Фаолиятимиз қатъий интизом ва шахсий жавобгарликка асосланиши керак

17 Апрель, 18:13 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 159 марта кўрилди • Комментариев к записи Фаолиятимиз қатъий интизом ва шахсий жавобгарликка асосланиши керак нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши кераклигини такрор ва тарор таъкидламоқдалар.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида»ги Қарори бу борадаги муносабатларни расман тартибга солишда муҳим омил бўлди. Ушбу ҳужжат ўзининг мазмуни ва аҳамияти жиҳатидан мамлакатимиздаги шиддатли ислоҳотларни амалга оширишда барча даражадаги раҳбарларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган.

Бундай ўта танқидий, кескин, жиддий ва туб моҳиятида мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштириш, фуқароларимиз манфаатларини рўёбга чиқаришга, халқни рози қилишга қаратилган қарор барча раҳбарлар каби депутатларимиз зиммасига ҳам юксак масъулият юклайди.

Бунинг учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2017 йилги режасида белгиланган устувор вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришни таъминлаш зарур. Биз Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг аъзолари ҳам мазкур селектор йиғилишидан сўнг ўз фаолиятимизга танқидий баҳо бериб, тегишли хулосалар чиқардик.

Хусусан, Қонунчилик палатаси фаолиятидаги учта энг муҳим яъни, қонун ижодкорлиги, назорат таҳлил ва сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишларидаги устувор мақсадлардан келиб чиқиб, фракциямиз фаолиятидаги айрим камчиликларни муҳокама қилдик ва вазифаларни белгиладик. Фракциямиз қуйидаги масалаларга жиддий эътибор қаратган ҳолда уларни ўз вақтида бартараф этиш лозим деб ҳисоблайди:

Биринчидан, қонун ижодкорлиги жараёнида. Режада бу йўналишда белгиланган айрим вазифалар бажарилаётган бўлса-да, муайян ишларимиз ниҳоятда сустлигини кузатиш мумкин. Масалан, фракциямизнинг 2017 йилги режасидан ўрин олган қонун лойиҳалари, хусусан, «Инновациялар ва инновацион фаолият тўғрисида», «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида», «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш борасидаги ишларимизни қониқарли, деб бўлмайди.

Шунингдек, партиямиз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалдаги қонун ҳужжатларининг жойлардаги ижросини танқидий баҳолаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, қонунларни шунга мослаш ишларига ҳам сўнгги вақтларда етарли эътибор қаратилмаяпти.

2015 йилда Спикеримиз ташаббуси билан 300 га яқин қонунларни инвентаризация қилиб, яхши натижаларга эришган эдик, афсуски кейинги икки йилда мазкур масала ҳам эътибордан четда қолмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларни ўрганиш давомида фуқаролар томонидан кўтарилаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, мазкур муаммоларнинг келиб чиқишига асос бўлаётган сабабларни бартараф этиш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга оид депутатларимизнинг ташаббускорлиги ҳам лозим даражада эмас.

Иккинчидан, паламент назоратини амалга оширишда. Фракциямиз аъзолари томонидан амалга оширилган назорат-таҳлил фаолияти натижалари қонунларда ўз аксини топмаётганлигини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Хусусан, фракциямиз аъзолари томонидан ўтган йил давомида 27 назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилиб қонунларни жойларда ижро этилиши ҳолати, қонунларнинг таъсирчанлиги, улардан кўзланган мақсадларга эришилаётганлиги, шунингдек қонунларни бугунги кун талабларига жавоб бериши масаласи ўрганилиб келинган. Бироқ, ушбу назорат-таҳлил фаолияти натижасида деярли биронта қонунни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланилмаган.

Фикримизча, парламент назорати доирасида, илм-фан ва таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишдаги камчиликлар, тиббиёт соҳасидаги муаммолар, «Электрон ҳукумат» тизими самарали ишлашига тўсқинлик қилаётган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф қилиш бўйича тегишли таклифлар киритишга ҳам эътиборни янада кучайтиришимиз лозим.

Ёки, депутатлик сўрови институтидан фойдаланишда. Ўтган икки ойда туманлардаги ўрганишлар натижасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 200 га яқин депутат сўрови юборилди. Лекин, уларнинг атига 30 фоизга яқинига жавоб берилди. Жавобларнинг аксариятида ҳам номигагина муносабат билдирилган. Депутат сўровига жавоб бермаган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги юзасидан бирорта чора кўрилмаяпти.

Учинчидан, сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида. Президентимиз ташаббуси билан жойларга чиқиш амалиётининг жорий этилгани жуда самарали бўлмоқда. Лекин ҳозирча борилмаган туманлардаги сайловчилар ўз депутатларидан узилиб қолиши кузатилмоқда. Бу масалани ҳам бартараф этиш чораларини кўриш лозим.

Атрофимизда аҳолини, сайловчиларимизни ташвишга солаётган реал муаммолар бўлса-да, улар қолиб айрим кичик масалалар атрофида ўралашиб қолмоқдамиз. Масалан, узоқ қишлоқлардаги аҳоли манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинмаяпти, уларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда парламентимиз роли унчалик сезилмаяпти.

Хориж амалиётини кузатсак, парламент жамият ҳаётидаги ҳар бир ўзгаришга, инсонлар дарду-ташвиши билан боғлиқ ҳар бир вазиятга ўз позициясини билдиради. Бизда эса, «раҳбарият нима дер экан» деган хадик ҳали ҳамон сақланиб қолмоқда.

Бундан ташқари, келиб тушган фуқаролар марожаатларини кўриб чиқиш, фаолиятимизни оммавий ахборот воситаларида ёритиш борасидаги ишларимиз ҳам кўнгилдагидек эмас.

Умуман, парламент фаолиятини тубдан, танқидий қайта кўриб чиқиб, ижро интизомини янада кучайтириш ҳар бир депутатимиз олдидаги долзарб вазифадир.

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »