам вақт топади. Касб-ҳунар коллежларида эрта турмуш, қариндошлик никоҳлари оқибатлари хусусида ўқиган маърузалари ушбу билим даргоҳлари учун қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида ҳам фаоллиги билан гуруҳимизда ажралиб туради. “Фарғона ҳақиқати”, “Фарғона тонги”, “Фарғона шифокори” газеталарида соғлом турмуш тарзига бағишланган мақолалари мунтазам равишда чоп этилади.

Юқорида гуруҳ раҳбари томонидан таъкидланганидек, Р.Сулаймонова жуда ташаббускор. Ахолининг  турли мазмундаги таклифлари ва мурожаатларига депутатлик сўровлари орқали жавоб топишга интилади. Сўровларни имкон қадар фуқаролар фойдасига ҳал этишга уринади. Масалан, жорий йилнинг январь ойида “Ёрмозор” маҳалласи, “Хамзаобод” кўчаси, 285-уйда яшовчи бемор — Х.Абдуллаевага марказда даволаниши учун  шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан йўлланма ажратилиши, “Шодлик” маҳалласи фаоллари мурожаатига кўра, маҳаллада чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилиши, “Ёрмозор” маҳалласининг “Гулшан”, “Мусаффо”, “Қўрғонтаги”, “Чуқур”, “Имом Бухорий” номли ички кўчалари асфалтлаштирилиши, мазкур маҳаллада газ босимини меъёрлаштирилиши ва шу каби муҳим масалаларда давлат ташкилотлари ва мансабдор шахслар номига киритган 38 та депутатлик сўровлари бирма-бир ижобий натижа бермоқда.

Шунингдек, жорий йил бошида доимий комиссиялар ва ишчи гуруҳлар таркибида бир қатор ўрганиш ишлари олиб борди. Жумладан, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, оилавий поликлиникаларнинг тиббий-санитарик ҳолати, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги”ги Қонунлари ижроси юзасидан шаҳар худудида олиб борган ўрганишлари ушбу йўналишларда аниқланган бир талай камчиликларни бартараф этилишига хизмат қилди.

Раъно Сулаймонова, халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати:

2017 йилнинг биринчи чораги давомида шаҳар худудидаги маҳаллаларда 22 маротаба учрашув ташкилланди. Ушбу учрашувларда аҳолининг тиббий масалаларда билдирган мурожаатларидан келиб чиқиб, 16 минг 332 нафар уюшмаган аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрикларда уларнинг 3 минг 665 нафарида (3249 нафари 18 ёшгача) турли касалликлар аниқланди ва ҳар бирига соғломлаштириш ва кузатув режаси тузилиб, амбулатор, стационар ва санатор шароитда соғломлаштириш чоралари кўрилди. 18 ёшгача бўлган болаларнинг 2103 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштириш ишлари олиб бориляпти.

Хулоса қилиб айтганда, депутатимизнинг ҳар бир куни бесамар ўтмаётир. Сайловчиларнинг ўз вакилларидан миннатдорлиги унинг номига эзгулик унвонини бахш этмоқда.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Депутатнинг бир куни was last modified: Апрель 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »