Ишчи гуруҳ: умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати ўрганилди

19 Апрель, 15:08 • Бухоро вилояти, Ишчи гуруҳ, Янгиликлар • 88 марта кўрилди • Комментариев к записи Ишчи гуруҳ: умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати ўрганилди нет

Мамлакатимизда бугунги кунда ҳар бир соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, уларнинг айни бугунги кундаги ҳолати, ижтимоий фаолияти алоҳида ўрганилмоқда. Таъкидлаб ўтадиган бўлсак, ёшларнинг саломатлиги, чуқур билимга эга бўлиши учун мактабларда, мактабгача таълим муассасаларида қатор шароитлар яратилган. Шунингдек, уларнинг саломатлигини таъминлаш борасида эзгу амаллар давом эттирилмоқда. Таъкидлаш ўринлики, партиямизнинг фаоллари ҳам бу сингари хайрли ишларни бажаришда ортда тургани йўқ.

Партиямизнинг сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида партиянинг жойлардаги депутатлик гуруҳлари, фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари юзасидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар олиб борилмоқда. Жумладан, партиянинг Жондор туман Кенгаши ишчи гуруҳ аъзолари туман соғлиқни сақлаш,  халқ таълими бошқармалари, санитария эпидемиология назорат маркази билан ҳамкорликда бугунги кунга қадар тумандаги халқ таълимига қарашли 5 та умумтаълим мактаблари ва “Нилуфар”, “Гулистон”, “Дилором” ҳамда н “Гулола” мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати ўрганилди.

Асосий мақсад – ҳар бир таълим даргоҳида ёшлар учун яратилган имкониятлар билан танишиш билан бирга, улардаги санитария-гигиена талабларига мослиги, мажбурий дори-дармон билан таъминланганлик даражасини ўрганишдир. Ўрганишлар натижасида аниқландики, ижобий натижалар билан бирга баъзи мавжуд камчиликлар ҳам йўқ эмас.

Масалан, ишчи гуруҳ тумандаги 6-сонли умутаълим мактабида бўлишганида мактаб ҳудудининг ободонлаштирилганини, мевали ва манзарали дарахтларни экиб, атроф-муҳит тозалигига эътибор қаратишганлигининг гувоҳи бўлишди. Аммо мактаб атрофи панжарали девор билан ўралмаган, ички юриш йўллари тўлиқ бетонлаштирилмаганлиги аниқланди.

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, мактаб биноси 2016 йил июл ва август ойларида жорий таъмирланган, намлик юқори бўлганлиги сабабли девор шувоқлари ички ва ташқи томондан кўчиб тушган. Ҳар бир синф хонасида кунлик санитария-тозалаш ишлари олиб борилса-да, зарарсизлантириш ишлари олиб борилмайди. Тозалаш жиҳозлари тамғаланмаган, улар учун алоҳида хона ташкил этилмаган. Тиббиёт хонаси таъмирланмаган. Биринчи ёрдам – дори-дармонлар билан етарлича таъминланмаган. Тиббиёт ҳужжатлари ва дори-дармонларни сақлаш учун 2 та махсус шкаф ташкил қилинган бўлса-да, муолажа столи яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шиша қопқоқли тиббий стол, совутгич, кўз-қулоқ лампаси, кўз ўткирлигини ўлчовчи жадвал, горелка, термосумка, буйраксимон лоток, шина ва тарози мавжуд эмас, шу билан бирга қизлар гигиенаси хоналари ташкил қилинмаган. Бу эса албатта ўқучиларда баъзи муаммоларни келтириб чиқариши табиий ҳолдир.

Ёки 8-сонли “Нилуфар” мактабгача таълим муассаси ўрганилганда баъзи камчиликларга рўбаро бўлишди. Ушбу МТМ 2015-216 йилда таъмирланган бўлиб, лойиҳа асосида 140 ўринга мўлжалланган 2 қаватли бинодан иборат. Ҳозирги кунда 6 та гуруҳ фаолият кўрсатиб келмоқда. Ҳар бир гуруҳда алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, етарлича ёритгич лампалар ўрнатилган. Стол-стуллар билан таъминланган. Кунлик санитария тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилади. Ювиниш хоналарида 2 тадан қўл ювиш раковиналар, душлар ўрнатилган. Иссиқ ва совуқ сув тармоғи киритилган. Алоҳида сочиқ илгичлар илиб қўйилган. Шунингдек, ётоқхоналарда хона ҳароратини ўлчовчи термометр ташкил этилган бўлиб, қишда маҳаллий печ табиий газ ёрдамида иситилади. Мактабгача таълим муассасаси (МТМ)да тиббиёт хонаси ташкил қилинган бўлиб, деярли барча тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Ишчи гуруҳ олиб борилган фаолияти жараёнида МТМнинг ошхонаси, кирхонасига ҳам ўз эътиборини қаратишди. Мактабгача таълим муассасасининг тўлиқ санитария-эпидемиология назоратига жавоб беришига гувоҳ бўлишди.

15-сонли “Гулола” МТМ ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда қатор муаммоларга дуч келишди. Масалан, газнинг йўқлиги сабаб ўчоқда овқат қилинади, натижада тушликда бир маротаба берилади. Ўчоқ қозон эса ошхонада эмас, аксинча “қозонхонада” ўрнатилган. Бу жой эса умуман санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Маҳсулотлар текширилганда сифатсиз маҳсулотларнинг борлигига гувоҳ бўлишди. Ювиниш хоналарининг талабга жавоб бермаслиги шубҳасиз болажонлар соғлигига жуда катта зарар келтириши мумкин.

Шу ўринда бир савол туғилади — болалар соғлиги биз учун муҳим эмасми? Фарзандларимиз соғлиги – жамият ривожининг асосий таянчидир. Шундай экан, замон талабига жавоб берадиган таълим даргоҳлари бунёд этилаётган экан, шубҳасиз, ундаги ҳар бир жиҳоз, асбоб-ускунанинг бор ёки йўқлигига эътибор қаратишимиз зарур. Шу билан бирга тозаликка риоя этиш ҳам асосий вазифамиздир. Жондор туман ишчи гуруҳ аъзолари томонидан олиб борилаётган ҳар бир амалий иш ўзининг ечимин топмоқда, шу билан бир қаторда муаммолар олди олинмоқда. Бу фаоллик эса нафақат туман ёшларининг, балки бутун дунё болаларининг соғлиги гаровидир.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »