Халқ билан мулоқот фаолиятимиз асосига айланиши лозим

15 Апрель, 13:52 • 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, Муҳим хабарлар, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 100 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқ билан мулоқот фаолиятимиз асосига айланиши лозим нет

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг VII Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, экспертлар, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Партия Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров олиб борган йиғилишда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг 2016 йилда амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан муҳокама этилиб, 2017 йилдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Хусусан, Пленумда 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, мамлакатимизни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришда янги босқични бошлаб берди.

Айниқса, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида партия электорати манфаатлари ва дастурий вазифаларига дахлдор ўндан ортиқ таклифлар ўз аксини топганлиги ўтган қисқа вақт ичида унинг ижросини таъминлаш борасида бир қатор ижобий натижаларга эришишга замин яратди.

Жумладан, Давлат дастурига мувофиқ парламент вакилларининг ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, ҳудуд аҳолиси билан юзма-юз мулоқот қилиши, мавжуд ижтимоий ҳолатни ва давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиши ҳамда тегишли хулосалар беришига оид йўлга қўйилган тажриба халқ вакиллари фаолиятидаги янги босқични бошлаб берди. Ушбу жараёнда Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари билан бир қаторда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Шунингдек, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан жорий йил бошидан электорат ва аҳоли кенг қатлами билан ишлашнинг янги тизими йўлга қўйилди. Яъни партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларда тузилган партия фаоллари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари жойларда жисмоний ва юридик шахслар билан бевосита мулоқотлар ташкил этишмоқда. Бунда ҳар ҳафтада ҳудуддаги биттадан маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган хонадонлар, хўжалик юритувчи субъектлар ва ижтимоий объектларнинг ҳолати, улардаги мавжуд муаммолар, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражасини тизимли равишда ўрганиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишга эътибор қаратилмоқда.

Партиянинг барча туман ва шаҳар кенгашларида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан жорий йилнинг февраль-март ойлари давомида жами 1122 та маҳалла фуқаролар йиғини, 29856 та хонадон, 1159 та хўжалик юритувчи субъектлар ва ижтимоий объектлар ҳолати атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар мобайнида сайловчилар ва аҳоли томонидан ишчи гуруҳига 3218 та мурожаат келиб тушди. Уларда келтирилган масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга партия депутатлари томонидан 927 та депутатлик сўрови юборилди. Аҳоли томонидан кўтарилган масалалардан 369 таси амалий жиҳатдан ҳал этилди.

Партия раҳбари партия тизимидаги мазкур тажрибани изчил давом эттириш, ишчи гуруҳлари томонидан аниқланган камчилик ва муаммолар юзасидан маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуслари орқали депутатлик сўровлари чиқариш, доимий комиссиялар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокамасига масалалар киритиш, мансабдор шахсларнинг эшитувини ташкил этиш орқали амалий натижаларга эришиш партия депутатлик корпуси олдидаги муҳим вазифа эканлигини алоҳида қайд этди.

Шу билан бирга, партия тизимида фуқаролар, сайловчилар ва электорат билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали механизми сифатида ҳудудий партия кенгашларида ташкил этилган “Адолат” қабулхоналари ҳамда партиянинг Виртуал қабулхонаси ишида депутатлик корпусининг фаол қатнашишини таъминлаш масаласи ҳам Пленум иштирокчилари диққат-эътиборида бўлди.

Қайд этилганидек, партия тизимидаги “Адолат” қабулхоналарига ўтган икки ой ичида фуқаролардан жами 529 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 188 таси партия депутатлик корпуси ва фаоллари иштирокида маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда тегишли ташкилотларга сўровлар чиқариш орқали ижобий ҳал этилган бўлса, 85 та фуқарога зарур тушунтиришлар ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, Пленумда партиянинг жорий йилга мўлжалланган иш режасига мувофиқ тўртта йирик партиявий лойиҳалар, жумладан, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида умумий тиббий хизмат ҳолатини ўрганиш, “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ички йўлларга оид қонунчиликка риоя этиш ҳолатини ўрганиш, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида “ясси оёқлик” ва “сколиоз” касалликлари билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ҳамда “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш ҳолатини ўрганиш каби амалий ишларни ташкил этишнинг механизмлари белгилаб олинди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ҳамда ундан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлашда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг масъулиятини ошириш, партия ташкилотларининг ижро ҳокимияти органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2017 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурига мувофиқ қабул қилиниши белгиланган қонунларни жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказишда ҳамда уларга партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ҳамда электорат манфаатларини таъминлашга қаратилган таклифларни киритишда партия фаоллари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларининг фаол иштирокини таъминлашга доир аниқ вазифалар ўрин олган.

Жумладан, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Давлат ва хусусий шериклик тўғрисида»ги, «Давлат хизмати тўғрисида»ги ва бошқа қонун лойиҳаларига таклифлар ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгиланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоялардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг 2017 йилга мўлжалланган иш режасида “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек, жорий йилда партия Сайловолди дастурида ижтимоий соҳада белгиланган вазифаларидан келиб чиқиб, бир қатор мансабдор шахсларнинг ахборотларини эшитиш ҳам назарда тутилмоқда.

Жумладан, соғлиқни сақлаш вазирининг “Аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида”ги, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Мамлакатни тараққий эттириш ва модернизация қилиш шароитида юқори малакали кадрлар тайёрлаш истиқболлари тўғрисида”ги ахборотини эшитиш режалаштирилган.

Пленум якунида 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 2017 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари олдида турган вазифалар белгилаб олинди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Умид Сулаймонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Фракциямиз томонидан 2016 йилда ўтказилган йиғилишларда жами 62 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди ва муҳокамалар жараёнида партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб, 250 дан ортиқ таклифлар билдирилди. Шу билан бирга, қонун ижодкорлиги фаолиятида фракциядошларимиз 26 та қонун лойиҳаси бўйича масъул бўлган ҳолда бошқа депутатлар билан биргаликда 6 қонун лойиҳаси бўйича ташаббус билан чиқишди.

Шу ўринда фаолиятимизга танқидий баҳо берадиган бўлсак, ўтган йилда фракциямизнинг қонун ташаббускорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятида бир қатор камчиликларга йўл қўйилганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Жумладан, бу борада партия электорати манфаатларига қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича етарли даражада ташаббус кўрсата олмадик.

Қолаверса, қонун ташаббускорлиги йўналишида тайёрланган қонун лойиҳаларини охирига етказиш ва Қонунчилик палатасига киритишга етарли эътибор қаратилмаган ҳолда, парламент сўрови ва депутат сўрови институтидан унумли фойдалана олмадик.

Шу вақтга қадар ҳудудларни ўрганиш давомида фуқаролар томонидан кўтарилаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларнинг келиб чиқишига асос бўлаётган сабабларни бартараф этиш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга оид ташаббускорлик ҳам етарли даражада бўлмади.

Эндиликда Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган янги амалиёт бўйича парламент вакиллари томонидан ҳар ойда туманлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, амалдаги қонунлар ижроси ва ижро органлари фаолиятини ўрганишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатларимиз билан узвий алоқадорликни таъминлашимиз зарур. Чунки ушбу амалиёт давомида жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларнинг аксарияти маҳаллий даражада ҳал этиладиган масалалар эканлиги маълум бўлмоқда.

Бундан ташқари, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳам барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик корпусимиздан янада фаол ва ташаббускор бўлишни тақозо этмоқда. Айниқса, Дастурга мувофиқ қабул қилиниши назарда тутилган қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши ҳамда ўз вақтида қабул қилинишида фаол иштирок этмоғимиз зарур.

Бир сўз билан айтганда, биз замон талаби ҳамда олдимизга қўйилаётган вазифаларни чуқур англаган ҳолда иш фаолиятимизни тубдан кучайтиришимиз лозим. Жумладан, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш, электоратимиз манфаатларини изчил ҳимоя қилишимиз долзарб аҳамиятга эга. Бунда «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг амалдаги ижросини таъминлаш, парламент сўрови, парламент эшитувларини ташкил этиш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига электоратимизни ўйлантираётган муаммолар юзасидан пухта тайёрланган масалаларни олиб чиқишда ташаббускорликни янада кучайтиришимиз керак.

Камола Ҳамидова, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Бугунги кун барчамизнинг олдимизга нафақат амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, балки воқеликка янгича қараш, ҳаётий таклиф ва ташаббуслар билан чиқиш талабини қўймоқда. Айниқса, биз халқ вакиллари бугун одамларни нима ўйлантираётгани, жойларда қайси масалалар ечимини кутаётганини англаб етишимиз керак.

Шундан келиб чиқиб, Пленумда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимизнинг жойларда ечимини кутаётган долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги фаоллигини янада ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган йилда халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ташаббуси билан 18 маротаба мансабдор шахслар ҳисоботи тингланди, доимий комиссиялар йиғилишларига 14 та, маҳаллий Кенгаш сессияларига 7 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Депутатларга фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида маҳаллий ҳокимиятлар тизимидаги тегишли ташкилотлар раҳбарларига 63 депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг деярли барчаси ижобий ҳал қилинишига эришилди.

Албатта, бу натижалар биз учун қониқарли эмас. Зеро, Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишидаги маърузасида ҳар биримиз ўзимиз масъул бўлган соҳа ва тармоқда ишларнинг аҳволини танқидий баҳолаш асосида зиммамизга юклатилган вазифаларни масъулият билан бажаришни таъминлашимиз зарурлигини қайд этиб ўтди. Шу боис “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш биз, депутатларнинг энг устувор вазифамиздир.

Рустам ҲАЙИТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши раиси:

– Мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотларнинг янги босқичида олдимизда турган вазифалар кўлами шунчалик кенгки, бу яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ишларни аниқ белгилаб олишда, аввало, Сайловолди дастуримиз ижросини таъминлаш ва электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятимизни мунтазам равишда танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан баҳолаб боришни тақозо этмоқда. Зеро, бугунги давр Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги учун бел боғлаган партия фаоллари ҳамда депутатларидан ҳам қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарликни талаб этади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг иштироки билан боғлиқ режалар аниқ белгилаб олинди.

Жумладан, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида вилоят, туман, шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш вазифаси қўйилган. Биз, албатта, ушбу ҳудудий дастурлар ижросида партиямиз депутатлик гуруҳларининг фаол иштирокини таъминлашимиз керак.

Эндиликда олдимизда турган энг муҳим вазифа, бу аҳоли орасига чурурроқ кириб бориш, одамларнинг дардини тинглаш, жойлардаги ижтимоий масалаларга ижобий ечим топишда фаол иштирок этишдан иборат. Бунда, айниқса, партиямиз тизимида йўлга қўйилган ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда ўтказилаётган учрашувларда фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишга амалий кўмак бериб, жиддий ва аниқ таклифлар тайёрлаб боришимиз зарур.

Бу борада вилоят партия кенгаши ҳамда ҳар бир туман ва шаҳар партия кенгашлари қошида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан ўтган икки ой ичида 80 дан ортиқ маҳаллаларда, 800 дан зиёд хонадон эгалари билан юзма-юз учрашдик, 142 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ва ижтимоий объектлар ҳолатини атрофлича ўргандик. Ушбу жараёнда аҳоли томонидан 500 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Ушбу масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотларга 148 та депутатлик сўровлари юборилиб, уларнинг ижобий ҳал этилишига эришилди. Бунда жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигимиз амалий аҳамиятга эга бўлмоқда.

Албатта, халқ билан мулоқотни йўлга қўйишда рақамлар кетидан қувиш, ҳисобот учун ишлаш эмас, балки чин юракдан одамларнинг дардига қулоқ тутиб, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топишимиз, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фаол иштирок этмоғимиз лозим.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »